Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.02.2017 14:18 Чоп этиш версияси

Фарғонада “Маҳалла – менинг тақдиримда” танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди

Фарғонада “Маҳалла – менинг тақдиримда” танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ва бошқа ҳамкор ташкилотлар томонидан анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Маҳалла – менинг тақдиримда” кўрик-танлови билимли, истеъдодли, ўзи истиқомат қилаётган маҳалла фаолиятига бефарқ бўлмаган авлодни камолга етказишга хизмат қилиш билан бирга, уларда ватанпарварлик, миллий қадриятларимизга ҳурмат туйғусини мустаҳкамламоқда.

Фарғонада бўлиб ўтган “Қадриятлар бешигисан, азиз маҳаллам!” шиори остидаги мазкур танловнинг вилоят босқичи ёшлар ўртасида билим ва тафаккур баҳсига айланди. Танловнинг ҳудудий босқичларида сараланган 19 жамоа маҳалла ҳаёти, тарихи, миллий ғоя, маънавият асослари ва бошқа тушунчалар доирасида ўз билим ва кўникмасини намойиш этди.

Мамлакатимизда навқирон авлодни жисмонан соғлом, маънан етук инсонлар этиб тарбиялаш, уларнинг интилиш ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, истеъдод ва салоҳиятини намоён этиши учун кенг шароит ва имкониятлар яратишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. Бундай улуғвор ишларда маҳалла институти фаол иштирок этиб, ёшларимизнинг ўзлари танлаган соҳада юксак ютуқларга эришишига кўмаклашаётир.

– Бугунги танлов тенгдошларимиз билан танишиш, билимларимизни янада мустаҳкамлашга хизмат қилиш билан бирга, чинакам дўстлик байрамига айланди, – дейди иштирокчи Шоҳимардон Толибжонов. – Бундай тадбирлар бизни «Кеча ким эдигу бугун ким бўлдик, эртага қандай марраларни эгаллашимиз керак?» деган ҳаётий саволларни ўз олдига қўйган ҳолда келажакка бугундан шукроналик ва эртанги кунга ишонч туйғуларини янада теран ҳис этишга ундайди.

Биринчи ўринни Фарғона шаҳар “Оқариқ” маҳалла фуқаролар йиғинининг “Юртпарвар” жамоаси қўлга киритди ва у танловнинг мамлакат босқичида иштирок этади. Иккинчи ва учинчи ўринларни Ёзёвон туманидаги “Қорасоқол” маҳалла фуқаролар йиғинининг “Ғолиблар”, Тошлоқ туманидаги “Фурқат” маҳалла фуқаролар йиғинининг “Истиқбол” жамоалари эгаллади.

Маъсуджон Сулаймонов, Муқимжон Қодиров (сурат), ЎзА
2 424






Все о погоде - Pogoda.uz