Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

01.03.2018 20:27 Чоп этиш версияси

Муҳим янгилик: Бугун Ўзбекистон бўйлаб чегаралар очилмоқда

Муҳим янгилик: Бугун Ўзбекистон бўйлаб чегаралар очилмоқда
Бироз олдинроқ Самарқанд вилояти ва Тожикистон Республикасининг Суғд вилояти ўртасидаги “Жартепа” ва “Саразм” ўтказиш пунктлари очилгани ҳақида хабар берган эдик.

Бу қувончли янгилик яна давом этмоқда. Мухбирларимиз Наманган ва Сирдарё вилоятида ҳам ана шундай чегара назорат ўтказиш пунктлари очилаётгани ҳақида хабар йўллади.

15.jpg

Наманган вилояти Поп туманида Ўзбекистон ва Тожикистон Республикалари сарҳадидаги “Поп” назорат ўтказиш масканининг фаолияти қайта тикланди.

21.jpg

Сарҳад остонасидаги маросим катта байрамга айланиб кетди. Азалдан қон-қардошлик ришталари билан чамбарчас боғланиб кетган ўзбек ва тожик халқи ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик муносабатлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмоннинг саъй-ҳаракатлари билан янгича асосларда мустаҳкамланаётгани таъкидланди.

4.jpg

– Ушбу назорат масканининг очилиши узоқ кутилган ва икки қардош мамлакат раҳбарлари томонидан қўйилган муҳим қадамлардан бири бўлди, – дейди Тожикистон Республикаси Суғд вилояти раисининг ўринбосари А.Ёқубий. – Чунки биз, нафақат яқин қўшнилармиз, балки қон-қардошлик ришталари билан боғланган икки тилда сўзлашувчи бир халқмиз. Ўзаро виза тартибини соддалаштириш йўлида қўйилган мазкур қадам халқларимиз ўртасидаги тотувлик ва дўстликни самимий асосларда янада мустаҳкамлайди.

3.jpg

Шоир “Иккиси бир байт ғазалдан ўзбегим тожик билан” деб ёзганидек, азалий анъаналарни соғинган маросим қатнашчилари тўкин дастурхон атрофида ушбу тарихий кунни кўтаринки кайфиятда байрам қилди.

***

Сирдарё вилоятининг “Ховособод” ҳамда Суғд вилояти “Зафаробод” чегара ўтказув пунктларининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

3.JPG

“Ховособод” чегара ўтказув пунктидаги чегара тўсиғи очилиб, карнай-сурнай, мусиқа садолари остида қўшни Тожикистон делегацияси Ўзбекистонга ташриф буюрди. Меҳмонлар нон-туз билан қарши олинди.

7.JPG

– Йигирма йилдан буён Тожикистонда яшаётган қондошларим билан дийдорлашмаган эдим, – дейди халқ депутатлари Сирдарё вилояти Кенгаши депутати Али Холназаров. – Амаким Мамадали Тўйчиев билан чегарада қучоқлашиб кўришдик. Бошимизни бошимизга қўйиб роса йиғлашдик. Шу кунларга етказганига Яратганга ҳар қанча шукроналар айтсак кам.

2.JPG

Тожикистонлик қардошларга совғалар улашилди. Катта саҳнада ўзбек ва тожик куй-қўшиқлари, рақслари ижро этилди. Меҳмон ва мезбонлар тўкин дастурхон атрофида дилдан суҳбатлашди. Даврада “Хуш келибсиз!”, “Хуш омадед!” деган тавозели каломлар баралла янгради.

Ўзбекистонликлар ҳам Тожикистонда муносиб кутиб олинди. Бу ерда ҳам тантанали маросим бўлиб ўтди. Ўзбек мақомлари, тожик тароналарига эш бўлиб кетди. Ҳар икки халқ вакиллари биргаликда рақсга тушди.

6.JPG

– Аллоҳга минг шукур, бугун 20 йиллик узилиб қолган биродарлик, дўстлик, яхши қўшничилик алоқалари қайта тикланди, – дейди тожикистонлик Музаффар Маъмуров. – Яёв келиб-кетса бўладиган жойдаги сингилларим Гулчеҳра ва Зулфияни бағримга босиш насиб этганига минг шукур. Бирини 22, иккинчисини 20 йил муқаддам келин қилиб Ўзбекистонга узатган эдик. Мана шунча вақт ўтиб дийдорлашиш энди насиб этди. 




Ушбу мақола ЎзА обуначиларига тақдим этилган янгиликнинг бир қисми бўлиб веб сайтда қисқартирилган шаклда чоп этилди.


Ҳотам Мамадалиев (сурат), Фурқат Тошматов (сурат), ЎзА
16 003