Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.05.2018 18:21 Чоп этиш версияси

Наманган вилоятида бир йўла учта боғча фойдаланишга топширилди

Наманган вилоятида бир йўла учта боғча фойдаланишга топширилди
Наманган шаҳри ҳамда Тўрақўрғон ва Чуст туманларида қурилиб фойдаланишга топширилган мактабгача таълим муассасаларининг замонавий қиёфаси кўзни қувонтиради.

Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлигининг ахборот хизмати маълумотларига кўра, Тўрақўрғон туманидаги 10-давлат мактабгача таълим муассасаси 120 ўринга мўлжалланган бўлиб, ота-оналар талаб ва истакларига кўра бу ерда 6 кунлик иш куни жорий этилган. Бешта гуруҳ фаолияти йўлга қўйилган муассасада 14 нафар малакали педагог ходим кичкинтойларга таълим-тарбия беради. Хоналар миллий қадриятларимизни акс эттирувчи ва болаларни китоб ўқишга қизиқтирувчи ўқув-методик жиҳозлар, одоб-ахлоққа ўргатувчи ўйинлар ва ўйинчоқлар, бадиий адабиётлар билан таъминланган. Тарбияланувчилар учун 25 та ўйинчоқ компьютерлар тўплами келтирилиб, 8 та кузатув камераси ўрнатилди.

4.jpg

Муассасанинг биринчи қаватида тиббиёт хонаси, ошхона ва тарбияланувчилар учун ёпиқ сузиш ҳавзаси мавжуд. Шунингдек, болалар ўйин ва спорт майдончалари, «Эртаклар шаҳарчаси» ҳамда ёзги айвончалар ҳам замон талаблари даражасида барпо этилган.

Чуст туманидаги “Гулистон” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида “Wonderkids` school” номли нодавлат мактабгача таълим муассасаси ташкил этилгани қишлоқ аҳолисини беҳад қувонтирди.

100 нафар болани ўз бағрига оладиган мазкур мактабгача таълим муассасасида 6 нафар олий маълумотли педагог таълим-тарбия ишларини инглиз ва рус тилларида олиб боради. Бу ерда ҳам ота-оналар талаблари инобатга олиниб, 10,5 соатли гуруҳлар ташкил этилди. 3 қаватдан иборат бино ҳовлисида 5 та ёзги айвонча, ёзги бассейн ва замонавий ўйин майдончалари мавжуд.

Наманган шаҳар “Сардоба” маҳалла фуқаролар йиғинидаги Шерозий кўчасида бўш турган бинони ҳақиқий эртаклар шаҳарчасига айлантирган тадбиркор Муҳсин Бойматов ва қурувчи Исматилло Юсуповдан маҳалла аҳли жуда миннатдор.

“Ширинтой гулғунчалар” номли ушбу нодавлат мактабгача таълим муассасаси 100 ўринли бўлиб, унинг иш бошлаши билан 21 янги иш ўрни яратилди. Ота-оналар талабидан келиб чиқиб, боғчада 12 соатли гуруҳлар ташкил этилди. Машғулотлар ўзбек, инглиз ва рус тилларида олиб борилади.

Муассаса 22 та замонавий кузатув камераси билан жиҳозлангани тарбияланувчиларнинг ота-оналарига жараённи интернет орқали кузатиш имкониятини беради. Мусиқа хонаси, тиббиёт хонаси, ошхона ва бошқа хоналарда яратилган шароитлар ҳам замон талабларига тўла жавоб беради.

Муассасанинг ўзига хос жиҳати шундаки, бу ерда бинонинг том қисмида хавфсизлик чоралари кўрилган ҳолда, тарбияланувчилар учун ўйин майдончаси ва ёзги айвончалар ташкил этилган.

Буларнинг барчаси фарзандларимизни ҳар томонлама соғлом ва баркамол этиб тарбиялаш, уларнинг замонавий билимларни пухта ўзлаштириши учун мустаҳкам пойдевор вазифасини ўтайди.

Умида Қурбонова, ЎзА
9 542