ЎзА Ўзбек

16.08.2018 17:05 Чоп этиш версияси

Мустақиллик йилларида Жиззах шаҳрида 15 та истироҳат боғи ва хиёбон барпо этилди

Мустақиллик йилларида Жиззах шаҳрида 15 та истироҳат боғи ва хиёбон барпо этилди Бу рақам Жиззах шаҳрида янги қурилган “Нуронийлар маскани”даги отахонлар чойхонасида бўлган гурунгда тилга олинди. Аввалига, йўғ-э, ўзим билган шаҳарда биргина йўналишда шунча иш қилинибдими, деб ишонгим келмади...

Кексалик ўтмишни хотирлаш учун берилади, деган ҳазиломуз гап бежиз айтилмаган. Ёш ўтган сари одамда аввалги давр билан бугунги кунни таққослашга мойиллик кучайиб боради. Даврадагилардан бири кейинги йилларда қурилган оромгоҳларни бармоқ билан санаб, нечанчи йил, қайси раҳбар даврида қурилганигача айтиб берди:

– Яланғочтоғнинг устида “Боғишамол” – бир, Етимтоғдаги “Истиқлол” болалар боғи – икки, “Наврўзбулоқ” – уч, “Ўрда” экологик боғи – тўрт, “Ёшлар шаҳарчаси” – беш, Тошлоқдагиси билан олти, "Сангзоркўл" – етти, “Ором” – саккиз..., жами ўн тўртта экан, – деди адашмаслик учун бармоғини букиб санаётган қария.

– Хўжа Насриддинга ўхшаб ўзингиз ўтирган жойни санамадингиз-ку, – деди даврадагилардан бири. – Билиб қўйинг, “Нуронийлар маскани” ҳам дам олиш жойи ҳисобланади. Демак, жами ўн бешта.

Даврада гур этиб кулги кўтарилди.

– Мустақилликкача ҳозир саналган дам олиш маскани-ю хиёбонларнинг бирортаси бўлмаган, – деди меҳнат фахрийси Абдулла ота Қаршибоев. – Эсларингизда бўлса, 1974 йилда – вилоят ташкил топган йили биринчи раҳбар бўлган Сейд Мемедович Тоиров Жиззах шаҳрининг ўзига хос рельефидан усталик билан фойдаланиб, тоғ ён-бағрини, сойлигу қирларни обод қилишга, дам олиш ҳудудлари барпо этишга киришган эди. Етимтоғ ва Яланғочтоғ ён-бағирларидаги тош йўллар ўша даврларда қурилиб, дастлабки дарахтлар экилган эди. Аммо у киши узоқ ишламади. Шундан сўнг то 90-йилларнинг ўрталаригача бирор истироҳат боғи ё хиёбон қурилган эмас. Дам олиш маскани ва хиёбонлар қуриш, кенг кўламли ободонлаштириш ишлари 1995 йилдан кейингина бошланди.

Ёзнинг иссиқ кунларида кўпчилик учун энг катта эҳтиёжлардан бири бирор соя-салқин жойда дам олишдир. Бунинг учун эса ана шундай масканлар керак. Бу масалада кейинги йилларда жиззахликлар учун муаммо йўқ, дейиш мумкин.

Замонавий таълим ва тиббиёт муассасалари, турли маиший-савдо ва маъмурий иншоотлар барпо этиш баробарида, одамлар кўнгилли дам олиб, бўш вақтини мазмунли ўтказадиган маданият ва истироҳат боғлари қурилиши натижасида Жиззахда аҳолининг мароқли ҳордиқ чиқариши, бўш вақтини, байрам ва тантанали кунларни кўнгилли ташкил этиши, оилавий дам олиши учун қулайликлар яратилди.

Мустақиллик йилларида барпо этилган “Боғишамол” дам олиш маскани, “Ором” фавворалар мажмуаси, “Истиқлол” болалар боғи, “Форум” мажмуаси”, “Сангзоркўл” каби оммавий ҳордиқ масканлари, Мустақиллик майдонидаги фавворалар хиёбони қаторига ўтган йили бунёд этилган Шароф Рашидов хиёбони, Ҳамид Олимжон ва Зулфия номидаги ижодкорлар боғи қўшилди.

