ЎзА Ўзбек

08.02.2018 12:05 Чоп этиш версияси

Муаммога беш йил бўлди. Яна неча йил керак?

Муаммога беш йил бўлди. Яна неча йил керак?
Қарши шаҳар газ идорасида юз бераётган ҳолатлар... 
Сарсон бўлган Асқар бобо...

Қарши шаҳридаги Нахшаб маҳалласи Жар Ариқ кўчаси 93-уйда истиқомат қилувчи фуқаро, II гуруҳ ногирони Асқар Азизовнинг таъкидлашича, хонадонига 2013 йил май ойида газ идораси назоратчиси Нодир Умидов исмли шахс келиб, газдан қарздорлиги мавжудлигини айтиб, ундан 150 минг сўм пул талаб қилади. Ўз навбатида, Асқар Азизов унга пул давлатга тўлангани тўғрисида квитанция тақдим қилсагина сўралган пул беришини айтади. Назоратчи индамай кетади. Кейин билса, назоратчи келган пайтда газдан ноқонуний фойдаланаётгани тўғрисида далолатнома тузиб, жарима ёзиб кетган экан. А.Азизов бу туҳмат экани ва хонадонида ҳеч қандай ноқонуний уланишлар йўқлигини билдириб, шаҳар газ идораси бошлиғига ариза билан мурожаат қилади. Аммо жавоб ололмайди. Ҳатто раҳбар қабулига кириш учун бир неча бор қилинган уринишлари ҳам иш бермайди. Бу орада назоратчи Нодир Умидов ишдан ҳам бўшаб кетади. Масала шундайлигича очиқ қолаверади. А.Азизов эса бўйнидаги жаримани олиб ташлаш йўлини қила олмайди.

Ҳеч иложсиз қолгач, 2015 йилда прокуратурага мурожаат қилади. Шундан сўнггина газ идораси вакиллари ҳаракатга тушиб қолишади. Прокурор ҳузурида А.Азизовга нисбатан жарима англашилмовчилик туфайли нотўғри қўлланганини айтиб, фуқаронинг уйида текширув ўтказиб, қайтадан далолатнома тузиб, ҳеч қандай ноқонуний ҳаракат йўқлигини билдиради ва қарздорлиги йўқлиги ҳақида маълумотнома ҳам беради. Асқар бобо адолат тикланганидан ўзида йўқ хурсанд эди. Шунча югурганлари зое кетмаганини фарзандларига бот-бот таъкидлаб, интилсанг, ҳаракат қилсанг, ҳамма нарсага эришиш мумкин экан, деб айтиб юради. Аммо бу хурсандчилик икки йил давом этади, холос. Ўтган йили Мажбурий ижро бюроси вакиллари келиб, 500 минг сўм жарима тўлаши лозимлигини айтишганда, Асқар бобонинг "бошидан ҳуши учди". Ахир, бу қанақаси, ҳаммаси ҳал бўлган эди-ю, деганча қолаверади. Яна шаҳар газ идорасига боради, аммо у ердагилар биз қабул қила олмаймиз, мажбурий ижрога боринг, дейди. Мажбурий ижро бюросига борса, тўлаб қутиласиз, дейди. Хуллас, Асқар бобо хужжатларини кўтариб, идорама-идора сарсон. Халқ қабулхонасига қилган мурожаатлари ҳам иш бермаяпти...

Мулоҳаза ўрнида айтиш жоизки, балки Асқар Азизов ноҳақдир. Бундан 5 йил олдин тўлдирилган далолатномада кўрсатилган ноқонуний ҳаракатлар ростдан ҳам кузатилгандир. Бу ёғи бизга қоронғу. Лекин газ идораси ходимлари шунча пайтгача нега истеъмолчига хабар беришмаган? Агар ростдан ҳам жарима қонуний бўлса, 2015 йилда ноқонуний ҳаракат йўқ, қарздорлиги ҳам йўқ деган, маълумотнома берган? Хўп, маълумотномани берган экан, нега қўйилган жаримани олиб ташламаган?

Шундай саволлар билан Қарши шаҳар газ идорасига мурожаат қилганимизда тайинли жавоб ололмадик.

Аслида, бугунги тараққий этган замонда бир соатдаёқ ҳал этилиши мумкин бўлган иш учун бир инсонни 5 йилдан буён овораю сарсон қилиш тўғрими? Балки, истеъмолчининг адолат талаб қилиб, ўз ҳуқуқини ҳимоя қилишга уринаётгани газ идорасидагиларга ёқмаётгандир? Тағин билмадик. Агар истеъмолчи айб қилган бўлса, тегишли тартибда албатта жавобини берсин. Газ идораси хато қилган бўлса, тузатсин. Кимдир қилган хато учун фуқарони йиллаб овора қилиш ҳеч қайси талабларга мос келмайди.

Мавзуга ҳали яна қайтамиз.

Ўлмас Баротов, ЎзА
14 240