ЎзА Ўзбек

13.08.2018 12:15 Чоп этиш версияси

Муҳаммадалига 500 миллион сўм берилди, у маблағни нимага сарфлади?

Муҳаммадалига 500 миллион сўм берилди, у маблағни нимага сарфлади?

Наманганлик ёш тадбиркор Муҳаммадали Маъруфхонов устози Зоҳиджон Абдуллаевдан косиблик сир-асрорларини ўрганди. Йиллар ўтиб, устози 21 ёшли шогирдига оқ фотиҳа берди, болалар пойабзалини ишлаб чиқариш бўйича бизнес лойиҳа тузишда ёрдамлашди.

photo_2018-08-08_09-02-32.jpg

Мазкур бизнес лойиҳани Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ўрганиб чиқди, сўнгра Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкининг вилоят бўлими томонидан қўллаб-қувватланди. Ёш тадбиркорга 3 йил муддатга 13 фоизли имтиёз билан 500 миллион сўм кредит ажратилди. Шу тариқа Наманганда яна бир янги ишлаб чиқариш субъекти – “Baby shoes” МЧЖга асос солинди.

photo_2018-08-08_09-02-33 (2).jpg

Бу эзгу саъй-ҳаракат ва рағбат Президентимизнинг жорий йил 27 июндаги “Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури тўғрисида”ги фармони асосида амалга ошди.

photo_2018-08-08_09-02-33.jpg

– Имтиёзли кредитни олгач, Наманган шаҳридаги қурилиш коллежи балансида бўлган, бироқ фойдаланилмаётган бинони ижарага олиб, иш бошладик, – дейди Муҳаммадали. – Бинони қайта таъмирладик. Эндиликда бу ерда ишчилар учун барча шароит мавжуд. Ошхона, дам олиш хонаси қурдик. Бинодан “Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастурида белгиланганидек, ноль балансда фойдаланиш таклифини киритдик.

Ёш тадбиркор ажратилган кредит маблағининг 350 миллион сўмига замонавий ускуналар сотиб олди. Қолган 150 миллион сўмга хом ашё харид қилди.

Пойабзаллар 2 ёшдан 14 ёшгача бўлган болаларга мўлжалланган. Маҳсулотни сифатли ишлаб чиқаришда 12 чок машина, прессловчи ускуна, лазер ва 2 фен-пардозлаш машинаси, 7 турдаги пардозлаш ускунаси қўл келмоқда. Корхонада иш 2 сменада ташкил қилинган. Бир кунда 400 дан ортиқ пойабзал ишлаб чиқарилмоқда. 

“Baby shoes” МЧЖ йилига саксон минг жуфтдан зиёд маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга. Тадбиркор 2019 йилдан бошлаб болалар сумкасини ишлаб чиқаришни мақсад қилган. Бу янги иш ўринларини ташкил қилиш имконини беради.

Бугунги кунда корхонада 35 ишчи меҳнат қилмоқда. Уларнинг 10 нафари уста косиблар. Ходимларнинг шашти баланд, кайфияти аъло. 

– Ёшим ўн саккизда. Наманган дизайн қурилиш коллежини тамомлаб, фаолиятимни шу корхонада бошладим. Биз учун барча шароит ва имкониятлар яратилган, – дейди корхона модельери Билолхон Неъматханов. – Ойлик маошим 1,5 миллион сўмга яқин. Энг муҳими, севган касбим билан машғулман. Янги кўринишдаги болалар оёқ кийимлари моделлари билан ишлаяпман.

Шу кунларда маҳсулотларни Россия, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистонга экспорт қилиш бўйича якуний музокаралар олиб борилмоқда.

У. Рўзиматов, ЎзА
6 169