ЎзА Ўзбек

16.04.2018 20:40 Чоп этиш версияси

Мурувват уйига «Матиз» автомашинаси совға қилинди

“Халқ сўзи” ва “Народное слово” газеталари таҳририяти Қўрғонтепа туманидаги «Мурувват» ногирон болалар интернат уйига “Матиз” автомашинаси совға қилди.

“Халқ сўзи” ва “Народное слово” газеталари жамоаси томонидан ҳар йили мамлакатимизнинг турли вилоятларидаги болалар уйларига автомашина, турли мактаблар, мактабгача таълим муассасаларига совға-саломлар улашиш анъанага айланган. Қўрғонтепа туманидаги «Мурувват» ногирон болалар интернат уйига автомашина топширилганлиги ана шу саховатли ишнинг яна бир намунаси бўлди.

Айни кунда муассасада 280 нафар 4 ёшдан 18 ёшгача бўлган туғма ногирон, ақлан заиф болалар тарбияланади.

- Уларнинг кўпчилиги фақат ётиб кун кечирадиган ва эмаклаб ҳаракатланадиган болалардир, - дейди Қўрғонтепа туманидаги «Мурувват» ногирон болалар интернат уйи директори Хуршида Халилова. – Муассасамизда болаларнинг яшаши, саломатлигини назорат қилиш учун зарур барча шароитлар яратилган. Лекин ҳамма нарса бўлсада, меҳр ва эътиборга муҳтож болажонлар яшаётган жамоамизга “Халқ сўзи” ва “Народное слово” газеталари таҳририятининг кўрсатилган эътиборидан хурсандмиз.

Саҳоват, меҳр-оқибатнинг умри боқийдир. Ана шундай юксак инсоний фазилатлар, ўлмас қадриятлар улуғланаётган юртимизга асло кўз тегмасин.

Фаҳриддин Убайдуллаев, ЎзА
5 784