Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

18.04.2017 14:40 Чоп этиш версияси

Мурувват уйида кутубхона ташкил этилди

Андижон вилояти Қўрғонтепа туманида “Оила – маънавият булоғи” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси томонидан амалга оширилаётган “Дурдона” маърифий лойиҳаси асосида партиянинг Андижон вилояти кенгаши ва қатор ташкилотлар ҳамкорлигида Президентимизнинг 2017 йил 12 январдаги “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойиши ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилган тадбирда халқ депутатлари вилоят, туман Кенгашлари депутатлари, партия ва маҳалла фуқаролар йиғинлари фаоллари, Бобур номидаги вилоят ахборот-кутубхона маркази мутахассислари, ёшлар иштирок этди.

Мамлакатимизда аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида китобга қизиқишни ошириш, ҳар бир оилада мутолаа маданиятини шакллантириш борасидаги маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. Давлатимиз раҳбарининг юқоридаги фармойиши бу борадаги ишларни янада юқори босқичга кўтаришда муҳим дастуриламал бўлмоқда.

– Тадбирдан кўзланган асосий мақсад, оилаларда, айниқса, ёшлар ва аёллар ўртасида халқимизнинг бой маданий мероси, миллий қадриятларимизни кенг тарғиб қилиш, хусусан, китоб ва китоб мутолаасига қизиқишни оширишдир, – дейди Ўзбекистон Либерал-демократик партияси вилоят кенгаши “Аёллар қаноти” бўлим мудири Умидахон Исаева. – Бу юртдошларимизни эзгу ишларга кенг сафарбар этиш, жамиятнинг китобхонлик даражасини юксалтириш, оилалардаги маънавий муҳит барқарорлигини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Давра суҳбатида фармойишнинг мазмун-моҳияти, ҳаётимиздаги аҳамияти, инсон камолоти ва маънавияти юксалишида, ёшларни турли ёт ғоя ва иллатлардан асрашда китоб ва мутолаанинг ўрни хусусида фикр алмашилди.

Тадбир доирасида тумандаги Мурувват уйида партия вилоят кенгаши томонидан ташкил этилган жамоатчилик зиё маскани – кутубхона очилиш маросими ҳам бўлиб ўтди. Истеъдодли ёш ижодкорлар томонидан намойиш этилган бадиий дастур, ўқилган шеър ва ғазаллар иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.

Фахриддин Убайдуллаев, ЎзА
2 116






Все о погоде - Pogoda.uz