Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

03.04.2017 19:23 Чоп этиш версияси

Мулоқот маданияти – тинчлик ва тараққиёт омили

Нукусда фуқаролар йиғинларининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилари учун “Мулоқот маданияти – оилалар билан ишлашнинг муҳим омили” мавзусида ўқув-семинари ўтказилди.

Қорақалпоғистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Қорақалпоғистон Республикаси бўлими ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда фуқаролар йиғинларининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилари, хотин-қизлар, журналистлар иштирок этди.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси З.Иброҳимова, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Қорақалпоғистон Республикаси бўлими бошлиғи Х.Елмуратов ва бошқалар “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастури аҳоли билан очиқ мулоқотни тизимли йўлга қўйиш ва халқнинг давлат ҳокимиятига ишончини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидлади.

Президентимиз раҳнамолигида жойларда доимий мулоқот қилиш ва одамлар дуч келаётган муаммоларни ҳал этишнинг замонавий механизм ва самарали усулларидан фойдаланиш, мансабдор шахсларнинг аҳоли олдида ҳисобот бериш тизимини амалда татбиқ этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунда давлат идоралари билан бирга жамоат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳам фаол иштирок этаётир.

Семинарда маҳаллаларда соғлом ва маънавий барқарор муҳитни таъминлашда фуқаролар йиғинларининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилари фаолиятини янада такомиллаштиришга оид ишлар муҳокама қилинди. Оилалар билан самарали иш олиб боришда маслаҳатчилар мулоқот маданиятининг аҳамияти, маслаҳатчилар ва фаол хотин-қизларда мулоқот маданиятини юксалтириш каби мавзуларда маърузалар тингланди.

– Тадбирда фуқароларнинг қонуний талаб ва эҳтиёжлари, ўй-фикрлари, ташаббусларини доимий ўрганиш, ишимизни аҳоли билан самимий мулоқот асосида самарали ташкил этиш борасидаги билимимизни бойитдик, – дейди Нукус шаҳридаги “Гулзор” маҳалла фуқаролар йиғинининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси Н.Сатуллаева. – Оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштириш, уларнинг турмуш шароитини яхшилаш, фуқароларнинг муаммоларини жойида ҳал этишда намунали маҳаллаларда тўпланган илғор тажрибалар билан танишдик.

Аминбой Ортиқбоев, ЎзА
1 503






Все о погоде - Pogoda.uz