Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

17.02.2017 18:38 Чоп этиш версияси

Пойтахтимиздаги технопаркларда фаолият юритаётган тадбиркорлар билан очиқ мулоқот

Пойтахтимизда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Тошкент шаҳар кенгаши томонидан “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришнинг долзарб вазифалари” мавзуида тадбир ўтказилди.

Унда асосий эътибор Ҳаракатлар стратегиясида белгилаб берилган вазифалар асосида кичик саноат зоналари иштирокчиларининг зарурий муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланиш ҳолатини ўрганиш, янги инвестициявий лойиҳаларни амалга оширишда тижорат банкларининг иштирокини кенгайтириш ҳамда уларнинг фаолиятида юзага келаётган муаммоларини ўрганиб, партия фракцияси, депутатлик гуруҳлари орқали ҳал этиш масалаларига қаратилди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 7 февралдаги "Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида"ги фармони бу борада дастуриламал бўлаётир.

Партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашидаги депутатлик гуруҳи аъзолари, адлия, прокуратура, солиқ, Марказий банк, газ ва электр тармоқлари вакиллари Сергели, Юнусобод, Яккасарой туманларидаги кичик саноат зоналарида фаолият юритаётган импорт ўрнини босувчи, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқараётган тадбиркорлик субъектлари вакиллари билан мулоқотда бўлди.

100 дан ортиқ тадбиркорлик субъекти фаолият юритаётган “Юнусобод технопарки”да рақобатбардош маҳсулот турларини кўпайтириш, инвестицияларни жалб этиш, замонавий технологияларни жорий қилиш борасида кўплаб янги лойиҳалар амалга оширилмоқда.

– 200 турдан зиёд дори-дармон ишлаб чиқаришга мўлжалланган янги лойиҳамиз жорий йил охирида ишга тушади, – дейди ёш тадбиркор Баҳодир Аҳадов. – Умумий қиймати 14 миллион долларни ташкил этувчи мазкур лойиҳа доирасида уч юздан ортиқ иш ўрни яратиш кўзда тутилмоқда. Қолаверса, маҳсулотларимизни экспорт қилиш бўйича шартномалар имзолаш арафасидамиз.

Тадбир ташкилотчилари кичик саноат зоналаридаги мавжуд ишлаб чиқариш объектларини кўздан кечириб, тадбиркорларнинг иш фаолиятига тўсиқ бўлаётган муаммолар билан қизиқди.

Очиқ мулоқотда янги иш ўринларини яратиш, ёшлар ва аёлларни тадбиркорликка кенг жалб этиш орқали аҳоли даромадларини ошириш, маҳалла, тижорат банклари ва тадбиркорликка хизмат қилувчи барча тузилмалар билан амалий ҳамкорликни самарали ташкил этиш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Сайёра Шоева, ЎзА
1 744






Все о погоде - Pogoda.uz