Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.02.2018 21:00 Чоп этиш версияси

Муҳаррир масъулияти

Муҳаррир матн билан ишлашини, яъни маълум бир жанр талабларидан келиб чиқиб, матнни таҳрир қилишини, текширишини ва тўғрилашини яхши биламиз. Бу жараёнда ҳам "устоз-шогирд" анъанаси муҳим аҳамиятга эга.

Минг афсуски, соҳадаги "устоз-шогирд" анъанаси ўз аҳамиятини йўқотаётгандек. Бу эса, ўз навбатида, маҳоратли, тажрибали муҳаррирлар камайишига, улар масъулиятининг пасайишига ҳам сабаб бўлмоқда. Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги тизимидаги нашриёт-матбаа ижодий уйларида ушбу тажриба маълум маънода давом этаётган бўлса-да, хусусий нашриётларда нафақат мазкур анъана, балки тажрибали ва малакали муҳаррирларга эҳтиёж катта.

Агентлик томонидан доимий равишда нашриётларда чоп этилаётган китобларнинг мониторинги ўтказиб келинади. Масалан, нашриётларга 2015 йил 50 та, 2016 йил 111 та, 2017 йил 83 та таъсир чораси кўрилган. Нашриётларда йўл қўйилаётган қонунбузилиш ҳолатларининг мазмуни деярли бир хил, уларда асосан “Давлат тили ҳақида”ги қонун талабларига, яъни ўзбек адабий тилининг имло қоидаларига амал қилмаслик, “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги қонун талабларини бузиш, нотўғри ахборот тарқатиш, турли қонун ҳужжатлари, ҳукумат қарорлари ва муассасалар номларини, тарихий саналар, шахслар ҳаёти ва фаолиятига оид саналарни нотўғри бериш, “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги қонунга риоя этмаслик, жумладан, муаллифлик ҳуқуқи белгиларини кўрсатмаслик, муаллиф ва таржимонларни қайд этмаслик, шунингдек, китоб маҳсулотларининг сифати пастлиги оқибатида “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун меъёрларига риоя қилмаслик, айни пайтда соҳага оид стандартларни бузиш каби камчиликлар кузатилади. Булар асосан, юқорида таъкидлаганимиздек, нашриётларда тажрибали, маҳоратли ва, албатта, масъулиятли муҳаррирлар етишмаётганининг оқибатидир.

Хорижий мамлакатларнинг тажрибасидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги ҳузурида мамлакатимиздаги нашриётлар бош муҳаррирларининг “Бош муҳаррирлар клуби” ташкил этилди. Клубнинг фаолияти нашриётларнинг моддий-техник базасини кучайтириш, уларни матбаа хом ашёлари, маҳсулотлари билан таъминлаш ёки китоб нашр этиш, тарқатиш борасида юзага келадиган турли қийинчилик ва тўсиқларни бартараф этиш, нашриёт муҳаррирларининг малакасини ошириш юзасидан таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги ташаббуси билан ташкил этилган “Муҳаррир масъулияти” мавзуидаги давра суҳбатида шу сингари фикр-мулоҳазалар билдирилди. Жумладан, Агентлик бош директори Лазиз Тангриев, “Шарқ” нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси бош муҳаррири Аҳрор Аҳмедов, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети доценти Аҳмаджон Мелибоев, “Академнашр” нашриёти бош муҳаррири Абдулла Шаропов ва бошқалар “Нашриёт ва матбаачиликда муҳаррирнинг ўрни”, “Бугунги муҳаррирга бугуннинг талаблари”, “Бадиий ва ижтимоий матнлар билан ишлашнинг ўзига хос жиҳатлари”, “Имлодаги муаммолар” каби мавзуларда ўз фикр мулоҳазалари, ижодий тажрибалари, таклиф ва амалий тавсиялари билан ўртоқлашди.

Моҳигул Қосимова, ЎзА
12 755