Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.02.2017 14:58 Чоп этиш версияси

Тошкент давлат аграр университети профессори мамлакатимизда зайтун, зиғир, кунжут, сафлор (махсар) етиштириш ва хорижга ёғ экспорт қилиш имкониятлари ҳақида гапирди

Аграр тармоқдаги долзарб масалалар фермерлар ва олимлар ҳамкорлигини янада мустаҳкамлашни тақозо этмоқда

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 30 декабрь куни мамлакатимизнинг етакчи олимлари билан учрашувида илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини янада мустаҳкамлаш борасидаги долзарб масалалар, уларни ҳал қилиш йўллари ҳақида очиқ фикрлашиб олинди.

Бу мамлакатимизда илмий-инновацион потенциалнинг янги ривожланиш динамикасига асос солинаётгани билан тарихий аҳамиятга эга. Қолаверса, жаҳон иқтисодий инқирози давом этаётган, табиий ресурслар учун кураш кескинлашаётган ҳозирги мураккаб глобаллашув даврида Ўзбекистон илм-фан ва инновацияларни тараққиётга эришишнинг муҳим омили сифатида танлаб олганини кўрсатди.

Мамлакатимиз олимлари мазкур учрашувда билдирилган фикр-мулоҳазаларни чуқур ўрганиб, ўзларининг амалий таклифларини билдирмоқда. Ўзбек ўрмончилик мактабининг таниқли вакилларидан бири, Тошкент давлат аграр университети профессори Абдухалил Қайимов бу борада ЎзА мухбирига қуйидагиларни сўзлаб берди.

– Халқимиз қадим-қадимдан водийларда, катта сув манбалари – дарё ва анҳорлар атрофида яшаб келган, яъни ўтроқ, жамоа бўлиб ҳаёт кечириш турмуш ва тафаккур тарзимизга чуқур ўрнашган, – дейди А.Қайимов. – Бу, ўз навбатида, деҳқончилик маданияти ривожида, илм-фан ютуқларини амалиётга татбиқ этишда муҳим асос бўлмоқда. Истиқлол йилларида мамлакатимизда фан ва ишлаб чиқариш интеграцияси мустаҳкамланаётгани барча соҳа каби қишлоқ хўжалиги тараққиётида ҳам муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.

Эсимда, Шавкат Мирзиёев 2010 йили Тошкент давлат аграр университетида бир гуруҳ олимлар билан учрашувда боғдорчилик ва узумчиликни ривожлантириш масаласини давлат сиёсати даражасида кун тартибига қўйди, интенсив боғлар яратиш борасида олимларнинг фикр-мулоҳазаларини тинглади.

Кўп ўтмай мамлакатимиз бўйлаб қақраган, деярли унумсиз ерларни ўзлаштириш, пакана ва яримпакана дарахтлардан иборат инновацион технологияли интенсив боғлар барпо этишга киришилди. Чунки интенсив боғ иккинчи йилиёқ гектарига 2-5 тоннадан ҳосил беради. Ундан учинчи йили 10 тоннагача, тўртинчи йилдан 50 тоннадан зиёд мева етиштириш мумкин. Бу маҳаллий боққа нисбатан 2-3 баробар кўп ҳосил дегани. Буларнинг натижасида биргина 2016 йилда мамлакатимизда 3 миллион тонна (2015 йилга нисбатан 10,8 фоиз кўп) мева, 1,7 миллион тонна (9,9 фоиз кўп) узум етиштирилди.

БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) ҳамда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, бугун жаҳонда деярли ҳар саккиз кишидан бири тўйиб овқатланиш имкониятига эга эмас, инсониятнинг 30 фоизидан зиёди энг асосий микроэлемент ва витаминларга бой озиқ-овқат маҳсулотлари етишмовчилигини бошидан кечирмоқда. Мамлакатимизда бугун 180 турдан ортиқ сархил мева-сабзавот ва уларни қайта ишлаш асосида тайёрланган маҳсулотлар дунёнинг 80 давлатига экспорт қилинмоқда. Бироқ серқуёш ва саховатли Ватанимиз заминида бундан ҳам катта, бой имкониятлар мавжуд. Дейлик, интенсив боғлар барпо этиш, асосан, Тошкент, Самарқанд, Наманган, Андижон, Жиззах, Қашқадарё вилоятлари ҳиссасига тўғри келмоқда. Бу тажрибани мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларида ҳам кенг оммалаштириш жаҳон мева-сабзавот бозорида янада мустаҳкам ўрин эгаллашимизни таъминлайди.

Шавкат Мирзиёев 2016 йили ўзининг сайловолди дастурида қишлоқ хўжалиги соҳасини янада ислоҳ қилишни устувор вазифалардан бири сифатида белгилади. Бунда 2017-2021 йилларга мўлжалланган Кўп тармоқли фермер хўжаликларини ривожлантириш дастурини қабул қилиш, унинг доирасида экин майдонларини оптималлаштириш ва пахта экишни босқичма-босқич қисқартириш ташаббусини илгари сурди. Бу ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, замонавий интенсив агротехнологияларни жорий этиш, маҳсулотни сақлаш ва чуқур қайта ишлаш инфратузилмаларини такомиллаштиришда ҳал қилувчи аҳамиятга эга.

