ЎзА Ўзбек

02.03.2018 12:35 Чоп этиш версияси

Муаммоли оилалар билан ишлаш тажрибаси

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши бошқаруви томонидан Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур туманидаги Ҳувайдо маҳалласида “Муаммоли оилалар билан ишлаш тажрибаси” мавзуида амалий семинар ташкил этилди.

Тадбир қатнашчилари Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 14 февралдаги “Тошкент шаҳрида жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этиш тўғрисида”ги ва Вазирлар Маҳкамасининг 15 февралдаги “Маҳалла институтининг янада самарали фаолият юритишини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари ижроси юзасидан амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан таништирилди.

“Ҳувайдо” МФЙ тажрибаси ҳақида сўз юритилди. Раис Илҳомхўжа Асадовнинг айтишича, маҳаллада 3 мингдан зиёд одам истиқомат қилади. Бандликни таъминлаш мақсадида тадбиркорликни ривожлантириш, савдо-сотиқ, касаначилик, миллий ҳунармандлик, чорвачилик, паррандачилик ва асаларичилик, оилавий тадбиркорлик ҳамда ишбилармонликнинг бошқа турлари билан шуғулланишга катта эътибор қаратилмоқда.

Ҳудудда биттадан оилавий поликлиника, мактаб, масжид, автомобиль таъмирлаш устахонаси, иккитадан новвойхона ва дорихона, 4 умумий овқатланиш шохобчаси, 6 дўкон, 2 та болалар ўйингоҳи ва спорт майдончаси доимий ишлаб турибди. Меҳнатга лаёқатли, лекин ишламайдиган 12 нафар уюшмаган ёш авлод вакилини ишга жойлаштириш, спорт машғулотлари ва тўгаракларга жалб этиш бўйича тегишли чоралар кўрилмоқда.

Ҳудуддаги 169-умумтаълим мактабига қатновчи 565, коллежга борадиган 98 ва 24 нафар лицей ўқувчисининг давомати қатъий назоратга олинган, дарсга қатнамаётган, доимий кечикаётган ва таълим муассасаси ички тартибларини бузаётган болаларнинг ота-оналари билан суҳбатлар ўтказилмоқда. Маҳаллада доимий рўйхатга олинган, аммо яшамаётган 214 нафар фуқаронинг қаерда истиқомат қилаётгани ва оилавий шарт-шароити ҳам ўрганилди. Хорижга чиқиб кетган фуқаролар сони 42 нафар бўлиб, улар билан яқин қариндошлари орқали доимий алоқа ўрнатилган, ҳол-аҳволи, нималар билан машғуллиги мунтазам аниқлаб борилади.

2017 йилда ҳар бир оилага бирма-бир кириб чиқилиб, ижтимоий-маънавий муҳит ўрганилди, 5 та ночор ва эҳтиёжманд оила имтиёзли кредит олиш йўли билан Сергели туманида қурилаётган уй-жой билан таъминланди.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи тузилмалар, жумладан, профилактика инспектори, посбон, маслаҳатчи билан самарали ҳамкорлик туфайли вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар содир этилмаяпти. 2016 йили умумий ҳуқуқбузарликлар сони 12 та, ноқобил ва нотинч оилалар 7 та бўлган бўлса, 2017 йилда 2 жиноят содир этилди, ноқобил ва нотинч оилалар сони 2 тани ташкил қилди. Диний экстремистик оқимларга мойил 5 нафар фуқарони имом-хатиблар, зиёлилар ва обрўли шахсларни жалб этган ҳолда тўғри йўлга солиш, радикал кайфиятдан холи қилиш, юртимизда кечаётган ислоҳотлар жараёнининг фаол иштирокчисига айлантириш бўйича тизимли ишлар ташкил этилди. Уларга ҳаж ва умрага бориб келган ёки бундай зиёратларни амалга ошириш истагида бўлган нуфузли фаоллар бириктирилган.

Тадбирда иштирокчилар маҳалла яраштириш комиссияси фаолияти ҳамда маҳалла институтига оид тажриба билан ҳам танишди. Тумандаги маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари ва аҳоли вакиллари ўзларини қизиқтирган турли саволларга жавоблар олди.

Моҳигул Қосимова, ЎзА
10 079