ЎзА Ўзбек

12.01.2018 16:11 Чоп этиш версияси

Муаммо танқиддан сўнг ечилади...ми?

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши раиси ўринбосари Камолиддин Бекназаров Навоий вилоятида бўлиб, ёшлар ҳаётида учраётган муаммоларни ўрганди. Хусусан, афв этилган ёшлар бандлигини таъминлаш, “Жасорат” клублари фаолиятини ривожлантириш борасидаги амалий ишлар таҳлил қилинди.

Кармана тумани кенгашида ёшлар етакчилари, “Камалак” сардорлари билан самимий суҳбат ташкил этилди. Аввало, ёшлар етакчисига қўйилаётган талаблар, тақдим этилаётган имтиёзлар ҳақида кенг маълумот берилди. Уларнинг фаолиятида учраётган муаммолар очиқ муҳокамага қўйилди.

Масалан, тумандаги 15-умумтаълим мактабининг 7-синф ўқувчиси Асадбек Муяссаров ўзи таҳсил олаётган муассасада жисмоний тарбия дарслари учун шароит йўқлиги, ҳатто футбол ёки баскетбол тўплари берилмаслиги ҳақида куйиниб гапирди. Мактаб маъмурияти мазкур масалага жиддий эътибор қаратмагани қаттиқ танқид қилинди. Муаммо зудлик билан бартараф этиладиган бўлди.

Вилоятда ёшларнинг ижтимоий кайфиятини ўрганиш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш, тизим фаолиятига амалий кўмак бериш мақсадида қатор ишлар амалга оширилган. Хусусан, Навоий ва Зарафшон шаҳарларида жойлашган жазони ижро этиш муассасаларида ташкил этилган учрашувларда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, ёшларга оид давлат сиёсатининг мазмун-моҳияти, жазодан озод этилган ёшларни ўқиш ёки касбга йўналтириш, бандлигини таъминлаш, уларнинг ижтимоий мослашувига кўмаклашиш мақсадида амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди. Жазо муддатини ўтаётган аксарият ёшлар қилмишидан пушаймон. Соғлом ҳаётга қайтишни ич-ичдан исташади.

Навоий иссиқлик электр станциясида 400 дан зиёд ёшлар меҳнат қилмоқда. Уларнинг манфаатларини тўлақонли ҳимоя қилиш мақсадида Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг бошланғич ташкилоти фаолият юритмоқда. 30 дан ортиқ ёшлар хорижий давлатларда малака ошириб қайтган. Ўрганиш давомида ташкилотнинг мақсад ва вазифалари ҳар бир ёшнинг фаолиятида акс этиши лозимлиги борасида етарли даражада амалий кўмак берилди.

Зарафшон шаҳридаги 4-умумтаълим мактаби ёшлар етакчиси Арайлим Рисбекова таълим масканида қозоқ тилидаги адабиётлар етишмаслигини таъкидлаб, бадиий китобларни кўпайтириш таклифини билдирди. Муассасада “Давомат фильтри”ни ташкил этиш натижасида ёшларнинг сабабсиз дарс қолдиришини кескин камайтириш ҳамда доимий равишда дарс қолдирган ўқувчилар рўйхатини шаҳар сардорларига мунтазам равишда тақдим этиш муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланди. Шунингдек, шаҳардаги 8-умумтаълим мактаби ўқувчиси Суҳроб Эргашев умумтаълим мактабида синовдан ўтказилган “Ёшлар иттифоқи билимдони” интеллектуал ўйинининг вилоят ва мамлакат босқичларини ташкил этиш бўйича таклиф билдирди.

Н.Раҳимов, ЎзА
9 882