Давлатимиз раҳбари шу йил 14 январь куни Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисида бу борада қатор ва муҳим вазифаларни белгилаб берди. Бунда экин майдонлари ва экинлар таркибини оптималлаштириш, илғор агротехнологияларни жорий этиш ва ҳосилдорликни ошириш, мева-сабзавот ва узум етиштиришни кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Президентимиз академиклар билан учрашувда жиддий, ҳаётий ва асосли илмий таклифлар мамлакатимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлигини юксалтиришда катта аҳамиятга эга эканини таъкидлади. Бундан мен ҳам хулоса қилиб, мамлакатимизнинг иқтисодий тараққиёти ва экологик барқарорлигини таъминлашга тааллуқли айрим таклиф ва мулоҳазаларимни билдиришни лозим топдим.

Бугун давлатимиз хориждан кунгабоқар ёғини импорт қилади. Ҳолбуки, заминимизда зиғир, кунжут, сафлор (махсар) каби мойли ўсимликлар яхши ўсади, бироқ улар кўп ҳолларда лалми майдонларда экилмоқда. Айрим жойларда ғалладан бўшаган майдонларда тажриба-синов учун етиштирилмоқда. Мазкур мойли экинлар ҳосилдорлиги лалми жойларда гектарига ўртача 3-4 центнердан ошмайди. Улар суғориладиган ерларда тажриба учун экилганда, гектарига ўртача 20 центнер ҳосил олиш мумкинлиги аён бўлди. Энг асосийси, мазкур мойли экинлар унча кўп сув талаб қилмайди. Агар барча агротехнология ўз вақтида қўлланилса, ҳосил бундан ҳам ошади. Бу тажриба босқичма-босқич оммалаштирилса, ёғ-мой импорти кескин қисқаради. Бу борада мойли экинлар ҳосилини ўриб олишдан то қайта ишлашгача бўлган жараённи қамраб оладиган замонавий тизим ва саноат мажмуасини барпо этишга катта зарурат бор. Чунки бугун, дейлик, махсардан олинган ҳосилнинг маълум қисми қайта ишланмоқда, бироқ қолгани чорвага озуқа бўлаётир. Ахир, бу увол-ку!

Ёки мамлакатимизда зиғирдан асосан қўлбола жувозларда ёғ олинаётгани туфайли уни фильтрлаш ва қайта ишлаш имкони деярли йўқ, шу боис халқимиз зиғир ёғидан рўзғорда доимий фойдаланмайди. Бироқ хорижлик мутахассислар ҳам зиғир ва кунжут ҳосили юқори технологияларда қайта ишланса, олинган ёғ сифати зайтун ёғидан қолишмаслигини айтмоқда. Агар бу мойли ўсимликларни суғориладиган ерларда экиш ва уни қайта ишлаш саноати мамлакатимизда тўла қувват билан йўлга қўйилса, нафақат халқимизни ёғ маҳсулотлари билан таъминлаш, балки уни хорижга экспорт қилиш имкони ҳам пайдо бўлади.

Яна бир масала: мамлакатимизда чўлланиш ва тупроқнинг шўрланиш даражаси анча юқори. Бу қишлоқ хўжалиги экинларидан юқори ҳосил олишга жиддий тўсқинлик қилмоқда. Хусусан, айни пайтда мамлакатимиздаги мавжуд 4,3 миллион гектар суғориладиган майдоннинг қарийб 2 миллион гектари (46,7 фоизи) турли даражада шўрланган. Кейинги йилларда амалга оширилган мелиорация ишлари натижасида кучли ва ўртача шўрланган майдонлар 105 минг гектарга, ер ости сизот сувлари сатҳи 2 метргача бўлган майдонлар 117,6 минг гектарга камайтирилди. Бунда экологик мувозанатни сақлаб турувчи энг асосий воситалардан бири ҳудудларни ўрмонлаштиришдан иборат.

Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги маълумотларига кўра, 2016 йилда мамлакатимизда 44 минг гектар, шу жумладан, Орол денгизининг қуриган тубида 17 минг гектарда чўл ўсимликларидан янги ўрмонзорлар барпо этилди, 395 гектар майдонда ниҳолхона ва кўчатхоналар ташкил қилинди. Бироқ кўчат экиш тадбирлари барча жойда ҳам талаб даражасида олиб борилган, дейиш қийин. Илгари бунда кампаниябозликка йўл қўйилган ҳоллар ҳам бўлди. Айрим жойларда кўчатлар ўша ҳудуд тупроқ-иқлим шароитига мосми-мос эмасми, бирдай экилган. Оқибатда экилган кўчатларнинг барчаси бирдай униб-ўсиб кетгани йўқ. Энди бундай хатоликларга йўл қўйиб бўлмайди. Ўрмончилик тизимини замонавий билим ва малакага эга кадрлар, замонавий техникалар билан таъминлаш борасидаги ишларни тубдан қайта кўриб чиқиш мамлакатимизнинг иқтисодий қудратини ва экологик аҳволини янада барқарорлаштириш имконини беради. Чунки ўрмон фонди ерлари мамлакатимизнинг қарийб 20 фоиз майдонини ташкил қилади. Улардан самарали фойдаланиш Ватанимизнинг иқтисодий тараққиёти ва экологик барқарорлиги билан чамбарчас боғлиқ.

