Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

16.02.2017 18:26 Чоп этиш версияси

Фармацевтика соҳаси мутахассисларига кўмаклашувчи янги лойиҳа ишга тушди

Ўзбекистон Савдо-саноат палатасининг Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси ва «Asia Pharm Consulting» корхонаси ҳамкорлигидаги Pharmclub.uz лойиҳасининг тақдимоти бўлиб ўтди.

Тадбирда мамлакатимизда фармацевтика саноатини ривожлантириш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулотларини истеъмолчиларга етказиб бериш, дори-дармон ва тиббиёт воситалари экспортини амалга оширишнинг замонавий тизими яратилгани таъкидланди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 31 октябрдаги «Аҳолини дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашни янада яхшилашга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори асосида бу жабҳадаги ишлар янада такомиллашмоқда.

Мазкур қарорда соҳани янада ривожлантириш, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, соҳага жалб этилаётган инвестиция лойиҳаларини кўпайтириш, маҳсулотлар экспортини ошириш борасида устувор вазифалар белгиланди. Дорихоналар тармоғини такомиллаштириш, нарх-наво мутаносиблигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётир.

Бу борада белгиланган кенг кўламли вазифаларни амалга оширишда ишлаб чиқарувчилар ва мутахассисларга амалий кўмак бериш муҳим вазифадир. Pharmclub.uz лойиҳаси ана шу мақсадда ташкил этилди.

– Pharmclub.uz лойиҳамиз орқали фармацевтика ва дори-дармон соҳасида ишлайдиган мутахассисларга ҳуқуқий ва амалий ёрдам кўрсатишни режалаштирганмиз, – дейди «Asia Pharm Consulting» корхонаси директори ўринбосари Эркин Каримов. – Фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқаришни режалаштириш, лойиҳалаш, рўйхатдан ўтказиш, дори-дармон экспорти ва импортини ташкил этишга кўмаклашиш лойиҳанинг муҳим йўналишидир. Бу чора-тадбирларни тизимли ташкил этиш мақсадида «Дори-дармон» акциядорлик компанияси, «Ўзфармсаноат» давлат акциядорлик концерни ва бошқа корхона, ташкилотлар билан ҳамкорлик йўлга қўйилади.

Чет давлатларда ўтказиладиган нуфузли фармацевтика кўргазмаларида маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг иштирокини таъминлаш, уларнинг маҳсулотларини намойиш этишга кўмаклашиш режалаштирилган.

Тадбирда Pharmclub.uz лойиҳасининг мақсад ва йўналишлари, фармацевтика саноатини ривожлантиришга йўналтирилган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берилди. Журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарилди.

Баҳор Хидирова, ЎзА
3 006






Все о погоде - Pogoda.uz