ЎзА Ўзбек

25.02.2018 09:00 Чоп этиш версияси

Муаммолар жойида ҳал этилди

Андижон вилоятининг Избоскан туманида “Фаол тадбиркорлар» анжумани бўлиб ўтди.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси вилоят кенгаши ташаббуси билан “Президент ғоялари билан келажак сари” шиори остида ўтказилган анжуманда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари, давлат бошқаруви органлари, солиқ, банк тизими мутахассислари, партия фаоллари, кенг жамоатчилик вакиллари, тадбиркорлар, фермерлар иштирок этди. 

– Тадбирни ўтказишдан асосий мақсад Президентимизнинг мамлакатимизда ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш борасидаги ғояларини ҳаётга татбиқ этиш, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришга қаратилган ишларни янги юқори босқичга кўтаришга кўмаклашиш, – дейди партия вилоят кенгаши раиси Т.Толипов. – Қолаверса, бу борада жойлардаги мавжуд муаммо ва тўсиқларни бартараф этиш, кенг жамоатчилик ҳамкорлигини кучайтириш кўзда тутилган. 

Тадбирда мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, уларнинг эмин-эркин фаолият юритиши, хўжалик томорқаларидан унумли фойдаланиши учун кенг имкониятлар яратиб берилгани, аҳоли турмуш даражасини яхшилашга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди. Шунингдек, партия, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, қатор вазирлик ва идоралар томонидан жорий йил 13 февралда ўтказилган Ўзбекистон фаол тадбиркорлари анжуманида қабул қилинган "Ўзбекистон тадбиркорларига мурожаат" ўқиб эшиттирилди. 

Анжуманда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, қилиниши зарур ишлар юзасидан фикр алмашилди. 

Тадбикорларни қийнаётган, уларнинг фаолиятига тўсиқ бўлаётган қатор муаммолар тегишли идоралар мутасаддилари иштирокида шу ернинг ўзида ҳал этилди. 

– Корхонамиз асосан брикет маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган, – дейди Избоскан туманидаги “Nurislombek great stile” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Исмоил Абдурашидов. – Анчадан буён фаолиятимизни янада кенгайтириш ҳамда иссиқхона қуриш учун ер ажратилиши бўйича ҳаракат қилаётган эдик. Лекин турли сабабларга кўра, ушбу масала ҳал бўлмай келаётган эди. Бугунги анжуманда ушбу муаммо бўйича мутасаддиларга мурожаат қилдим. Корхонамизга 1 гектар ер майдони ажратиб бериладиган бўлди. 

Анжуманда тадбиркор ва фермерлар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан жавоб олди. 

Фаҳриддин Убайдуллаев, ЎзА
6 858