Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

18.08.2017 12:20 Чоп этиш версияси

Мустақиллигимизнинг ҳуқуқий асоси ёки конституциявий мустақиллик йўлидаги ўн муҳим қадам

Халқимиз учун қадрли ва улуғ байрам бўлган мустақиллик айёми яқинлашмоқда. Ота-боболаримизнинг ҳур ва эркин, фаровон, тенглар ичра тенг яшашга бўлган орзуси, ҳуқуқи бундан 26 йил муқаддам рўёбга чиққан кунни ҳақиқатан ҳам қанча байрам қилсак арзийди.

Мустақиллик ҳақида сўз кетса, албатта, унга эришиш йўлидаги мураккабликлар ва уни мустаҳкамлаш жараёнлари кўз ўнгимиздан ўтади.

Мустақиллик шундай улуғвор, айни дамда нозик тушунчаки, уни эълон қилишнинг ўзи кифоя эмас. Қачонки, давлатнинг ҳуқуқий асоси мустаҳкам бўлса, бошқалар у билан шундай асосларга таяниб муносабат ўрнатсагина чинакам суверен давлат сифатида ўз ўрнини эгаллайди ва тараққий этади. Шу маънода Ўзбекистоннинг дунё харитасида мустақил давлат сифатида пайдо бўлиши ва мустаҳкамланишида Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг ўрни ва роли беқиёс.

Одатда ҳар бир давлат ўзининг Конституциясига ва шу асосда ўз конституциявий тузумига эга бўлади. Соҳибқирон Амир Темурнинг “Темур тузуклари” Шарқ цивилизациясига хос алоҳида шаклдаги конституциявий ҳужжат хусусиятига эга бўлган. Амир Темур тузуклари фиқҳ қоидалари билан бир қаторда Марказий Осиё минтақаси халқлари тақдирига кучли таъсир ўтказган.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси яратилишининг тарихий солномасига назар солинса, ҳеч шубҳасиз, мустақиллик сари ташланган қадамларнинг мантиқий натижаси эканига ишонч ҳосил қилиш мумкин. Конституция “пойдевори”ни қуришда уч минг йиллик миллий давлатчилик тажрибасига таянилган.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, замонавий Ўзбекистоннинг тарихи – бу мамлакатимизнинг ҳақиқий мустақилликка эришиш йўлида Ислом Каримов раҳнамолигида олиб борилган ўта мураккаб ва оғир курашлар тарихидир. Буюк Йўлбошчимиз ҳақли равишда демократик талаблар ва халқаро мезонларга тўлиқ жавоб берадиган Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг асосий муаллифи эди.

Конституциявий мустақиллик йўлидаги биринчи ҳуқуқий қадам ўзбек тилига давлат тили мақоми берилиши бўлди. Мен ўша даврда Тил муаммоларини ўрганиш ишчи гуруҳи аъзоси сифатида Ислом Каримовнинг 1989 йил 23 июнда Ўзбекистоннинг биринчи раҳбари сифатида иш бошлаши билан боғлиқ тарихий жараёнларнинг бевосита иштирокчиси бўлганман.

1989 йил 21 октябрда “Давлат тили ҳақида”ги қонун қабул қилиниб, матбуотда эълон қилинди. Қонунда мустаҳкамланган муҳим ҳуқуқий қоидалар кейинчалик Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 4-моддасида қуйидагича мустаҳкамланди: “Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тилидир. Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилинишини таъминлайди, уларнинг ривожланиши учун шароит яратади”.

Конституциявий мустақиллик йўлидаги иккинчи ҳуқуқий қадам Президентлик институти таъсис этилиши билан боғлиқ. Юртимиз ҳаётидаги бу ғоят муҳим тарихий воқеа 1990 йил 24 март куни юз берди. Мустақиллигимиз эълон қилинишидан анча олдин, ўн иккинчи чақириқ Олий Советнинг биринчи сессиясида Ўзбекистон Президенти лавозимини жорий этиш ҳақида қарор қабул қилинди. Ушбу сессияда Ислом Каримов Ўзбекистоннинг биринчи Президенти этиб сайланди.

Мустақил Ўзбекистоннинг биринчи Конституциясини яратиш ғояси илк бор ана шу сессияда илгари сурилди. Мустабид тузум республикалари орасида биринчи бўлиб мамлакатимизда Президентлик лавозими таъсис этилгани бунинг яққол тасдиғидир.

