Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

09.02.2017 19:40 Чоп этиш версияси

Мурожаатлар чуқур таҳлил қилинди

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари Қорақалпоғистон Республикаси Чимбой туманида амалга оширилаётган ислоҳотлар, аҳоли яшаш шароитлари билан танишди.

Парламент аъзолари ва маҳаллий Кенгашлар депутатларидан иборат гуруҳ ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, қабул қилинаётган қонун ва бошқа ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар ижросини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар, давлат ва жамоат ташкилотлари, маҳаллалар, таълим ва тиббиёт муассасалари фаолиятини ўрганди.

120 мингга яқин аҳоли истиқомат қилаётган Чимбой туманида ҳудудни комплекс ривожлантириш дастурига мувофиқ саноат, қурилиш, қишлоқ хўжалиги, ижтимоий соҳаларда салмоқли натижаларга эришилмоқда. Жумладан, ўтган йили туманда 103,2 миллиард сўмлик саноат маҳсулотлари, 63,8 миллиард сўмлик халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқарилди, 11 миллион 248 минг долларлик маҳсулот экспорт қилинди.

Туманда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида 2016 йилда тижорат банклари томонидан 32 миллиард 682 миллион сўм миқдорида кредит маблағи ажратилди. Аҳоли бандлигини таъминлаш дастури асосида 3 минг 337 янги иш ўрни яратилди. Ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурига мувофиқ амалга оширилган 6 миллиард 540 миллион сўмлик 115 лойиҳа асосида 755 янги иш ўрни ташкил этилди.

Аҳолининг мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларга муносабатини ўрганиш ва уларни ўйлантираётган муаммоларни ҳал этишга кўмаклашиш мақсадида тумандаги “Кўк сув”, “Тоза жўл”, “Тақ жап”, “Пашен тов”, “Бахтли”, “Қўш терак”, “Кенгес”, “Қизил ўзак”, “Қамис-ариқ”, “Тазғара” овул фуқаролар йиғинлари ҳудудида яшовчи 251 оилада бўлган депутатлар уларнинг яшаш шароитлари билан танишиб, мурожаатларини тинглади. Мурожаатлар асосан электр энергияси, табиий газ, ичимлик суви таъминотидаги узилишлар, тиббий хизмат, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш, банк-кредит, пенсия, иш ҳақи ва ижтимоий нафақаларни ўз вақтида олиш, қурилиш, транспорт, тадбиркорлик фаолиятига тўсиқ бўлаётган муаммолардан иборат. Аҳоли томонидан кўтарилган муаммоларнинг айримлари шу ернинг ўзида ечимини топди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий Кенгашлар депутатлари томонидан ўрганилган масалалар халқ депутатлари Чимбой тумани Кенгашининг ўн тўққизинчи сессиясида муҳокама этилди.

Сессияда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Ж.Абдужамилов, туман ҳокими Ў.Қозоқбоев, Ўзбекистон – Хитой қўшма корхонаси – “Ланэкстракт” масъулияти чекланган жамияти ижрочи директори М.Ғоипов ва бошқалар Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилининг моҳияти ҳақида сўзлаб, айни пайтда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари раҳбарларининг аҳоли билан мулоқотлари муаммоларга жойида ечим топиш ва ҳудудларни ҳар томонлама ривожлантириш, халқимиз фаровонлигини янада юксалтиришга хизмат қилаётганини таъкидлади. Ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳамда аҳоли турмуш даражасини оширишга тўсиқ бўлаётган камчилик ва нуқсонлар, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари, фермерларнинг ўз фаолиятини кенгайтириш, ер ажратиш, кредит олиш ва бошқа масалалар юзасидан қилган мурожаатлари атрофлича таҳлил қилинди.

Сессияда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Н.Исмоилов, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси М.Ерниязов сўзга чиқди.

Аминбой Ортиқбоев, ЎзА
3 373






Все о погоде - Pogoda.uz