Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

04.06.2018 15:43 Чоп этиш версияси

МТМ реконструкцияси ва қўшимча иншоотлар қурилишига 4 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфланди

МТМ реконструкцияси ва қўшимча иншоотлар қурилишига 4 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфланди
Жиззах шаҳридаги 37-мактабгача таълим муассасаси реконструкция қилиниб, фойдаланишга топширилди. Ўтган асрнинг 80-йилларида 100 ўринга мўлжаллаб қурилган бино 4 миллиард 200 минг сўмлик реконструкция ва қўшимча иншоотлар қурилиши туфайли 320 ўринли муҳташам муассасага айланди.

Муассасанинг асосий биносини реконструкция қилишда барча техник, меъморий, эстетик ва санитария талаблар инобатга олинди.

1.JPG 

Янгиланган муассасада болаларни ҳар томонлама баркамол тарбиялаш, мактабга тайёрлаш учун барча шароит яратилган. Чет тилларини ўргатиш, мусиқа ва расм чизиш машғулотлари таълим меъёрлари талаблари даражасида олиб борилиши учун барча имкониятлар яратилган. 

Ота-оналарга қулайлик яратиш мақсадида 3-4 соатлик қисқа муддатли гуруҳлар ташкил этилди.

Арнасой, Зарбдор, Пахтакор туманларида ҳам нодавлат мактабгача таълим масканлари иш бошлади.

2.JPG

Ҳозир вилоятда 193 мактабгача таълим муассасаси фаолият кўрсатмоқда. Бу муассасаларга ҳудуддаги мактабгача таълим ёшидаги болаларнинг 22,3 фоизи қамраб олинган. 2017 йилда мактабгача таълим муассасаларининг 7 таси реконструкция қилиниб, 8 таси мукаммал таъмирланди.

– Ўзбекистон Республикаси Президентининг "2017-2021 йилларда мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, вилоятимизда 2017-2021 йилларда қуввати 9 минг 850 ўринли 81 мактабгача таълим муассасаси ишга туширилиши мўлжалланган, – дейди вилоят ҳокими ўринбосари Ботир Тўхтамишев. – Шу мақсадда янгидан 3 та 260 ўринли мактабгача таълим муассасаси қурилади. 5 минг 290 ўринга эга бўлган 53 мактабгача таълим муассасаси реконструкция қилиниб, 25 муассаса мукаммал таъмирланади. Айни пайтда бу йўналишда белгиланган тадбирлар изчил амалга оширилмоқда.

Вилоятда жорий йилда битта замонавий мактабгача таълим муассасасини қуриш, 11 таълим муассасаси иншоотини реконструкция қилиш, 3 тасини мукаммал таъмирлаш режалаштирилган.

Шунингдек, дастурга киритилмаган 68 давлат мактабгача таълим муассасасида маҳаллий бюджет ва ҳомийлар ҳисобидан жорий таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилаётир.

Тошқул Бекназаров. Жамшид Ёрбеков (сурат) ЎзА
8 701