ЎзА Ўзбек

01.03.2018 14:55 Чоп этиш версияси

Жиззахда бир йилда 50 минг дона қуёш коллектори ишлаб чиқарилади

Жиззахда бир йилда 50 минг дона қуёш коллектори ишлаб чиқарилади
Ёқилғи-энергетика комплексини модернизация қилиш ва технологик қайта жиҳозлаш, электр энергияси ва табиий газдан оқилона фойдаланишга ўтиш мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар муваффақиятининг гарови ҳисобланади. 

Президентимизнинг 2017 йил 8 ноябрдаги “Энергия ресурсларидан оқилона фойдаланишни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мамлакат миқёсида энергия тежамкор услублар ва технологияларни жорий қилишда муҳим қадам бўлди. Қарорда бино ва иншоотларни лойиҳалаштириш, реконструкция қилиш ва қуришда иссиқ сув таъминоти учун сертификатланган қуёш сув иситгич қурилмаларини ўрнатиш белгиланган. Айни пайтда ушбу қарор асосида ишлаб чиқилган лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқда. 

6.JPG

Жиззахда ўтказилган муқобил энергиядан фойдаланиш масаласига бағишланган семинарда бу алоҳида таъкидланди. 

Семинар иштирокчиларига энергиянинг муқобил турларидан фойданишнинг афзалликлари ва имкониятлари тўғрисида соҳа мутахассислари томонидан батафсил маълумот берилди. Иштирокчилар қайта тикланадиган энергия турларидан фойдаланишда амалга оширилаётган ишлар, орттирилган дастлабки тажрибалар юзасидан ўзаро фикр алмашди. 

Вилоятда муқобил энергиядан фойдаланаётган корхоналар унчалик кўп эмас. Ҳозиргача бир неча фермер хўжаликлари ва иссиқхона эгалари қуёш энергиясидан фойдаланмоқда. 

7.JPG

“Жиззах” махсус индустриал зонасида йилига 50 минг дона қуёш коллектори (сув иситгичи) ишлаб чиқариш қувватига эга “THERMO WATER ELECTRIC” корхонаси фаолият кўрсатаётгани муқобил энергиядан фойданишда катта имконият яратмоқда. 

Семинар доирасида ушбу корхонада ROYAL савдо белгисида ишлаб чиқарилаётган сув иситгич қурилмаларининг тақдимоти бўлиб ўтди. 

Тақдимотда корхона мутахассислари қуёш сув иситгич қурилмаларининг афзалликлари, маҳсулот сифати, сотиш, ўрнатиш тартиблари хусусида семинар иштирокчиларига маълумот берди. 

– Корхонамизда ўтган йилнинг декабрь ойидан 200, 300, 500, 1000 литр ҳажмдаги сув иситгич сотувга чиқарилмоқда, – дейди “THERMO WATER ELECTRIC” масъулияти чекланган жамияти етакчи мутахассиси Алишер Йўлдошев. – Бу қурилмалар сувни қуёш энергияси ёрдамида 60 даражагача иситиб беради. Меъёрдаги иссиқ сувни етказиб берувчи бундай қурилмалар истеъмолчи учун қулай. Сарфланадиган кунлик энергия учун кетадиган харажатга таққослаганда, қуёш коллекторларидан фойдаланиш анча арзон. Бу айниқса, электр энергияси билан барқарор таъминланмаган чекка қишлоқ ҳудудлари учун жуда қулайдир. 

Тошқул Бекназаров, Жамшид Ёрбеков (сурат), ЎзА
12 513