ЎзА Ўзбек

10.10.2019 Чоп этиш версияси

Навоийда сайловга қизғин тайёргарлик кўрилмоқда

Навоийда сайловга қизғин тайёргарлик кўрилмоқда

Сайлов – 2019 

Навоий вилояти сайлов комиссиясида жорий йил 22 декабрь куни бўлиб ўтадиган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлиги сайловларига тайёргарликнинг боришига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.

Вилоят сайлов комиссияси раиси Ш.Жўраев жорий йилги сайловларни ўтказишга пухта тайёргарлик кўрилаётгани, сиёсий партиялар томонидан депутатликка номзодларни саралаш ва кўрсатишга жиддий ёндашилаётгани сиёсий жараёнларнинг демократик тамойиллар асосида ўтишига хизмат қилишини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, жазони ижро этиш муассасаларида овоз беришни ташкил этиш тартиблари хусусида ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди.

Дарҳақиқат, жорий йилги сайловларда вилоятдан 648 минг сайловчи иштирок этиши, шундан 16 минг нафари биринчи маротаба овоз бераётган ёшлар экани қайд этилди.

Вилоятда бу муҳим сиёсий жараённи юқори савияда ташкил этиш учун Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайлов ўтказувчи 5, халқ депутатлари вилоят Кенгашига сайлов ўтказувчи 60, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов ўтказувчи 285 сайлов округи ҳамда 432 участка сайлов комиссияси фаолият юритади. Депутатлик ўринлари учун воҳадаги бешта партия ўз номзодларини илгари суради.

Матбуот анжуманида журналистлар томонидан билдирилган саволларга атрофлича жавоб қайтарилди.

1 105
Н.РАҲИМОВ, ЎзА