Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

16.04.2018 18:15 Чоп этиш версияси

Наҳотки Самарқанд давлат тиббиёт институтига ўқишга кириш 7 минг доллар бўлса?

Инобат Маҳмудова Самарқанд давлат тиббиёт институтига ўқишга кириш учун имтиҳон топширди. Абитуриент синовда 127,5 балл тўплади. Афсуски, бу натижа талаба бўлиш учун етарли эмасди.

Дилбандини мамнун ҳамиша кўриш, уни олий ўқув юртига ўқишга киритиш истагида бўлган Обиджон Жалолов вазиятдан чиқишнинг "йўл"ларини қидира бошлади. Унга-бунга маслаҳат солди, таниши Аҳрор қўлидан ҳар қандай иш келадиган Рафиқ исмли ошноси борлигини айтиб қолди.

Биринчи учрашувдаёқ Обиджон Рафиқнинг уддабурон йигит эканига ишонади. Уддабурон эса Давлат тест марказида таниши борлигини, у билан маслаҳатлашиб, жавобини айтишини билдиради. Жавоб кўп куттирмади: “Қизингиз "супер контракт" асосида ўқишга кирди ҳисоб. Фақат... Фақат 7 минг кўки харажати бор”. Улар келишишди.

Айтилган сўз — отилган ўқ. Орадан кўп ўтмай Обиджон Рафиқ билан Жиззахда учрашди. Унга 3 минг 500 АҚШ долларини берди. Келишувга кўра қолганини ҳам кечиктирмади.

Афсуски, “масала” ўз ечимини топмади – Инобат талаба бўлмади. Обиджон телефон қилишдан эринмади, Рафиқ эса уни алдашни давом эттираверди. Умидвор ота ўз хатоси – алданганини тушунгунча анча вақт ўтиб кетди.

Шундай қилиб Навоий вилояти, Кармана тумани, “Баҳор” маҳалла фуқаролар йиғини, 186-хонадонда яшовчи Обиджон Жалолов Жиззах вилояти, Жиззах шаҳри, “Кўтарма” маҳалласи, 4-уйда истиқомат қилувчи Рафиқ Аҳадовнинг қилмишлари устидан ички ишлар идорасига ариза ёзди.

Жиззах вилояти Ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати хабарига кўра, мазкур ҳолат юзасидан тергов-суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Эслатма! Материалда келтирилган исм-фамилиялар ўзгартирилган, тўғри келган ҳар қандай ўхшашлик тасодиф саналади.

ЎзА
7 091