Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

14.04.2017 19:04 Чоп этиш версияси

Мурожаатлар таҳлили – тараққиёт омили

Тошкент вилояти аҳолиси Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати масъул ходимлари томонидан ташкил этилаётган сайёр қабулларда ўзларини қийнаётган муаммолар жойида ечим топаётганидан мамнун бўлмоқда.

Ангрен шаҳар ҳокимлигида 13 апрель куни Оҳангарон тумани ҳамда Ангрен шаҳри аҳолиси томонидан Президентимизнинг Виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналарига йўлланган мурожаатлар кўриб чиқилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Олий хўжалик суди, Марказий банк, Бош прокуратура, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар, Олий ва ўрта махсус таълим, Халқ таълими, Соғлиқни сақлаш, Мудофаа, Молия, Меҳнат, Адлия вазирликлари, давлат қўмиталари раҳбарлари, Тошкент вилояти, Ангрен шаҳри ва Оҳангарон тумани ҳокимликлари масъул ходимлари, фуқаролар иштирок этган очиқ мулоқотда Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида кўзда тутилган мақсад ва вазифаларни рўёбга чиқаришда давлат идоралари раҳбарлари, ҳар бир фуқаронинг бурчи ва масъулияти нималардан иборат экани ҳақида сўз юритилди.

– Жорий йилнинг 12 апрелига қадар Президентимизнинг Виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналарига Ангрен шаҳри аҳолисидан тушган 4 минг 900 дан ортиқ мурожаатнинг 94 фоизи кўриб чиқилган, қолганлари кўриб чиқилиш жараёнида, – дейди Ўзбекистон Республикаси Президентининг Тошкент вилоятидаги Халқ қабулхонаси мудири Акмал Исабоев. – Оҳангарон тумани аҳолиси томонидан қилинган 3 минг 217 мурожаатнинг 2 минг 909 таси кўриб чиқилган. Қолганлари ўрганилмоқда. Мурожаатларни ўрганиш натижалари таҳлили маҳаллий давлат идоралари мутасаддилари фаолияти самарадорлигини ошириш учун нималарга кўпроқ эътибор бериш лозим, деган саволга жавоб бўлмоқда. Ҳар икки ҳудуд фуқаролари кўпроқ уй-жой, иш ҳақи ва пенсия, меҳнат ва бандлик, моддий ёрдам, иссиқлик, электр энергияси ва табиий газ таъминоти, фуқаролик, паспорт ва прописка, суд, банк-молия, соғлиқни сақлаш, таълим, транспорт ва йўловчи ташиш, ободонлаштириш каби масалалар бўйича мурожаат қилган.

Тегишли соҳа мутасаддилари мавжуд муаммоларни мурожаат этувчилар иштирокида кўриб чиқиб, жойида ҳал қилишга алоҳида эътибор қаратмоқда.

– Оҳангарон туманидаги Четсув ва Тангатопди қишлоқларида 3 минг 100 дан зиёд аҳоли истиқомат қилади, – дейди четсувлик Худойберган ота Тўлаганов. – Тоғли ҳудудда жойлашган бу қишлоқларда маҳаллаларни бир бири билан боғлайдиган, мактаб, бозор ва туман марказига борадиган йўлларда 8 кўприк мавжуд. Аксарияти таъмирталаб бўлиб қолган бу кўприкларни тузатиш, имкони бўлса, янгидан қуриш масаласида мурожаат қилган эдим. Бу масала бўйича махсус комиссия тузилиб, ҳудуд уч кун ичида ўрганилиши айтилди. Тез кунларда асосий йўналишлардаги 2 кўприкда таъмирлаш ишлари бошланадиган бўлди. Барча қишлоқдошларим номидан Президентимизга раҳмат айтаман.

Ангренлик Дилноза Туропова жорий ўқув йилида Олмалиқ тиббиёт коллежини тамомлайди. У фермер хўжалигини ташкил этиб, Ангрен шаҳри ҳудудидаги 4 гектардан ортиқ қаровсиз ерда янги боғ яратиш истаги борлигини билдирди.

– Бу масала бўйича шаҳар ҳокимлигига бир неча бор мурожаат қилиб, ижобий жавоб ололмаётган эдим, – дейди Дилноза. – Президентимизнинг Виртуал қабулхонасига мурожаат қилганимдан сўнг ҳокимлик фермер хўжалигини ташкил этиш ва ер ажратишда амалий ёрдам беришини айтди. Бундан жуда хурсандман.