Шаҳарнинг ҳозирги маъмурий маркази жойлашган ҳудуднинг тарихий номи “Сайилжойи” бўлиб, қадимда айнан шу ерда умумхалқ байрамлари ўтказилган. Шаҳар чеккасидаги “Наврўзбулоқ”да ҳам оммавий сайиллар бўлган. Аммо собиқ шўролар даврида бу жойларга маъмурий, ишлаб чиқариш иншоотлари қурилиб, одамлар дам оладиган масканлар барпо этиш унут бўлган эди. Истиқлол йилларида ободончиликка, миллий ва тарихий қадриятларимизни тиклашга берилаётган катта эътибор туфайли халқимиз байрам ва шодиёналар ўтказадиган, оилавий дам оладиган сайилжойлар яна пайдо бўлди.

2014 йилда Наврўзбулоқда болалар истироҳат боғи барпо этилган эди. Шаҳар ҳудудидан бошланиб тоққа туташиб кетган қир бағридаги табиий ландшафт сақланган ҳолда турли аттракционлар, майдончалар қурилиб, болалар боғи барча кичкинтойларнинг севимли масканига айланди.

Бундан уч йил илгари "Наврўзбулоқ"да фаоллар саъй-ҳаракати ва тадбиркорлар кўмагида яна бир савоб иш амалга оширилди. Ҳудуддаги 4 гектар ташландиқ ер ўзлаштирилиб, янги дам олиш маскани – “Кексалар боғи” барпо этилди.

Умумхалқ байрамлари ва сайллар ўтказиш ҳамда дам олишга мўлжалланиб, замонавий ва миллий меъморчилик анъаналари асосида яратилган бу соя-салқин сайилжойлар Жиззахнинг ўзига хос ташриф қоғози дейиш мумкин. Айниқса, бу мажмуалар таркибидаги бири-биридан гўзал фавворалар, соя-салқин хиёбонлар бетакрорлиги билан одамга завқ ва ҳузур бағишлайди.

Бундай кўнгилочар масканлар барпо этишда фақат катталарнинг хоҳиши эмас, балки болалар ва ёшлар манфаати биринчи навбатда эътиборга олинаётир. Жумладан, шу йил июль ойида фойдаланишга топширилган собиқ аквапарк ўрнида барпо этилган “Янги болалар ва ёшлар истироҳат боғи” шаҳарликларнинг энг севимли дам олиш масканларидан бирига айланди.

Шаҳарнинг хушҳаво ҳудудида барпо этилган боғда соҳадаги энг сўнгги лойиҳалардан фойдаланилиб, болалар ва ёшларнинг мириқиб ҳордиқ чиқариши учун барча шароит ва қулайлик яратилди. Энг замонавий 12 та аттракцион ўрнатилди, жумладан, баландлиги 50 метрли карусель ишга туширилди. Умумий овқатланиш, хизмат кўрсатиш шохобчалари фаолият кўрсатаётир. Очиқ бассейн ишлаб турибди.

Президентимизнинг ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратаётган доимий эътибори самараси уларнинг бўш вақтини кўнгилли ўтказиши учун яратиб берилаётган қулайликларда ҳам ўз ифодасини топаётир. Жумладан, 2008 йилда бунёд этилган “Ёшлар шаҳарчаси” жорий йилда тўлиқ қайта реконструкция қилиниши ушбу эътиборнинг яққол ифодаси бўлди.

Ёшларнинг дам олиши, эҳтиёжи, қизиқиш ва интилишлари ҳисобга олиниб, реконструкция қилинган шаҳарча қисқа муддатда битказилиб, кўркам масканга айлантирилди. Жиззах давлат педагогика, политехника институтлари, Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши офиси, Юнус Ражабий номидаги вилоят мусиқали драма театри, шаҳар “Бахт уйи”, маданият ва санъат форуми мажмуаси шаҳарча таркибига қўшилиб кетгани ҳудуднинг фақат қоғозда эмас, амалда ҳам чинакам ёшлар масканига айланишини таъминлади.

