Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

15.11.2017 17:27 Чоп этиш версияси

“Навоий ворислари” кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди

Наманганда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси томонидан ўтказилаётган “Навоий ворислари” кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.

Президентимизнинг 2017 йил 12 январдаги “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойиши ижроси доирасида ўтказилаётган танловда 11 ёшдан 15 ёшгача бўлган иқтидорли ўқувчилар иштирок этди.

Танлов буюк мутафаккир Алишер Навоийнинг бой ижодий меросини ўрганиш, кенг тарғиб қилиш орқали ёшлар маънавиятини юксалтириш, уларни Ватанга муҳаббат, миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

– Алишер Навоий асарларидаги юксак инсонпарварлик ғояларини навқирон авлод онгига чуқур сингдириш китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини оширишда муҳим ўрин тутади, – дейди Наманган давлат университети доценти, филология фанлари номзоди Ф.Каримова. – Буюк бобомизнинг ижоди мисоли бир уммон. Мана, беш асрдан ортиқ вақт ўтибдики, унинг тубига етиб бўлмайди. Бу буюк зотни ёшларимизга болалигидан танитиб бормасак, кутилган натижага эриша олмаймиз. Бундай тадбирлар эса шу йўлдаги эзгу уринишлардир.

Адабий танловда иштирокчилар энг кўп ғазал ёд олиш, ғазални бехато ва ифодали ўқиш, ғазал матнининг насрий баёни (ёзма шарҳи)ни ярата олиш, ғазал матнидаги сўзларни изоҳлаб бериш каби шартлар орқали ўз билимини намойиш этди.

Уйчи туманидаги 11-умумтаълим мактабининг 9-синф ўқувчиси О.Эргашева биринчи ўринни эгаллади ва танловнинг мамлакат босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди. Наманган туманидаги 24-умумтаълим мактабининг 7-синф ўқувчиси Д.Ҳабибуллаева иккинчи, Тўрақўрғон туманидаги 7-умумтаълим мактабининг 9-синф ўқувчиси Н.Олимжонова учинчи ўринга сазовор бўлди.

Акрамжон Сатторов, ЎзА
2 594






Все о погоде - Pogoda.uz