Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

05.05.2017 19:42 Чоп этиш версияси

Профилактика инспектори ташаббуси билан маҳалла кўчаларига чироқлар ўрнатилди

"Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили" Давлат дастури ижроси доирасида жойларда аҳоли билан бевосита мулоқотлар, учрашувлар ўтказилмоқда. Айниқса, Президентимиз ташаббуси билан ҳафтанинг пайшанба куни ўтказилаётган профилактика тадбирлари жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда яхши самара бераётир.

Фарғона вилоятида ўтказилаётган профилактика тадбирлари нафақат кўлами, балки моҳияти жиҳатидан ҳам тобора кенгайиб бормоқда. Шаҳар ва туманларда, қишлоқ ва маҳаллаларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирокида учрашувлар, очиқ мулоқотлар ташкил этилаётир. Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан профилактика инспекторлари ҳамкорлиги муҳим аҳамият касб этмоқда.

Профилактика куни тадбирлари муносабати билан Тошлоқ туманида бўлганимизда туман ички ишлар бўлими бошлиғи, подполковник Ҳаётжон Содиқов “Найман” қишлоқ фуқаролар йиғини ва Истиқлол маҳалласида жиноятчилик қайд этилмагани, профилактика инспектори, капитан Акмалжон Қурбоновнинг самарали фаолияти ҳақида гапирди.

Найман қишлоғига борганимизда Тошлоқ транспорт ва қурилиш касб-ҳунар коллежида ёшлар билан учрашув бўлаётган экан. Унда туман ҳокими, прокурор, ички ишлар бўлими бошлиғи, вилоят ташкилотларидан бир неча вакил иштирок этди. Капитан А.Қурбонов тадбирнинг асосий ташкилотчиларидан бўлгани боис, у кишини суҳбатга тортдик.

Дарҳақиқат, 2016 йилда ва жорий йилнинг ўтган даврида Истиқлол маҳалласида бирорта жиноят қайд этилмаган. Бундай ижобий натижага эришишнинг омиллари билан қизиқдик.

– Бунинг асосий омили ҳамжиҳатликда, – дейди профилактика инспектори. – Маҳалла фаоллари билан барча ишни бамаслаҳат амалга оширамиз, икки посбон – Ойбек Ҳайдаров ва Жаҳонгир Тўйчиев ҳамиша мен билан ишлайди. Ҳамкорликда тунги навбатчиликни йўлга қўйганмиз. Маҳалла кўчаларидаги ҳар бир симёғоч, ҳовлилар дарвозаси устига ёритгич чироқлари ўрнатиб чиқдик. Бунинг афзаллигини шахсан ўзим биттама-битта юриб, фуқароларга тушунтирдим. Мана, ҳозир маҳалламизнинг қайси кўчасига кирманг, ярим тунда ҳам кундузгидай ёруғ. Хонадон эгалари электр энергиясига кетган пулга ачинмайди. Энг муҳими, тунда хотиржам ухлайди, кўчаларда эгри ниятли бирорта шахс юролмайди.

Албатта, капитан Акмалжон Қурбоновнинг хизмат ҳудудида профилактик назоратдаги шахслар ҳам йўқ эмас. Масалан, 7 нафар муқаддам судланган, 7 нафар сурункали ичувчи, 2 нафар норасмий диний оқимлар таъсирига тушган, 2 нафар оилавий жанжалкаш бор, улар билан мунтазам тарбиявий иш олиб борилади.

Маҳалла фуқаролар йиғини қошидаги яраштириш комиссияси билан ҳамкорликда ўтган йили 3 оилавий ажримнинг олди олинган бўлса, жорий йил биринчи чорагида битта шундай ҳолатнинг олди олинди.

Мухтасар айтганда, профилактика инспектори маҳалла фаоллари билан ҳамжиҳатликда зиммасидаги вазифани намунали адо этмоқда. Бу эса маҳалла аталмиш муқаддас даргоҳда тинчлик-осойишталикни таъминлашга хизмат қилмоқда.

Маъсуджон Сулаймонов, ЎзА
5 847






Все о погоде - Pogoda.uz