Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

24.10.2017 15:55 Чоп этиш версияси

Муаммоларга ечим топишнинг самарали усули

Президентимизнинг 2017 йил 8 августдаги “Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори жойларда камчилик ва муаммоларни бартараф этиш, раҳбарларнинг масъулиятини ошириш, аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилмоқда.

Мазкур ҳужжатга кўра, барча вилоят, туман ва шаҳарларда ҳокимлик, прокуратура, ички ишлар ва давлат солиқ хизмати ҳудудий органлари раҳбарлари бошчилик қиладиган секторлар самарали фаолият кўрсатмоқда.

Қашқадарё вилоятида ҳам вилоят ҳокими, прокурори, ички ишлар бошқармаси бошлиғи ва давлат солиқ бошқармаси раҳбари бошчилигидаги 4 сектор ташкил этилиб, ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар бўйича "йўл харитаси" ишлаб чиқилди. Хусусан, Ғузор, Китоб ва Шаҳрисабз туманлари вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғи С.Раҳмонқулов раҳбарлигидаги тўртинчи секторга бириктирилган.

Мазкур туманлардаги жами 12 секторга туман ташкилотларидан раҳбар ходимлар бириктирилиб, туну кун фаолият юритадиган штаблар ташкил этилди, уларга малакали мутахассислар жалб қилинди.

Штаблар иш фаолияти самарадорлигини ошириш мақсадида ҳар бир секторга зарур жиҳозлар билан таъминланган алоҳида бино ва хоналар ажратилган. Секторлар штабига борадиган автойўл ёқасида сектор жойлашуви кўрсаткичи ҳамда сектор штаби жойлашган бино пештоқига секторнинг тартиб рақами кўрсатилган пешлавҳалар ўрнатилган.

Сектор масъуллари кўчама-кўча, уйма-уй юриб, мавжуд вазиятни ҳар томонлама чуқур ўрганмоқда, муаммолар ҳар бир соҳа ва йўналиш бўйича махсус дафтарга доимий қайд этиб борилмоқда.

Кам таъминланган, ногирон ҳамда оғир касалликка чалинган, тиббий ёрдамга муҳтож оилалар аъзолари, уюшмаган ёшлар ёки фарзандлари ишсиз, нотинч оилалар, жиноят содир этган хотин-қизлар, ўз жонига қасд қилганларнинг оилалари, диний-экстремистик оқим аъзолари сифатида ҳисобга олинган шахслар, ички ишлар идораларида профилактик ҳисобда турган вояга етмаганлар, уй-жойга муҳтож хонадонлар сони аниқланиб, алоҳида ўрганилмоқда.

Ҳозирга қадар сектор томонидан 89 минг 239 хонадон ва объект ўрганилди. Бу жараёнда 4 минг 830 маҳалла ва ширкатдан 1 минг 733, оилалардан 2 минг 867, ижтимоий объектлардан 100 дан зиёд мурожаат бўлди. Уларнинг қарийб 4 мингтаси жойида ҳал этилди, 700 дан ортиғи ижрога қабул қилинди ва 70 га яқинини “йўл харитаси” дастурларига киритиш режалаштирилди.

Ўрганиш жараёнида ногиронлар ҳамда кам таъминланган оилаларга моддий ва маънавий кўмак берилмоқда. Хусусан, Ғузор туманидаги "Тенгдош" маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи II гуруҳ ногирони Мавлуда Ҳасановага 35 дона шифер ва газ плитаси, "Буюк карвон йўли" маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Жумагул Бўронова, Манзура Менглиева, Зулайхо Қаршиевага озиқ-овқат маҳсулотлари олиб берилди. "Пахтазор" маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Зулхумор Сирожиддинованинг уйи "Шўртаннефтгаз" масъулияти чекланган жамияти ҳомийлигида таъмирлаб берилди. Шу маҳаллада истиқомат қилувчи яна бир фуқаро Бодомгул Мухторовага тикиш машинаси совға қилинди. "Чўмичли" маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Қодир Турдиқуловга 42 дона шифер, Ойгул Мамасоатовага 2 машина шағал, Гулмурод Маноповга 500 минг сўмлик цемент тақдим қилинган бўлса, Китоб туманидаги "Гулистон" маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи II гуруҳ ногирони Абдураим Абдураупов, I гуруҳ ногирони Акмал Мажидов, II гуруҳ ногирони Робия Баротовага ногиронлик аравачаси ва озиқ-овқат маҳсулотлари берилди.

Вилоятда секторлар тизимли фаолият олиб бормоқда. Ҳудудлардаги аҳволни секторларга бўлинган ҳолда ўрганиш раҳбарлар масъулиятини ошириш билан бирга, жойлардаги камчилик ва муаммоларни қисқа муддатларда ҳал этиш имконини бермоқда.

Ўлмас Баротов, ЎзА
3 444






Все о погоде - Pogoda.uz