Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

20.09.2017 17:09 Чоп этиш версияси

Мурожаат қилиш ҳуқуқи кафолатлари кучайтирилди

Мурожаатга эътибор инсонга, унинг дарду ташвишига бўлган эътибордир. Бу масала мамлакатимизда алоҳида эътиборда экани давлат сиёсатининг инсонпарварлиги, халқчиллиги намунасидир.

Мурожаат қилиш – фуқароларнинг муҳим сиёсий ҳуқуқларидан бири ҳисобланади. Мурожаатлар орқали халқимизнинг кайфияти, шарт-шароити, олиб борилаётган ислоҳотларга муносабатини билиш мумкин.

Мурожаатларга муносабат тубдан ўзгаргани сабаб халқимиз давлат органлари ва мансабдор шахслар фуқаролар ва жамият олдида масъул эканлигини, халқ манфаати устуворлигини ўз ҳаётларида яққол ҳис қила бошлади. Бу Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги фармонида мурожаатлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга оид қўйилган вазифанинг амалда таъминланаётгани натижасидир.

Фармонга мувофиқ ишлаб чиқилган «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида"ги қонун шу йил 12 сентябрда матбуотда эълон қилинди ва кучга кирди. Унга кўра, янги таҳрирдаги «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги қонун тасдиқланди.

6 боб, 38-моддадан иборат янги таҳрирдаги қонуннинг энг муҳим янгилиги унинг амал қилиши давлат иштирокидаги ташкилотларга нисбатан ҳам татбиқ этилишидир. Бунинг моҳияти шундаки, аввалги қонунда давлат органларига мурожаат қилиш кафолатлари акс этган бўлса, энди бунинг доираси кенгайтирилди. Яъни энди давлат улуши мавжуд бўлган тижорат ташкилотларига мурожаатлар ҳам қонун ҳимоясида бўлади.

Яна бир муҳим янгилик – мурожаатларни кўриб чиқишнинг асосий принциплари белгилаб қўйилди. Яъни қонунда анъанавий принциплар билан бир қаторда мурожаатларни ўз вақтида ва тўлиқ кўриб чиқиш, мурожаатларга нисбатан талабларнинг бир хиллиги, мурожаатларни кўриб чиқишда бюрократизм ва сансоларликка йўл қўйилмаслиги каби махсус принциплар белгиланди.

Гоҳида шундай ҳолатлар ҳам учрайдики, фуқаро мурожаатда уч ёки тўртта масалани ҳал қилишни сўрайди, амалда эса унинг фақат битта талаби кўриб чиқилади. Шунинг учун ҳам қонунга “тўлиқ кўриб чиқиш” деган алоҳида раҳбарий талаб киритилди. Халқона айтганда “отангга бор, онангга бор” қабилидаги сансоларлик фуқароларни қийнаётган омиллардан. Шунинг учун ҳам бундай ҳолларга йўл қўймаслик мақсадида юқоридаги принцип белгилаб қўйилди.

Ҳуқуқшунослик фани назариясидан маълумки, қонунларда принциплар шунчаки белгиланмайди. Принцип бутун бир қонуннинг мазмун-моҳиятини ўзига бўйсундирувчи, раҳбарий қоидадир. Агар қонуннинг бошқа нормалари фуқароларга турлича талаб ва мажбуриятлар юклашга йўл қўйганида ҳам қонуннинг принциплари устуворлик қилади. Ҳар қандай ҳолда ҳам бюрократизмга йўл қўйилиши тақиқланади.

Қонунга "Асосий тушунчалар" деган янги модда киритилди. Унда мурожаатлар амалиётида кўп учраётган янги тушунчаларнинг мазмуни белгилаб берилди. Улар қаторидан “электрон мурожаат”, “такрорий мурожаат”, “аноним мурожаат”, “мурожаатнинг дубликати”, “оммавий қабул”, “видеоконференцалоқа”, “давлат иштирокидаги ташкилот” кабилар ўрин олган.

Хабарингиз бор, аввал электрон мурожаат учун электрон рақамли имзо талаб қилинган. Бу мурожаат қилишни анча чегаралайдиган омил эди. Чунки электрон рақамли имзо олишнинг ўзи алоҳида тартиб-таомилни талаб қилади. Бундай чекловни бартараф этиш мақсадида қонундан "электрон рақамли имзо билан тасдиқланган бўлиши керак", деган талаб чиқарилди. Албатта, бу жуда катта қулайлик бўлиб, фуқароларнинг узоғини яқин қилишга, маблағи тежалишига, оворагарчиликларнинг олди олинишга замин яратди.

