Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

16.03.2017 14:55 Чоп этиш версияси

Наманган вилоятида профилактика куни доирасида “Давомат” тадбири ўтказилди

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган пайшанба – профилактика куни тадбирлари Наманган вилоятида ҳам уюшқоқлик билан ўтказилмоқда.

Поп туманида ташкил этилган шундай тадбирда ҳудуддаги барча қишлоқлар, таълим муассасалари қамраб олинди. Шу ўринда таъкидлаш керакки, Поп ҳудуди ва аҳоли сонига кўра вилоятнинг энг йирик, тоғли ва қўшни Тожикистон билан чегарадош туманларидан бўлиб, бу ерда профилактика ишларида ўзига хос ёндашув тақозо этилади.

– Профилактика кунини самарали ташкил этиш учун туман ҳудуди олти секторга бўлиниб, ҳар бирига бўлим бошлиғи ва унинг ўринбосарлари, соҳага оид хизмат раҳбарлари бошчилигидаги алоҳида гуруҳлар бириктирилди, – дейди вилоят ички ишлар бошқармаси ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бошқармаси инспектори, катта лейтенант Б.Асатуллаев. – Гуруҳларга ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимлари, маҳаллий ҳокимлик, хотин-қизлар қўмитаси, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати туман бўлимлари, таълим ва соғлиқни сақлаш муассасалари, ўзини ўзи бошқариш органлари ва бошқа идора-ташкилотлардан 500 дан зиёд вакил жалб этилди. Гуруҳлар фаолияти бўлимда тузилган ишчи гуруҳи томонидан мувофиқлаштириб борилди.

Профилактика кунида “Поп шаҳри”, “Найман”, “Ғурумсарой”, “Чоркесар”, “Чодак” деб шартли номланган секторлар ҳудудидаги касб-ҳунар коллежлари ва умумтаълим мактабларидаги давомат ўрганилди. “Давомат” тадбирида дарсга келмаётган ўқувчилар масаласи ота-оналар, ўқитувчи ва ўқувчилар иштирокида ўтказилган йиғилишда муҳокама қилинди. Тушунтириш ишлари натижасида бундай ўқувчиларнинг таълимга қайтиши таъминланди. Фарзанди тақдирига лоқайд ота-оналар, педагогларга нисбатан маъмурий чоралар кўрилди.

Тадбирда ҳафта давомида содир этилган фирибгарлик, ўғирлик, йўл-транспорт ҳодисаси каби жиноятчилик сабаблари таҳлил этилиб, кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилинди ва бундай ҳолатлар такрорланишига йўл қўймаслик чора-тадбирлари белгилаб олинди.

Тадбирга жалб этилган ходимлар ва жамоатчилик вакиллари шу куни мингдан зиёд хонадонда бўлиб, оила аъзолари билан суҳбатлашди. Бунда ёлғиз қариялар, турли ақидапарастлик оқимларига мойил шахслар, муқаддам судланганлар ва узоқ муддат уйидан олисда яшаган фуқароларга алоҳида эътибор қаратилди. Қайд этилган майда безорилик, паспорт-виза тартибини бузиш каби ҳуқубузарликлар бўйича маъмурий чоралар кўрилди.

Профилактика кунида жойларда қўриқлаш хизмати самарадорлигини ошириш, ёнғин ва йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, паспорт-виза тартибига риоя қилиш каби масалалар бўйича кенг тушунтириш-тарғибот ишлари олиб борилди.

Акрамжон Сатторов, ЎзА
3 087






Все о погоде - Pogoda.uz