ЎзА Ўзбек

06.09.2018 13:21 Чоп этиш версияси

“Навоий” эркин иқтисодий зонасида 20 дан ортиқ корхона фаолият юритмоқда

“Навоий” эркин иқтисодий зонасида 20 дан ортиқ корхона фаолият юритмоқда

Уларда минглаб мутахассис меҳнат қилмоқда. Замонавий ускуналар ишлаб чиқаришга ихтисослашган ушбу корхоналар томонидан маиший техникалардан тортиб, автомобиль эҳтиёт қисмларигача тайёрланмоқда.

Улардан бири 2010 йилда Ўзбекистон-Ҳиндистон ҳамкорлигида ташкил этилган “UzMinda” хорижий инвестициялар иштирокидаги масъулияти чекланган жамиятидир. 90 нафардан ортиқ ишчи меҳнат қилаётган корхонада “GM Uzbekistan” автомобиль заводининг уловлари учун 30 турдаги эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқарилаётир.

– Йил охирига қадар бир неча русумдаги автомашиналар учун магнитола, спидометр ва тутқичлар ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқчимиз, – дейди корхона бош директори ўринбосари Т.Ражабов. – Бу лойиҳа ишга тушиши билан яна ўн кишининг бандлиги таъминланади. Корхонанинг ўзида сифат лабораторияси ташкил этилган бўлиб, қадоқланган маҳсулотлар автомобиль заводларига жўнатилишдан олдин назоратчилар томонидан чуқур текширилади. Бу сифатсиз маҳсулот ишлаб чиқарилишининг олдини олишда муҳим аҳамиятга эга.

Эркин иқтисодий зонадаги яна бир истиқболли субъект – “Agrofresh” Ўзбекистон-Бирлашган Араб Амирликлари қўшма корхонаси юртимизда етиштирилаётган мева-сабзавотларни сифатли сақлаш ва уларни экспорт қилиш борасида самарали иш олиб бораяпти. Италия технологияси асосида жиҳозланган ва кўп маҳсулот сақлаш сиғимига эга мажмуа юртимиздаги энг йирик музлатгич омборхона саналади.

17 ходим фаолият олиб бораётган корхонадан жорий йилнинг ўтган даврида Корея Республикасига 87 тонна гилос, Россияга 60 тонна сабзи, 23 тонна анор, Бирлашган Араб Амирликларига 100 тоннадан ортиқ анор, узум, қовун-тарвуз экспорт қилинди.

– Бу ердаги музлатгичларда сақланаётган маҳсулотлар сифати ва нархи бизга маъқул, – дейди сурхондарёлик харидор М.Каримов. – Шу боис, ушбу корхонадан маҳсулот олиб, мамлакатимизнинг барча вилоятларидаги бозорларга тезкорлик билан етказамиз. Ҳозир ҳам Тошкент шаҳрида жойлашган савдо марказлари учун 7 тонна сабзи харид қилдик.

Дарҳақиқат, замонавий технологиялар асосида иш олиб бораётган бундай истиқболли корхоналар фаолияти Навоий вилояти экспорт салоҳиятини юксалтириш ва импортни қисқартириш имкониятини кенгайтирмоқда. Энг муҳими, бу каби қўшма корхоналар жадал ривожланаётгани хориж сармоядорларини юртимизда бизнес юритишга янада кўп жалб этишга хизмат қилмоқда.

Нуриддин Раҳимов, ЎзА
3 874