Истироҳат боғлари, сайилгоҳлардан ташқари дам олиб овқатланиш, турли тўй-тантаналар ўтказишга мўлжаллаб қурилган замонавий ресторан, кафе, ошхоналарнинг ҳаммасини санаб чиқиш қийин. Бири-биридан чиройли, байрамларда сервис усулида хизмат кўрсатадиган бундай жойлар кўпайиши, аввало аҳолига катта қулайлик яратиб бераётир.

– Айниқса кейинги икки йилда вилоят маркази буткул замонавий қиёфа касб этиб, ўзига хос кўринишга кирди, – дейди “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими раиси Норқул Нўшаров. – Бундай ўзгаришларни кейинги йилларда қурилган замонавий маъмурий, маданий, ижтимоий ва хизмат кўрсатиш бинолари эмас, халқимизнинг миллий қадриятларидан бўлган оммавий дам олиш масканлари ҳам бунёд этилганини назарда тутиб айтаётирман. Бу ишда кексаларнинг ҳам эҳтиёжи эътиборга олиниб, “Нуронийлар маскани” барпо этилди. Бундай масканлар фаолиятини барча туманларда йўлга қўйиш бўйича иш олиб борилаётир.

Маданий ҳордиқ чиқарадиган, байрам ва оилавий тантаналарни ўтказадиган бундай масканлар фақат вилоят ёки туманлар марказида эмас, олис қишлоғу маҳаллаларда ҳам барпо этилаётгани илгари ҳеч кимнинг хаёлига келмаган иш экани аниқ. Масалан, Бахмал тумани маркази Ўсмат шаҳарчасида ҳам Жиззах шаҳридаги маданий-маърифий иншоотларнинг кичикроқ нусхаси – байрам ва тантаналар ўтказиладиган ҳовузли боғ, замонавий спорт мажмуаси, ёшлар хиёбони ишлаб турибди. Зомин туманидаги Ўриклисой дам олиш ҳудудининг довруғи эса вилоятдан ташқарида ҳам машҳур. Пахтакор, Дўстлик, Мирзачўл сингари чўл туманларида ҳам бундай истироҳат ва маданият масканлари аллақачон одамларнинг одатий дам олиш жойига айланган. Вилоятнинг энг олис чўл тумани – Арнасойда ҳам “Ёшлар маркази” номи билан маданий дам олиш мажмуаси барпо этилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 25 июндаги “2013-2018 йилларда замонавий маданият ва аҳоли дам олиш марказларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ишлаб чиқилган манзилли дастур асосида барча туманларда аҳоли дам олиш масканлари барпо этилмоқда. Чунончи, ўтган йили Дўстлик туманидаги маданият ва аҳоли дам олиш маркази капитал таъмирланиб, фойдаланишга топширилди.

Мустақиллик йилларида вилоятдаги тарихий масканлар ҳам обод ва гавжум бўлди. Миллий қадриятларимизни тиклашга қаратилаётган эътибор туфайли Ғаллаорол туманидаги Саъд ибн Абу Ваққос, Бахмал туманидаги Новқа ота, Ўсмат ота, Жиззах туманидаги Парпи ота, Янгиобод туманидаги Хўжамушкент каби муқаддас гўшаларда ҳам кенг кўламли қурилиш-ободонлаштириш ишлари амалга оширилиб, гавжум зиёратгоҳларга айлантирилди.

Юрт ободлиги – эл ободлиги, айни пайтда ҳар бир одам кўнглининг ободлигидир. Мустақиллигимиз туфайли биз бу ҳақиқатни тобора теран англаб етмоқдамиз. Ватанимизнинг қутлуғ тўйи олдидан амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишлари эса бу ҳақиқатни яна бир бор ҳар биримизнинг ёдимизга солмоқда.

Тошқул Бекназаров, ЎзА
4 970