Қонунда янги институт – жисмоний ва юридик шахслар вакилларининг оммавий қабулларини ташкил этилиши мумкинлиги мустаҳкамлаб қўйилди. Эндиликда оммавий қабул ҳовлиларга (квартираларга), бошқа биноларга ва жойларга бирма-бир кириб чиқиш орқали ҳам ўтказилиши мумкин.

Бундан ташқари, қонунда оғзаки мурожаатлар реал вақт режимида ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда, жумладан, давлат органларининг, ташкилотларнинг ишонч, тезкор алоқа телефонлари орқали ва видеоконференцалоқа воситасида ҳам берилиши мумкинлиги қайд этилди. Буларнинг барчаси мурожаат этган шахслар ҳуқуқлари ҳимоя қилиниши, улар томонидан кўтарилган масалалар қонун доирасида кўриб чиқилишини кафолатлашга хизмат қилади.

Қонундаги яна бир муҳим янгилик – бу Халқ ва виртуал қабулхоналар, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари ва Виртуал қабулхонаси, уларнинг асосий вазифалари, Президент Халқ қабулхоналарининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, Президентнинг Виртуал қабулхонаси томонидан мурожаатларга доир масалалар бўйича реал вақт режимида маслаҳатлар бериш, давлат органларининг, ташкилотларнинг ва улар мансабдор шахсларининг виртуал қабулхоналарини ташкил этиш каби масалалар қонунан тартибга солинганлигидир. Албатта, бу фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга, Президентнинг Халқ қабулхоналари ва Виртуал қабулхонаси мақомини қонун йўли билан янада мустаҳкамлашга, уларнинг ҳуқуқий таъсир ва имкон доираларини янада оширишга хизмат қилади.

Ҳозирги вақтда қатор органлар ўзларининг виртуал қабулхоналарини ташкил қилган. Мурожаатларни қабул қилишнинг бундай ҳолатини қонунан мустаҳкамлаш мақсадида қонуннинг 14-моддасида аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотни ташкил этиш, мурожаатларнинг кўриб чиқилиши устидан тизимли мониторинг ва назоратни амалга ошириш, шунингдек, мурожаатлар билан ишлашда замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш мақсадида давлат органлари, ташкилотлар ва улар мансабдор шахслари ўз виртуал қабулхоналарини ташкил этиши мумкинлиги белгилаб қўйилди.

Маълумки, ҳар қандай ишда муваққият гарови бу – тартиб-интизомнинг тўғри йўлга қўйилгани ҳисобланади. Бунда эса иш юритиш тартибини тўғри йўлга қўйиш муҳим аҳамият касб этади. Мурожаатлар билан ишлашда турлича амалиётга чек қўйиб, ягона тартиб ўрнатиш мақсадида қонунга алоҳида “Мурожаатлар бўйича иш юритиш” деб номланган янги модда киритилди. Унда давлат органи, ташкилот ёки уларнинг мансабдор шахсига келиб тушган мурожаат ўша куннинг ўзида, иш вақти тугаганидан кейин келиб тушган тақдирда эса, кейинги иш куни рўйхатдан ўтказилиши керак.

Мурожаатни рўйхатдан ўтказишни рад этишга йўл қўйилмайди. Давлат органларида, ташкилотларда мурожаатларни рўйхатдан ўтказиш дафтари юритилиб, унда мурожаатнинг тартиб рақами ва келиб тушган санаси, мурожаат этувчи жисмоний шахснинг фамилияси (исми, отасининг исми), юридик шахснинг номи, мурожаатнинг қисқача мазмуни, ижроси тўғрисидаги белги, шунингдек, бошқа маълумотлар кўрсатилади. Мурожаатлар билан ишлашда электрон ҳужжат айланиши тизимини жорий этиши ҳам мумкин.

Оммавий қабулларни ўтказиш амалиёти кўп ҳолларда фуқаролар оғзаки равишда мурожаат қилаётгани, кўпгина талаблар ўз жойида ҳал қилинаётгани ҳамда натижалар кўпчиликка очиқ-ошкора маълум бўлаётгани сабабли бундай турдаги қабуллар вақтида тушган ва жойида ҳал этилган оғзаки мурожаатларни рўйхатдан ўтказиш талаб қилинмайди. Фақат мурожаат билан боғлиқ маълумотлар оммавий қабул баённомасида қисқача келтирилиши мумкин.

Қонуннинг 26-моддасига мурожаат этувчини эшитиш, деган янги процессуал ҳаракат киритилди. Унда мурожаатни кўриб чиқаётган давлат органи, бошқа ташкилот ёки уларнинг мансабдор шахслари ўз ташаббусига кўра ёхуд мурожаат этувчининг илтимосига кўра уни эшитишни ташкил этиши мумкин. Давлат органи, ташкилот ёки уларнинг мансабдор шахслари мурожаат этувчига мурожаатда кўтарилган масалалар бўйича ўз фикрини билдириш ва мурожаат бўйича қўшимча ахборот тақдим этиш имкониятини бериши, давлат органи, ташкилот ёки уларнинг мансабдор шахслари мурожаат этувчини эшитишга экспертларни, мутахассисларни ва манфаатдор ташкилотларнинг вакилларини жалб этиши мумкин.

