Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

03.03.2017 15:55 Чоп этиш версияси

Муаллималар доимий эътиборда

Самарқанд шаҳридаги 29-умумтаълим мактаби ўқитувчиси Амира Аҳрорқулова иккилана-иккилана таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси шаҳар кенгашига юртимиздаги санаторийлардан бирига йўлланма сўраб мурожаат қилди.

– Иккиланганимнинг боиси ўқитувчиларга одатда ёзги таътил вақтида йўлланма берилади, – дейди А.Аҳрорқулова. – Қолаверса, хоҳловчилар кўп, анча вақт навбат кутиш керак, деган гапларни ҳам эшитгандим. Йўқ, ҳаммаси осон битди. Керакли ҳужжатларни тақдим этган эдим, “Турон” сиҳатгоҳига йўлланмани қўлимга тутқазишди. Байрам олдидан бу мен учун ўзига хос совға бўлди...

Самарқанд вилоятидаги таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси ташкилотлари аъзоларининг кўпчилиги хотин-қизлардир. Бу мутасаддилардан ўз вазифасига алоҳида эътибор билан ёндашиш, таълим муассасалари, маданият масканларида фаолият кўрсатаётган хотин-қизлар учун муносиб меҳнат ва дам олиш шароити яратиш, уларни ижтимоий муҳофаза қилиш, саломатлигини мустаҳкамлаш юзасидан иш берувчилар билан ҳамкорликда иш олиб боришни тақозо этади.

– Бугун тизимдаги барча корхона ва ташкилотларда бошланғич касаба уюшма ташкилотларимиз мавжуд, – дейди Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг Самарқанд вилояти бўйича масъул ташкилотчиси Ифтихор Раҳимов. – Ишчи-ходимлар манфаатини ҳимоя қилиш, улар учун зарур шароит яратиш мақсадида иш берувчилар ва бошланғич ташкилотларимиз ўртасида жамоа шартномалари тузилган. Ушбу ҳуқуқий ҳужжатларда мамлакатимиз ва халқаро меҳнат қонунчилиги меъёрларидан келиб чиқиб, айниқса, хотин-қизлар учун муносиб иш ва дам олиш шароити яратиш, уларни тиббий-ижтимоий муҳофаза қилиш, рағбатлантириш, моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга устувор аҳамият берилган. Бу вазифалар ижроси доимий равишда мониторинг қилиб борилади.

Ёш болали, ҳомиладор аёллар, боқувчисини йўқотган оила бекаларига иш берувчилар билан бирга, касаба уюшмалари томонидан ҳам зарур ёрдам кўрсатилмоқда. Хусусан, яқинда Пастдарғом тумани кенгаши томонидан ижтимоий ҳимояга муҳтож 15 хотин-қизга моддий ёрдам берилди. Хотин-қизлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, уларнинг оила ва жамиятдаги ўрнини янада мустаҳкамлаш мақсадида турли кўрик-танлов, спорт мусобақалари ўтказилмоқда. Жумладан, касаба уюшмалари ташкилотлари тизимида анъанавий тарзда ўтказилаётган “Ўз касбининг моҳир эгалари” танловида ҳам Пастдарғом ва Оқдарё туманларидаги умумтаълим мактаблари ўқитувчилари З.Мусурмонова, Д.Мамашарипова муносиб рағбатлантирилди. Барча туман ва шаҳарларда “Китобхон оила”, “Спортсевар оила” каби танловлар ташкил этилмоқда.

– Ўтган йили тизимда меҳнат қилаётган ишчи-ходимларни ижтимоий муҳофаза қилиш, моддий қўллаб-қувватлашга 22 миллион 400 минг сўм маблағ йўналтирилган эди, – дейди таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Самарқанд шаҳар кенгаши раиси Бахтиёр Намозов. – Жорий йилда ушбу йўналишга 31 миллион сўмдан ортиқ маблағ ажратиш кўзда тутилган. Бу маблағ асосан, касаба уюшма аъзоларига моддий ёрдам, совға-салом бериш, турли тадбирлар уюштиришга йўналтирилмоқда. Бундан ташқари, ходимларга саломатлигини мустаҳкамлаши учун юртимиздаги сиҳатгоҳларга имтиёзли йўлланмалар ажратилмоқда. Ўтган йили тизимдаги 220 кишига, жумладан, 124 нафар хотин-қизга шундай йўлланмалар берилди. Бу йил ҳозиргача 24 нафар опа-сингилларимиз санаторий йўлланмаларини олди. Айни пайтда барча таълим муассасалари, ташкилотлардаги бошланғич ташкилотларимиз иш берувчилар билан бирга 8 март байрами муносабати билан хотин-қиз ходимларни рағбатлантириш чораларини кўрмоқда. Ушбу эзгу ишга шаҳар кенгаши ҳам ўз ҳиссасини қўшиш мақсадида 1000 дан ортиқ аъзоларга байрам совғалари улашишни режалаштирганмиз.

Ғолиб Ҳасанов, ЎзА
2 764






Все о погоде - Pogoda.uz