Шу куни Олмалиқ шаҳридаги «Металлург» маданият саройида Пискент тумани ва Олмалиқ шаҳри аҳолиси учун ҳам сайёр қабул ташкил этилди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан халқ дарду ташвиши билан яшаш бугунги куннинг долзарб вазифаси сифатида қўйилгани, Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ҳокимликлар вакиллари жойларда аҳоли билан бевосита мулоқотда бўлаётгани самарасида аҳолини қийнаётган муаммолар жойида ҳал этилаётгани таъкидланди.

Жорий йилнинг 13 апрель кунига қадар Президентимизнинг Виртуал қабулхонасига Пискент тумани ва Олмалиқ шаҳри аҳолисидан 7 минг 600 га яқин мурожаат тушган. Мурожаатларнинг қирийб 6 мингтаси Олмалиқ шаҳри аҳолисидан бўлиб, бугунги кунда уларнинг 94 фоизи кўриб чиқилган, қолганлари ижрода. Пискент тумани аҳолисидан тушган 1 минг 600 мурожаатнинг 1 минг 428 таси кўриб чиқилган, 172 мурожаат кўриб чиқилиш жараёнида.

Очиқ мулоқотлар маҳаллий ҳокимликлар иш фаолиятига эътиборни янада кучайтириб, мутасадди идоралар раҳбарлари зиммасидаги масъулиятни оширмоқда. Натижада қайси соҳаларда ечимини кутаётган муаммолар борлиги юзага чиқаётир.

– Сайёр қабулда мурожаатларнинг аксарияти турли ташкилот ва идоралар ҳамкорлигида ҳал қилинди, – дейди Олмалиқ шаҳри ҳокими Баҳром Маннопов. – Бу ҳудуддаги ислоҳотлар жараёнида ва аҳолини қийнаётган муаммоларни ҳал қилиш давомида ўзаро ҳамкорликни янада самарали ташкил қилишимиз лозимлигини кўрсатди. Бугун мурожаатларни ўрганиш тизимини шаҳримиз доирасида қайта кўриб чиқиб, маҳаллаларга, ҳар бир хонадонга кириб бориш лозимлигини янада чуқур англадик. Бу борадаги камчиликларимизга танқидий ёндашиб, уларни тезкорлик билан бартараф этамиз.

Олмалиқ шаҳри «Чамбил» ва «Бўстон» маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси номидан мурожаат қилган Гулноза Эшонова ҳудуд аҳолиси ўз яшаш манзилидаги ички йўллар таъмирталаб бўлиб қолгани, қор-ёмғирли кунларда фарзандлари мактабга боришда қийналаётганини айтиб, масала ҳал қилиб берилишини сўради. Жорий йилнинг июнь-июль ойлари – кунлар исиб, ердаги намгарчилик йўқолганида ишлар бошлаб юборилишини эшитган маҳалла фаоллари Президентимизга миннатдорлик билдирди.

Пискент тумани Саидобод маҳалласида истиқомат қилувчи Саҳобиддин Зиёвиддинов «Мирокредитбанк» акциядорлик тижорат банкининг туман филиалига тўйхона қуриш мақсадида гаров таъминоти ва фоиз ставкасисиз 100 миллион сўм маблағ сўраб ариза бергани, бу борада унга банк томонидан ҳеч қандай амалий ёрдам кўрсатилмаётганини таъкидлаб, мурожаат қилди.

Фуқаро мурожаати ўрганилганда, у мазкур банкдан тўйхона қуриш бизнес-режасини амалга ошириш мақсадида жорий йилнинг февраль ойида 3 йил муддатга, тегишли имтиёзлари билан 30 миллион сўм кредит олгани, бу маблағнинг бир қисмини мақсадсиз сарф қилгани маълум бўлди.

– Аввало, тадбиркорга банк гаров таъминоти ва фоиз ставкасисиз кредит ажрата олмаслигини, бу борада белгиланган тартиб мавжудлигини тушунтирдик, – дейди «Мирокредитбанк» акциядорлик тижотат банкининг Пискент тумани филиали раиси Рустам Муқимов. – Тўйхона қуриш жараёнида эса барча ишларни банкка тақдим этилган бизнес-режага мувофиқ амалга ошириши лозимлиги уқтирилди.

Фуқаролар мурожаатлари ҳар томонлама таҳлил қилинар экан, уларнинг юзага келиш сабаблари ҳам ўрганилди. Бу жараёнда айрим мутасадди раҳбарлар ўз вазифасига лоқайдлик ва масъулиятсизлик билан ёндашгани таъкидлаб ўтилди.

Тошкент вилоятида сайёр қабуллар давом этмоқда.

Икром Аввалбоев, ЎзА
2 827






Все о погоде - Pogoda.uz