Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

04.06.2018 15:53 Чоп этиш версияси

Моҳир гулчилар “Спарк” автомашинаси билан тақдирландилар

06.jpg

Наманган шаҳридаги Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғида ташкил этилган “Гул байрами” ғолиб ва совриндорлар маълум бўлди. 

Мана, бир ҳафтадан буён давом этаётган 58-анъанавий гул байрами нафақат Наманган шаҳри аҳли, балки гуллар диёрига келган меҳмонларни бирдек ўзига мафтун этиб келмоқда. Куни кеча вилоят марказидаги “Уч фаввора” хиёбонида гул байрами ғолиблари ва фаол иштирокчиларини тантанали тақдирлаш маросими бўлди.

Маросим гул байрами учун махсус тайёрланган гимн таронаси билан бошланди. Таниқли шоир, “Дўстлик” оредени соҳибаси Рислиғой Ҳотамова қаламига мансуб ушбу қўшиқни бастакор Олимжон Тиллабоев басталаган. Гимнни Наманган санъат коллежи ўқувчилари – Зулфия номидаги давлат мукофоти соҳибаси Шаҳноза Ёқубжонова ва “Истеъдод” халқаро танлови ғолиби Камрон Мамадалиев ижро этишди.

05.jpg

Ярим асрдан буён ҳар йили ўтказилиб келинаётган нафосат ва гўзаллик айёми дилларга сурур бағишламоқда. Байрамни томошасига Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғига ошиқаётган ёшу кекса турфа анвойи гулларнинг муаттар атридан эстетик завққа тўлмоқда. Хусусан, гул байрами доирасида биринчи мартаба ташкил этилган гуллар билан безатилган юзга яқин машиналар иштирокидаги параднинг тарифи-ю таассуротлари ҳозиргача тиллардан тушгани йўқ.

Тантанали маросимда Наманган вилояти ҳокими, сенатор Хайрулло Бозоров сўзга чиқиб, сифат жиҳатидан такомиллашиб бораётган асл ва навқирон гул байрами билан йиғилганларни самимий табриклади. Ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос анъаналари борлиги, шу маънода дунёнинг саноқли давлатлардагина ўтказиладиган гул байрами Наманганда ҳам анъанавий равишда нишонланаётгани, энг аввало, барчага фахр ва ғурур бағишлашини таъкидлади.

01.jpg

Эътироф этиш жоиз, олдинлари гул байрами август ойида, у ҳам бўлса атиги икки кун мобайнида ўтказиларди, байрам қамровидан эса ташкилотчиларнинг кўнгиллари тўлмас эди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2016 йилнинг ноябрь ойида Наманганга ташрифи чоғида гул байрамининг шакл-шамойилини тубдан ўзгартириш бўйича фикр-мулоҳазаларини билдириб, айёмни баҳор фаслига кўчириш ва унинг кўламини кенгайтириш таклифини илгари сурганди.

Давлатимиз раҳбарининг ушбу тавсияларидан келиб чиққан ҳолда, гул байрами 2017 йилдан бошлаб баҳор кунларида бир ҳафта давомида уюшқоқлик билан ташкил этиш йўлга қўйилди. Жорий йилдаги нафосат айёми эса ўзининг шаклу шамойили, бетакрорлиги, дизайни жиҳатидан аввалгиларидан тубдан фарқ қилди. Бундан наманганликлар беҳад хушнуд бўлди. Вилоятда ички ва ташқи туризмни ривожлантириш борасида имконият эшиклари очилди. Қайд этиш жоиз, бу йилги гул байрамига ўтган етти кун мобайнида Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон, Туркия, Россия, Саудия Арабистони, Бангладеш, Қувайт, Баҳрайн, Корея, Хитой каби 14 та давлатдан 300дан зиёд турист ташриф буюрдилар.

04.jpg

Тантанали маросимда Ўзбекистон халқ артистлари Абдуҳошим Исмоилов, Зулайҳо Бойхонова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Меҳри Абдуллаева, Яҳёбек Мўминов, Самандар Ҳамроқулов, “Ниҳол” давлат мукофоти совриндорлари Малика Эгамбердиева, Гуласал Абдуллаева, эстрада хонадалари Отабек Муҳаммадзоҳид, Муниса Ризаева, Қиличбек Мадалиев ижросидаги дилрабо куй-қўшиқлар даврага янада кўтаринки тароват киритди.

02.jpg
03.jpg
Тадбирнинг ҳаяжонлари дамлари яқинлашиб, ғолиб ва совриндорлар, турли номинациялар эгалари номи маълум қилинди. Олий ўрин соҳиблари учун ажратилган 2 та “Спарк” автомобилига гулчи Мирзоҳид Холмирзаев ҳамда “Наманган ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” акционерлик жамияти жамоаси сазовор 
бўлди.

Бобур боғида “Мен Ўзбекистонни севаман” ва “Мен Наманганни севаман” номли махсус гул композицияларини ҳавола этишга муносиб ҳисса қўшган вилоят прокуратураси, вилоят ички ишлар ҳамда божхона бошқармалари “Ватан куйчиси” ва “Ватан туйғуси” номинацияларига лойиқ деб топилди.

Шунингдек, гул байрамида биринчи ўринни эгаллаган гулчи Азизбек Мамажонов ва вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси, иккинчи ўринни олган Садриддин Қодиров ва Наманган шаҳар халқ таълими бўлими, учинчи поғонани банд қилган Жўрахон Мўминов ва Наманган муҳандислик-қурилиш институти жамоалари ҳам диплом, қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Дарвоқе, Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғида Наманган аҳли ва меҳмонларга завқу шавқ улашаётган гул сайиллари июнь ойининг якунига қадар давом эттирилади.

Оқилхон Дадабоев,
журналист

5 104