Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

10.08.2017 18:10 Чоп этиш версияси

Навбатдаги профилактика куни: муҳокамалар яхшиликка хизмат қилади

Юртбошимиз ташаббуси билан ҳар ҳафтанинг пайшанба куни ўтказилаётган профилактика тадбирлари жойларда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, тинчлик-осойишталикни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Президентимизнинг 2017 йил 10 апрелдаги "Ички ишлар органларининг фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш, жамоат тартибини, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашда уларнинг масъулиятини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони ҳамда 12 апрелдаги “Ички ишлар органлари фаолиятини янада такомиллаштиришга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бунда дастуриламал бўлмоқда.

Навбатдаги профилактика кунида пойтахтимизнинг Чилонзор туманидаги Шарқ маҳалласида икки жиноят ишининг жамоатчилик муҳокамаси ташкил этилди.

Тошкент енгил саноат касб-ҳунар коллежининг учинчи босқич ўқувчиси Комила Абзалхонова Учтепа туманидаги 51-уй, 9-хонадонда яшовчи Светлана Дементьева билан биргаликда жиноят содир этган. Улар Учтепа туманида яшовчи 16 ёшли Рисолат Шамсиддиновага тан жароҳати етказган. Воқеа юзасидан жиноят иши очилиб, тергов ишлари давом этмоқда.

Муҳокамада вояга етмаганларнинг жиноят, ҳуқуқбузарликлар содир қилиши бир оила учунгина эмас, айни пайтда жамият учун ҳам кони зарар эканлиги, ўсмирларнинг давлат ва жамият ахлоқий мезонлари талабларига риоя қилмаслиги яхши оқибатларга олиб келмаслиги йиғилганларга тушунтирилди.

– Ота-она фарзанд вояга етгунига қадар уларни ҳар томонлама етук қилиб тарбиялашга масъулдир, – дейди Чилонзор тумани ИИБ бошлиғининг ёшлар билан ишлаш бўйича ўринбосари Фурқат Суяров. – Кўпчилик ота-оналар фарзандини моддий таъминлаш билан чегараланиб, тарбияни иккинчи даражага тушириб қўймоқда. Натижада ҳаётнинг паст-у баландига тушунмайдиган, ҳали вояга етмаган ўсмир тўғри йўлдан адашиб қолмоқда.

Иккинчи муҳокама муқаддам судланган, 1953 йилда туғилган Мурод Мирзаевнинг жинояти бўйича ўтказилди. Гиёҳвандлик ёки психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилишга қарши курашиш борасида олиб борилган тезкор тадбирлар самарасида туман ИИБ томонидан М.Мирзаев хонадонида тақиқланган ўсимликлар ўстирилганлиги аниқланган. Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган.

Муҳокамада туман ИИБ ходимлари ва маҳалла фаоллари М.Мирзаевга бундай ноқонуний ҳатти-ҳаракати турли салбий оқибатларга олиб келишини уқтирди.

Даврон Суннатов, ЎзА
2 899






Все о погоде - Pogoda.uz