Конституциявий мустақиллик йўлидаги учинчи ҳуқуқий қадам Конституциявий назорат комиссиясининг ташкил этилишидир. Президентлик институтини жорий этиш тўғрисидаги қарор қабул қилинган сессияда тасдиқланган Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритишга доир қонун лойиҳасида Конституцион назорат комитетининг тузилиши ҳам назарда тутилган эди. Бунда депутатлар томонидан ушбу олий давлат органининг Президентлик ҳокимиятини мувозанатга келтириб турувчи ўзига хос ҳуқуқий восита вазифасини бажаришига алоҳида урғу берилди. Шу тариқа бугун амалда бўлган яна бир конституциявий институт – Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига истиқлол арафасидаёқ асос солинди.

Конституциявий мустақиллик йўлидаги тўртинчи ҳуқуқий қадам давлат рамзларининг қабул қилинишидир.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг қабул қилиниши, Президент лавозимининг таъсис этилиши, давлат номининг эълон қилиниши, расмий давлат рамзлари – Давлат байроғи, герби ва мадҳиясининг қабул қилиниши, ўз валютаси, пойтахти, тили, ҳудуди, фуқаролиги, умумхалқ байрамларига эга бўлиш дунё харитасида янги мустақил давлат – Ўзбекистон Республикаси пайдо бўлганлигининг ифодасидир.

Конституциявий мустақиллик йўлидаги бешинчи ҳуқуқий қадам Мустақиллик декларациясининг эълон қилинишидир. Ўзбекистон Олий Кенгаши томонидан 1990 йил 20 июнда эълон қилинган Мустақиллик декларациясининг 8-бандида Ўзбекистон “ўзининг тараққиёт йўлини, ўз номини белгилайди”, деган қоида мустаҳкамланган. Декларациянинг 12-бандида ушбу ҳужжат республиканинг “янги Конституциясини ишлаб чиқиш учун асос” бўлиши қайд этилган.

Конституциявий мустақиллик йўлидаги олтинчи ҳуқуқий қадам Конституциявий комиссиянинг ташкил этилиши билан боғлиқдир. Олий Кенгаш қарори билан 1990 йил 21 июнь куни Ислом Каримов раислигида давлат арбоблари, депутатлар, мутахассислардан иборат 64 аъзони ўзида жамлаган Конституциявий комиссия тузилди ва Конституция лойиҳаси ана шу комиссия томонидан икки йилдан ортиқ вақт мобайнида тайёрланди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида бу ҳақда шундай деди: “Олий Кенгаш депутати сифатида мен ҳам Конституциявий комиссия таркибида Бош қомусимизни яратиш ва қабул қилиш жараёнида бевосита иштирок этганимни доимо фахрланиб эслайман. Конституциямизнинг қандай қилиб ҳозирги мазмун ва шаклга келгани, бу мураккаб жараёнда кечган қизғин тортишув ва баҳс-мунозаралар бугунгидек ёдимда. Ҳақиқатан ҳам, 90-йиллардаги ўта оғир даврда Асосий қонунимиз лойиҳасини ишлаб чиқишда Ислом Абдуғаниевичдек кенг миқёсда, стратегик фикрлайдиган, узоқни кўра оладиган буюк сиёсий арбобнинг бу ишга раҳбарлик қилгани ҳал қилувчи аҳамият касб этди”.

Конституциявий мустақиллик йўлидаги еттинчи ҳуқуқий қадам Давлат мустақиллигининг эълон қилинишидир. Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг 1991 йил 31 август куни ўн иккинчи чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг навбатдан ташқари олтинчи сессиясида сўзлаган нутқидаги: “Мен шу бугундан эътиборан 1 сентябрни республикамизда Мустақиллик куни, умумхалқ байрами, деб эълон қилишни таклиф этаман”, деган сўзлари Ватанимиз тарихига олтин ҳарфлар билан мангуга ёзилган.

Худди ўша куни Олий Кенгаш Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллиги тўғрисида Баёнот қабул қилди. Баёнотда таъкидландики, “Бундан буён Ўзбекистон Республикаси ҳудудида республика Конституцияси ва қонунлари шак-шубҳасиз устун деб эътироф этилади”. Шу куни “Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллиги асослари тўғрисида”ги конституциявий қонун қабул қилинди.

Конституциявий мустақиллик йўлидаги саккизинчи ҳуқуқий қадам 1991 йил 29 декабрь куни биринчи умумхалқ Президент сайлови ва давлат мустақиллиги тўғрисидаги референдум ўтказилганидир. Халқимиз давлат мустақиллигини қўллаб овоз берди ва муқобиллик асосида ўз Президентини сайлади.

1992 йил 4 январь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг ана шу сайлов ва референдум якунларига бағишланган тўққизинчи сессияси очилди. Ушбу сессияда Ислом Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимини бажаришга киришиш тантанали маросими бўлди.

