ЎзА Ўзбек

03.04.2018 15:35 Чоп этиш версияси

Наврўзнинг жўшқин садолари

Наврўзнинг жўшқин садолари Ўзбекистон давлат консерваториясида "Наврўз садолари" IV халқаро кўп овозли миллий чолғулар ансамбль ва оркестрлари мусиқа фестивали бошланди.

"Соғлом авлод учун" халқаро хайрия фонди, Маданият вазирлиги, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси, "Сўғдиёна" оркестри, "Тасвирий ойина" ижодий уюшмаси ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган фестиваль Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йилига бағишланди. Унда ўзбекистонлик ёш мусиқачилар билан бирга, Россия, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон, Мўғулистондан келган ижодкор ёшлар ҳам иштирок этмоқда. 

3.JPG 

Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Б.Сайфуллаев, "Соғлом авлод учун" халқаро хайрия фонди бошқаруви раиси С.Иномова ва бошқалар мамлакатимизда мусиқа таълимини ривожлантириш, болаларнинг санъатга меҳрини кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

"Наврўз садолари" фестивалидан кўзланган мақсад юртимизнинг мусиқа таълимига оид салоҳиятини халқаро миқёсда намойиш этиш, ёш ижодкорлар фаоллигини ошириш, кўп овозли ансамбль ва оркестрлар репертуарининг ранг-баранглигини, концерт дастурларининг янада қизиқарли ва сермазмун бўлишини таъминлаш, мусиқачи ёшларнинг ўзаро фикр ва тажриба алмашиши учун кенг имкониятлар яратишдан иборат. Жорий йилги фестивалда мусиқа таълим масканлари таркибидаги ижодий жамоаларнинг 700 га яқин созандалари қатнашмоқда.

10 (1).JPG

– Фестиваль ғояси мусиқа соҳасида изланаётган ёшларнинг ўзаро фикр ва тажриба алмашишига йўналтирилгани билан эътиборга молик, –дейди Россия Федерацияси Бурятия Республикасининг П.Чайковский номидаги санъат коллежи "Арюун домог" миллий чолғулар оркестри раҳбари Саяна Табҳарова. – Унда турли ёшдаги ўғил-қизлар, ҳатто боғча ёшидаги болалар ҳам иштирок этаётгани диққатга сазовор. Ўзбекистон давлат консерваториясини битирган кадрлар салоҳияти бизда ҳам маълум ва машҳур. Улар мусиқа таълим масканларининг энг фаол ўқитувчиларидир. Мазкур фестиваль мусиқага меҳри баланд ёшларнинг бир-бирининг ижоди билан яхшироқ танишиши учун қулай имкониятдир. 

13 (1).JPG

– Бу фестиваль бизнинг ўзбек мусиқа таълимидаги янгиликлар, ёшлар ижодидан баҳраманд бўлишимиз, тафаккуримизни янада кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этади, – дейди Қозоғистоннинг А.Жубанов номидаги республика ихтисослаштирилган мусиқа мактаб-интернати ўқувчиси Арнай Нодирхонов. – Фестиваль учун ўзбек миллий куйларидан иборат мусиқий гулдаста тайёрладик. Тингловчиларга манзур бўлишига умид қиламан.

Фестивалнинг дастлабки куни ўзбек мусиқа чолғулари кўргазмаси, кўп овозли ансамбль ва оркестрларнинг мусиқий чиқишлари ҳамда "Сўғдиёна" оркестрининг "Миллий созлар ифори" номли концерти бўлиб ўтди.

Н.Усмонова, Темур Мамадаминов (сурат) ЎзА
12 925