Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.09.2017 12:41 Чоп этиш версияси

Мустақиллик – буюк ва бебаҳо неъмат

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Навоий вилояти кенгаши томонидан ўтказилган маданий-маърифий тадбир шундай номланди.

Ватанимиз мустақиллигининг 26 йиллиги муносабати билан “Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!” шиори остида ташкил этилган тадбирда партия фаоллари, тадбиркор хотин-қизлар, ёшлар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Президентимиз раҳнамолигида халқимиз турмуш фаровонлигини ошириш, миллий қадриятларимизни тиклаш, ёшларни ҳар томонлама баркамол этиб вояга етказиш борасида амалга оширилаётган ишлар юксак самаралар бераётгани таъкидланди.

Тадбирда партиянинг эзгу мақсад ва ғояларини кенг тарғиб этиш, ташаббус ва истиқболли лойиҳалари билан салмоқли натижаларга эришаётган бир гуруҳ партия фаоллари, тадбиркор ва фермерлар тақдирланди.

– Эл-юрт равнақи йўлида меҳнат қилаётганимдан фахрланаман, – дейди “Кармана ДАСД” хусусий корхонаси раҳбари Дилором Аслонова. – Бугунги кунда қурилиш материаллари, енгил саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳасида фаолият кўрсатиб келмоқдамиз. Жорий йилда ЎзЛиДеП марказий кенгаши ташаббуси билан ўтказилган “Ишбилармон аёл” кўрик-танловининг мамлакат босқичида биринчи ўринни эгалладим.

Партия вилоят кенгаши аёлларнинг сиёсий фаоллиги, жамиятдаги ўрни ва мавқеини ошириш бўлими томонидан ишбилармон хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айни пайтда вилоятда 9 минг 800 хотин-қиз партия аъзоси бўлиб, уларнинг аксарияти тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланмоқда.

Санъаткорларнинг Ватан, тинчлик ва мустақиллик мадҳ этилган куй-қўшиқлари тадбирга байрамона кайфият бағишлади.

Нуриддин Раҳимов, ЎзА
2 330






Все о погоде - Pogoda.uz