Конституциявий мустақиллик сари қўйилган тўққизинчи ҳуқуқий қадам Конституция лойиҳасининг умумхалқ муҳокамасидир. Конституциявий комиссия 1992 йил 8 сентябрда Конституция лойиҳасини умумхалқ муҳокамаси учун эълон қилишга қарор қилди. Янги Конституциянинг биринчи лойиҳаси 1992 йил 26 сентябрь куни тайёр бўлди ва шу куни матбуотда чоп этилди. Лойиҳа эълон қилингач, унинг умумхалқ муҳокамаси жуда кенг тус олди. Бу очиқ-ошкора муҳокамалар фуқароларнинг сиёсий фаоллиги, ижодий кўтаринкилиги руҳида ўтди.

Конституция лойиҳаси ўтказилган муҳокамалар давомида келиб тушган таклифлар асосида тузатилди ва қайта ишланди. 1992 йил 21 ноябрь куни умумхалқ муҳокамасини давом эттириш учун Конституция лойиҳаси иккинчи марта газеталарда эълон қилинди.

Шундай қилиб, ҳуқуқий прецедент – икки босқичли умумхалқ муҳокамаси юз берди. Ушбу ҳолат, бир томондан, муҳокама иштирокчиларини фаоллаштириш учун қудратли рағбат вазифасини бажарган бўлса, иккинчи томондан, Асосий қонунимизнинг халқчиллигини таъминлади. Конституция лойиҳаси кенг жамоатчилик экспертизасидан ўтди.

Конституциявий комиссия томонидан 1992 йил 6 декабрда Конституция лойиҳаси охирги марта муҳокама этилди. Биринчи Президентимиз сессияда Конституцияни “халқчил қомус” деб атаб, унинг лойиҳаси устида тахминан икки йил давомида ишлангани, икки ярим ой мобайнида умумхалқ муҳокамасидан ўтганлиги ва шу вақт мобайнида у халқнинг фикр хазинаси дурдоналари билан бойитилганини, сайқал топганини таъкидлади.

Ислом Каримов Конституция лойиҳасини биринчи маротаба эълон қилингунча тўрт марта, кейинги эълон қилингунича икки марта, ҳужжатни сессияга киритишдан олдин яна бир марта таҳрир қилди. Бу тузатишлар ва қўшимчаларнинг ҳаммаси жуда муҳим эди.

Ислом Каримов Конституция лойиҳасини аёллар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлилиги, давлатнинг маданий ёдгорликлар, оналик ва болаликни муҳофаза қилиши ҳақидаги моддалар билан тўлдиришни таклиф қилди. Биринчи Президентимиз Конституциянинг инсон ва фуқаролар эркинликлари ва бурчларини қонуний мустаҳкамловчи моддаларига катта эътибор қаратди. Шу тариқа Конституция лойиҳаси Юртбошимиз томонидан етти марта текшириб чиқилганидан кейингина сўнгги муҳокама учун депутатларга тақдим этилди.

Ислом Каримов Конституциявий комиссия раиси сифатида сессияда маъруза қилди. Олий Кенгаш сессиясига муҳокама қилиш учун киритилган Конституция лойиҳасига 80 га яқин ўзгартириш, қўшимчалар таклиф этилди ва аниқликлар киритилди. Парламент депутатлари томонидан лойиҳа моддама-модда муҳокама қилиниб, унга яна бир қатор ўзгартиришлар киритилгач, 1992 йил 8 декабрь куни Бош қомусимиз қабул қилинди. Шу кундан эътиборан 8 декабрь – умумхалқ байрами деб эълон қилинди.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 20 июндаги “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг йигирма беш йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармойиши қабул қилингани Бош қомусимизга бўлган яна бир юксак эътибор намунаси бўлди. Энг улуғ, энг азиз байрамимиз – Мустақиллик айёмидан сўнг халқимиз яна бир улуғ байрам – Конституциямизнинг қутлуғ чорак асрлик тўйига тадорик кўради. Шу баҳона юртдошларимиз, айниқса, ёшларимиз фаровон ҳаётимиз пойдеворининг моҳиятини янада чуқур англаб, унга бўлган муҳаббати ошишига асло шубҳа йўқ.

Хулоса қилиб айтганда, Конституцияни ишлаб чиқиш, муҳокама этиш ва қабул қилиш жараёнлари, шунингдек, Асосий қонунимизнинг 25 йилдан буён амалда намоён этаётган самаралари Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг “Конституция – давлатни давлат, миллатни миллат сифатида дунёга танитадиган Қомуснома” бўлганлиги, у “халқимизнинг иродасини, руҳиятини, ижтимоий онги ва маданиятини” акс эттириши, унинг “халқимиз тафаккури ва ижодининг маҳсули” экани ҳақидаги ҳикматли хулосалари ғоятда тўғри ва асосли эканини яққол тасдиқлайди.

Акмал Саидов,
юридик фанлари доктори, профессор.

2 648






Все о погоде - Pogoda.uz