Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

12.04.2017 12:54 Чоп этиш версияси

Муаммолар жойида ечим топмоқда

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатларининг Наманган вилоятида аҳоли билан очиқ мулоқотлари давом этмоқда.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан парламентнинг қуйи палатасига сайланган депутатлар Нодир Мухторов, Акмал Раҳмонов ва Шуҳрат Тўхтабоевнинг Тўрақўрғон тумани қишлоқ ва маҳаллаларида ўтказган учрашувларида асосий эътибор фуқароларнинг мурожаатлари асосида маҳаллий давлат бошқаруви идоралари, корхона-ташкилотлар, ўзини ўзи бошқариш органлари фаолияти таҳлилига, уларнинг жойларда тўпланиб қолган турли муаммоларни бартараф этиш борасидаги вазифаларига қаратилди.

Парламент ишчи гуруҳи раҳбари Нодир Мухторов туман марказидаги Янгиобод, Шарқ, Тошкент, Туркистон, Бирлашган, Исвахон маҳаллаларидаги хонадонлар аҳволини атрофлича ўрганди. Депутатнинг оила бошлиқлари, кексалар, аёллар, ёшлар билан суҳбати асносида турмуш шароити, ижтимоий-иқтисодий муаммолари ва уларнинг ечими юзасидан фикр-мулоҳаза ҳамда таклифлари умумлаштирилган ҳолда маҳаллий бошқарув органлари, тегишли давлат ва жамоат ташкилотлари мутасаддилари олдига вазифалар қўйилди. Натижада кўплаб юртдошларимизни қийнаётган муаамолар ўз жойида ҳал бўлди.

– Ўн беш йилдан буён хусусий тадбиркорлик билан шуғулланиб келаман, – дейди Бирлашган маҳалласида яшовчи Жўрабой Обиджонов. – Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасида яратилган кенг имкониятлардан фойдаланиб, замонавий эшик-ромлар ишлаб чиқариш цехини кенгайтиришга қарор қилгандим. Шу мақсадда маҳалламиздаги фойдаланилмай ётган эски бино бизга берилишини сўраб мурожаат қилдим. Депутатнинг кўмагида маҳалла фуқаролар йиғини кенгаши қарорига асосан ушбу бино мебель ишлаб чиқариш ва таъмирлаш цехи очиш учун ихтиёримга берилди. Бу ерда тез орада ўнга яқин янги иш ўрни яратилади.

Партиянинг парламентдаги фракцияси аъзоси Акмал Раҳмонов Шаҳанд қишлоғидаги Бозорбоши, Мажнунтол, Қашқаргузар, Боғишамол, Дукат маҳаллалари аҳолиси билан мулоқотда бўлди. Унда мамлакатимизда қабул қилинаётган ҳужжатлар мазмун-моҳияти, аҳамияти ва уларнинг ижроси таъминланишида жамоатчилик олдидаги вазифалар тўғрисида атрофлича тушунча берилди. Тадбиркорликни бошлаш ва уни юритиш учун банк кредитларидан фойдаланиш, иссиқхоналар қуриш, парранда боқиш, лимон ва ёнғоқ дарахтларини кўпайтириш орқали қўшимча даромад олиш юзасидан йўл-йўриқлар кўрсатилди.

Депутат Шуҳрат Тўхтабоев Қатағонсарой қишлоғидаги Тошлоқ, Сарой, Шовон, Қатағон, Катта Қурама, Ўзбекистон маҳаллаларида бўлиб, аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, турмуш шароитини яхшилаш, одамларни қийнаётган муаммолар ечими юзасидан фикрлашди. Жумладан, бир қатор кам таъминланган оилалар аъзоларининг тиббий хизматга, 100 га яқин хонадоннинг суюлтирилган газ ёнилғисига, боқувчисини йўқотган болаларнинг ижтимоий нафақага бўлган эҳтиёжи бўйича мурожаатлари қондирилди.

Парламент ва жамоатчилик назоратининг таъсирчан механизмларини ўзида акс эттирган бундай очиқ мулоқотлар жойларда ҳақиқий аҳволни ўрганиш ҳамда тегишли раҳбарлар ҳисоботини халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари сессияси муҳокамасига киритиш тартибини жорий этишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Акрамжон Сатторов, ЎзА
3 467






Все о погоде - Pogoda.uz