Кейинги пайтларда айрим фермер хўжаликлари ўз майдонлари атрофида «яшил ҳудуд» барпо этди. Бироқ бу ишлар чала қолди. Агар мамлакатимиздаги 4,3 миллион гектар суғориладиган майдонда дала иҳотазорлари барпо қилинса, бу билан 120 минг гектар дарахтзорлар пайдо бўлади. Натижада қишлоқ хўжалиги экинлари маҳсулдорлиги 15-20 фоизга ошади, намликни сақлаш ҳисобидан суғориш бир мартага камаяди ва йилига 2,4 миллиард кубометр сув тежалади, ҳудудларда экологик муҳит яхшиланиб, ландшафт тубдан ўзгаради.

Буларнинг барчаси фермерлар ва олимлар ҳамкорлигини янада изчил мустаҳкамлаш билан чамбарчас боғлиқ. Чунки Ўзбекистон олимлари ва фермерлари асосан давлат ва хориж грантлари доирасида ҳамкорлик қилмоқда. Ваҳоланки, бугун фермерларимиз – жамиятимизда етакчи куч, етарлича маблағ ва имкониятларга эга. Бироқ уларнинг барчаси ҳам олимлар билан ҳамкорлик қилиш ташаббуси билан чиқмаслиги таассуфлидир. Ҳолбуки, илмий-амалий тажрибадан, биринчи навбатда, фермер манфаат кўради. Балки бу борада қандайдир механизм ишлаб чиқилиб, фермерлар буюртмаси асосида илмий-тажрибавий ишларни кучайтириш керакдир.

Гапим қуруқ бўлмасин: 2007-2011 йилларда хориж гранти асосида мамлакатимизда ўсадиган олма, нок, анор, ўрик, узум, ёнғоқ, хандон писта ва бодомнинг маҳаллий навларини топиш, сақлаш ва кўпайтириш бўйича тадқиқотлар олиб бордик. Уларнинг 265 хил маҳаллий навлари топиб ўрганилди, 150 тури ишлаб чиқаришга тавсия қилинди. Мамлакатимизнинг деярли барча ҳудудидаги 38 фермер хўжалигида булар амалиётда синаб кўрилди, уларни кўпайтириш ва парваришлаш бўйича тавсияномалар ишлаб чиқилиб, тарқатилди, қарийб 600 фермернинг бу борадаги билим ва малакасини ошириш мақсадида жойларда семинарлар ўтказилди. Шунда қувалик бир фермер «шунча йил анор парваришлаб, унинг навлари бўлишини энди билдим, шу пайтгача дуч келган анорни экиб юраверган эканмиз», деди. Кўряпсизми, муаммонинг илдизи қаерда? Бугун фермерлар аграр йўналишдаги олий таълим муассасасини битирган бўлиши мумкин, амалиётда зўр мутахассисдир балки, бироқ у ҳар куни шиддат билан ўзгараётган илмий янгиликлардан ҳам хабардор бўлса, шу соҳанинг олимлари билан яқин ҳамкорлик қилса, ҳосилининг сифати ва салмоғи ҳам ошиб бораверади.

Шаҳарларимизни ҳамиша «яшил ҳудуд»лар ўраб туришини орзу қиламан. Чунки шаҳар аҳолиси, кўпинча, диққинафасликдан сиқилади, имкон бўлди, дегунча тоғ-даштга отланади. Ваҳоланки, шаҳарларимиз атрофидаги катта майдонларда «яшил ҳудуд»лар барпо қилиш қийин иш эмас. Бунда манзарали, санитар-гигиеник, эстетик хусусиятларга эга нина-япроқ баргли дарахт ва бута турларидан ҳар ҳудуднинг тупроқ-иқлим шароитларига мосларини экиш мумкин. Бу билан шаҳарларда экологик мувозанат таъминланади, иқлим мўътадиллашади, одамларнинг умри узаяди, иш потенциали ошади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев илм-фан намояндалари билан учрашувида «Агар ишлаб чиқариш ва илм-фан ҳамоҳанг бўлса, биз эллик йил кейинги ҳаётимизни тасаввур қилиб, бугун унга замин ҳозирласак, жуда катта натижага эришамиз», деб қатъий ишонч билан таъкидлади. Аслида ҳам амалиётсиз илм қуруқ назария бўлиб қолганидек, илмсиз амалиёт ҳам мақсадсиз ҳаракатдан бошқа нарса эмас. Бугун мамлакатимизда илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграцияси изчил мустаҳкамланаётгани эртага жаҳон иқтисодиётида қандай вазият юз бермасин, эл-юртимиз ўз йўлидан оғишмай, юксак тараққиёт ва фаровонлик сари собитқадам илдамлашида бақувват асос бўлиб хизмат қилади.

Умид Ёқубов, ЎзА
3 373






Все о погоде - Pogoda.uz