ЎзА Ўзбек

26.10.2018 Чоп этиш версияси

Мирзачўлда Африка туяқушлари

Мирзачўлда Африка туяқушлари Сирдарё вилояти Оқолтин туманида ёш тадбиркор Дониёр Тошпўлатов Африка туяқушларини парваришламоқда.

Ташкил этилганига энди ярим йил бўлган “Баҳодир ўғли Дониёр” масъулияти чекланган жамияти Африка туяқушини кўпайтириш ва тикувчилик йўналишида фаолият юритади.

– Тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилаётган эътибордан руҳланиб, жорий йил бошида оилавий бизнесимни юритишга киришдим, – дейди мазкур МЧЖ раҳбари Дониёр Тошпўлатов. – Уйдагилар билан маслаҳатлашиб, дастлаб тикув цехи очмоқчи бўлдик. Интернетдан замонавий тикув цехлари лойиҳасини излаш жараёнида Фарғона водийсида туяқуш боқилаётгани тўғрисидаги хабар эътиборимни тортди. Шундан сўнг бу борада ҳам маълумот тўплай бошладим. Битта туяқуш бир йилда 100 тагача тухум берар экан. Катта туяқуш 160-180 килогача гўшт қилади. Гўшти шифобахш ва парҳезбоплиги сабаб, нархи ҳам арзон эмас. Бир дона туяқуш тухуми 100 долларгача, полапони эса 200 долларгача баҳоланар экан. Шундай қилиб, дастлабки бизнес- режамизга ўзгартириш киритдик. Уйимдагилар ва мутахассислар билан маслаҳатлашиб, тузилган бизнес-режага кўра тижорат банкидан 125 миллион сўм кредит олдик. Дастлаб 9 туяқуш олиб келдик. Босқичма-босқич улар сони 50 дан ошди.

Ёш тадбиркорнинг таъкидлашича, туман ҳокимлиги мутасаддилари туяқуш емиши учун экин экишга ер сўраб қилган мурожаатини эътиборсиз қолдирган. Бугун тадбиркор туяқушларини парваришлаш учун водийдан арпа, буғдой ва маккажўхорининг янчилган дони аралашмасидан тайёрланган махсус емишнинг ҳар килосини 5 минг сўмдан сотиб олмоқда. 1 яшар битта туяқушга кунига 3-4 килогача емиш зарурлиги ҳисобга олинса, чиқим кўпайиб боравериши турган гап. Қолаверса, банкдан олинган кредитни ҳам қайтариш керак.

– Ноилож, маблағ зарурлигидан 8 туяқушни сотишга мажбур бўлдим, – дейди Дониёр Тошпўлатов. – Ер ажратиш масаласи 5-6 ойдан буён чўзилмоқда, туман ҳокимига вазиятни тушунтириб, мурожаат жўнатдим. Ҳоким менга телефон қилиб, 20 гектар экин учун ҳозирча 1 гектар яйлов ажратиб беришини айтди. Ажратиб бериладиган ерга зудлик билан арпа, буғдой, гўжа, маккажўхори, беда экишга киришаман. Худо хоҳласа, бу ёғига иш юришиб кетишига умид қиламан.

Йўлга қўйилган ушбу тадбиркорлик туфайли ишсиз оила аъзолари, 3 нафар маҳалла ёшлари ишли бўлди. Кийим-кечак тикишга мўлжалланган 2 қаватли тикув цехи қурилиши якунланмоқда. Цех ишга туширилса, яна 4 нафар хотин-қизнинг бандлиги таъминланади.

Ёш тадбиркор келгусида туяқуш емишини етиштириш, тўйимли қоришмани ҳам шу ерда тайёрлаш учун ускуна харид қилишни режалаштирган. Ўшанда парвариш анча арзонга тушади. Шунингдек, келаси йили инкубатор ташкил этиб, туяқуш тухумларини очириш тажрибасини ҳам қўллаб кўрмоқчи.


2 916
Абдужалол Қаюмов, ЎзА