Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

09.02.2018 16:56 Чоп этиш версияси

Навоий ижодига эҳтиром

Она тилимизга муҳаббат ҳар биримизнинг қалбимизда, аввало, Алишер Навоий асарлари мутолааси орқали пайдо бўлади. Бу бебаҳо меросдан халқимиз, айниқса, ёшларни қанча кўп баҳраманд этсак, миллий маънавиятимизни юксалтириш, жамиятимизда эзгу фазилатларни камол топтиришга катта ҳисса қўшган бўламиз.

Тошкент вилояти Қибрай туманидаги Дўрмон маданият саройида Алишер Навоий таваллудининг 577 йиллигига бағишлаб ўтказилган “Назм ва наво” маънавий-маърифий тадбирида бу алоҳида таъкидланди.

Тадбирда вилоят, туман ҳокимликлари масъуллари, таълим муассасалари раҳбарлари, Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят ва туман кенгашлари ходимлари, шоир-ёзувчилар, ёшлар иштирок этди.

– Буюк мутафаккирнинг бебаҳо асарлари инсонлар ўртасида меҳр-оқибат ва самимият туйғуларини мустаҳкамлайди, – дейди Чирчиқ давлат педагогика институти ўқитувчиси, филология фанлари номзоди Адиба Давлатова. – Бугунги глобаллашув даврида, дунёнинг турли минтақаларида ахборот хуружи авж олаётган бир пайтда халқимиз, айниқса, ёшларнинг дунёқараши, билим ва тафаккурини бойитишда адабиёт, айниқса, Алишер Навоий қаламига мансуб нодир намуналардан самарали фойдаланиш муҳим аҳамиятга эга. Бу борада институтимиз талабалари ўртасида оммавий китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини юксалтириш, буюк сўз санъаткорининг бой меросини ўрганишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Буюк мутафаккир ҳаётига оид саҳна кўринишлари, шоир ғазаллари билан куйланадиган қўшиқлар кечага янада завқ бағишлади.

Абдулазиз Мусаев, ЎзА
8 245