Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

07.09.2017 14:11 Чоп этиш версияси

Ўн тўрт ёшли бола “Nexia” ўғирлади

Мамлакатимизда ҳар ҳафта пайшанба кунлари ўтказилаётган профилактика тадбирлари жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жойларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Сурхондарё вилоятида ҳам шу куни ички ишлар ва бошқа ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари корхона-ташкилот, маҳалла ва таълим муассасаларида очиқ мулоқотлар ўтказиб, ҳуқуқий тарғибот ишлари олиб бормоқда. Кенг жамоатчилик ҳамкорлигида уйма-уй юриб, одамлар билан профилактик суҳбатлар ўтказилаётир. Илгари очилмай қолган жиноятлар фош қилинмоқда, қидирувда бўлган шахслар ушланмоқда. Амалга оширилаётган бундай тадбирлар натижасида жиноятлар тури ва сони камайишига эришилмоқда. Буни ўтган йилнинг шу даврига нисбатан вилоятда умумий жиноятлар сони 400 тага камайганида ҳам кўриш мумкин.

Бироқ, айрим ота-оналарнинг лоқайдлиги билан баъзи ёшлар жиноят кўчасига кириб қолаётгани ачинарлидир. Масалан, Шўрчи туманидаги “Жарқишлоқ” шаҳарча фуқаролар йиғини ҳудудида яшайдиган 14 ёшли бола куппа-кундузи “Nexia” русумли автомашинани ўғирлаб қочгани ва далилий ашё билан қўлга тушгач, отанинг фарзандини оқламоқчи бўлганига нима дейиш мумкин?

Шўрчи туманида истиқомат қилувчи фуқаро М.Фазлиддин кундузи соат 13:30 лар атрофида ўзига тегишли “Nexia” русумли давлат рақами 75 В 773 НА бўлган автомашинани Денов туманидаги Ш.Рашидов кўчасига қўйиб, пульт орқали қулфлайди. Ўт олдириш калитини жойида қолдириб, юмушларини бажаришга кетади. Соат 16 га яқин қайтиб қараса, машина йўқ. Бу ҳақда зудлик билан Денов тумани ИИБ навбатчилик қисмига хабар беради. Кўрилган тезкор чора-тадбирлар натижасида автомашинани бошқарган шўрчилик мактаб ўқувчиси Ж.М. ўртоқлари билан “сайр” қилиб юргани аниқланади. Олиб қочилган машина ички ишлар органи ходимлари томонидан “Жарқишлоқ” шаҳарча фуқаролар йиғини ҳудудида тўхтатилгач, ота автоуловнинг олиб қочилишига ўғлининг алоқаси йўқлигини исботлашга уринади. Лекин, қилни қирқ ёрадиган ички ишлар ходимлари аксини исботлашди. Ушбу ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, “Nexia” қонуний эгасига қайтарилди.

– Маҳалла ва таълим муассасаларида ташкил этилаётган ҳуқуқий тарғибот ишлари ва уйма-уй юриб, одамлар билан профилактик суҳбатлар ўтказганда вояга етмаган ёшларни назоратсиз қолдиришнинг салбий оқибатлари атрофлича тушунтирилмоқда, – дейди Сурхондарё вилояти ички ишлар бошқармаси оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик қилиш гуруҳи инспектори, катта лейтенант Фарҳод Тошбоев. – Лекин, ҳали ҳам баъзи ота-оналар бу масалага эътиборсизлик қилмоқда. Фарзандлари нотўғри йўлга кириб қолгандан кейинги афсусдан эса фойда йўқ.

Мутахассисларнинг фикрича, хаёлида ўғирликка мойиллик уйғонган бола бу ишни дастлаб ўз уйи ёки қўшни хонадондаги арзимас нарсани яширинча олишдан бошлайди. Бироқ, айрим ота-оналар, қўни-қўшнилар бу ҳолатни сезса-да, ўзини сезмаганга олади. Ҳа энди, бола-да, ҳали ёш. Бир кун келиб, ақли кириб қолар, деб ўйлайди.

– Болада бундай хатти-ҳаракат кузатилиши билан яқин қариндошлар, қўни-қўшнилар юз-хотир қилмай, танбеҳ бериши, нопок йўлдан қайтариш чораларини кўриши лозим, – дейди термизлик педагог-психолог А.Нурмаматов. – Бир кун келиб ақли-ҳуши киради, шу нарса учун ҳам уялтирмайин, деган ўйга бориш ҳар доим ҳам яхшилик келтиравермайди. Афсуски, тинч-осойишта ва фаровон юртимизда баъзи болаларнинг ўзгалар мулкига кўз тикиб, жиноят кўчасига кириб қолишига ота-она, қўни-қўшнининг эътиборсизлиги, андишалиги сабаб бўлмоқда.

Дарҳақиқат, онда-сонда бўлса-да, кимнингдир қўл телефонини ўғирлаган, маҳалладошининг уйидан қўй ёки бошқа мол-мулкни ўмариб, жавобгарликка тортилган ёшлар ҳақида эшитиб қолсак, дилимиз оғрийди, юрагимиз эзилади. Шундай пайтларда бугун кенг жамоатчилик иштирокида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш юзасидан амалга оширилаётган ишлар бу каби кўплаб нохуш воқеаларнинг олдини олиб, хотиржамлигимизни таъминлаётганига шукрона айтамиз. Зеро, халқимизнинг "Бир болага етти қўшни ота-она", деган ҳикматида чуқур маъно бор.

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА
1 901






Все о погоде - Pogoda.uz