Қонуннинг 27-моддасида мурожаатларга жавобларга нисбатан ягона талабларни белгилаш мақсадида янги модда киритилди. Унга кўра, мурожаатларни кўриб чиқиш натижаларига кўра давлат органи, ташкилот ёки уларнинг мансабдор шахслари томонидан қарор қабул қилинади. Бу ҳақда мурожаат қилувчига дарҳол ёзма ёки электрон шаклда хабар қилинади. Мурожаатга жавобни давлат органининг, ташкилотнинг раҳбари ёки уларнинг мансабдор шахси имзолайди. Жамоавий мурожаатларга жавоб, агар мурожаатда жавобни бошқа шахсга юбориш талаб этилмаган бўлса, мурожаат қилувчиларнинг рўйхатида биринчи кўрсатилган шахсга юборилади.

Мурожаат, агар унда қўйилган барча масалалар қонун талабларига мувофиқ кўриб чиқилган ва мурожаат қилувчига тегишли жавоб юборилган тақдирда, кўриб чиқилган ҳисобланади.

Қонуннинг 33-моддасида давлат органлари мурожаатлар билан иш олиб борувчи ўз ходимларини ўқитиши ва уч йилда камида бир марта уларнинг малакасини оширишига оид талаблар белгиланган.

Қонун нормалари бажарилиши устидан назорат самарадорлигини ошириш мақсадида 34-моддада давлат органларининг, ташкилотларнинг раҳбарлари ёки ваколат берилган бошқа мансабдор шахслари ўз тузилмавий бўлинмалари томонидан мурожаатларнинг кўриб чиқилиши устидан доимий мониторинг ва назоратни амалга оширади. Уларнинг тўлиқ, холисона ва ўз вақтида кўриб чиқилишини таъминлаш чораларини кўради. Мурожаат у қайси раҳбар ёки ваколат берилган бошқа мансабдор шахс томонидан назоратга олинган бўлса, ўша шахс томонидан назоратдан ва ижродан олиниши, оралиқ жавоблар берилган ва тўлиқ кўриб чиқилмаган мурожаатлар назоратдан олинмаслиги қонунда белгилаб қўйилди. Албатта, мазкур норма ҳам фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишга хизмат қилади.

Мурожаатлар бўйича ҳисоб ва ҳисоботни самарали юритиш мақсадида қонуннинг 35-моддасида давлат органлари, ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахслари келиб тушган мурожаатларнинг статистик ҳисобини юритиши, статистик ҳисобга олишда келиб тушган, кўриб чиқилган, қаноатлантирилган, қаноатлантириш рад этилган, кўрмай қолдирилган мурожаатларнинг сони, шунингдек, мурожаатлар билан ишлашга боғлиқ бўлган бошқа маълумотлар назарда тутилади. Давлат органлари, ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахслари ҳар чоракда мурожаатларни умумлаштириши ва таҳлил қилиши (аввалги таҳрирда бир йилда камида бир марта эди) мустаҳкамлаб қўйилди.

Давлат органлари мурожаатларни умумлаштириш ва таҳлил қилиш натижаларига кўра маълумотномалар (шарҳлар) тузади. Уларда мурожаатлар билан ишлашнинг умумий кўрсаткичлари, мурожаатларда тез-тез кўтарилган масалалар, мурожаатларни кўриб чиқиш якунлари бўйича аниқланган асосий камчиликлар ва қоидабузарликлар, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари, шунингдек, жамият ва давлат манфаатлари бузилишини келтириб чиқарувчи сабабларни бартараф этиш мақсадида кўрилган чора-тадбирлар акс эттирилади. Мурожаатларни умумлаштириш ва таҳлил қилиш натижаларига кўра тузилган маълумотномалар (шарҳлар) тегишли давлат органларининг расмий веб-сайтларида эълон қилинади.

Хулоса қилиб айтганда, янги таҳрирда қабул қилинган мазкур қонун мурожаатлар билан ишлаш бўйича сифат жиҳатидан мутлақо янги тизимга ўтаётганлигимизнинг қонуний асосидир. Унинг туб моҳиятига халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халқимизга хизмат қилиши кераклиги сингдирилган.

Миравзал Миракулов,
юридик фанлари доктори.

ЎзА
4 379






Все о погоде - Pogoda.uz