ЎзА Ўзбек

12.09.2018 18:31 Чоп этиш версияси

Мирободда жорий йилда жиноят ва ҳуқуқбузарликлар анча камайган

Пойтахтимизнинг Миробод туманида ҳам ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка сабаб бўлаётган ҳолатларга ўз вақтида барҳам бериш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда.

Туман ФҲДЁ бўлимида айни шу каби масалаларга бағишланган сайёр учрашув ўтказилди. Жиноят ишлари бўйича туман суди масъуллари, ички ишлари органлари ходимлари ва “Фурқат” маҳалла фуқаролар йиғини фаоллари иштирок этган тадбирда муқаддам судланган, турли даражадаги ҳуқуқбузарликлар содир этиб, профилактик ҳисобда турган, оиласида мунтазам муаммолари бўлган ва спиртли ичимликка ружу қўйган, бирор-бир ижтимоий меҳнат билан шуғулланмасдан юрган ва хорижда ишлаб қайтган фуқаролар билан олиб борилаётган ишлар самараси муҳокама этилди.

Ҳудудда жорий йилда содир бўлган жиноят ва ҳуқуқбузарликлар 2017 йилга нисбатан анча камайган. Бироқ “Фурқат” маҳалла фуқаролар йиғинида 1 ўғирлик, 2 фирибгарлик, 1 фоҳишахона сақлаш ва 2 гиёҳвандликка оид жиноят содир бўлган.

Жумладан, (исм-шарифлар ўзгартирилган) фуқаро Б.Сергеев таниши С.Антонов билан бирга "Талимаржон" кўчасида қаровсиз қолдирилган З.Камоловга тегишли автомашинанинг ғилдиракларини ўғирлаб, воқеа жойидан яширинади. Ушбу ҳолат юзасидан қоидабузарларга нисбатан тегишли жазо тайинланди.

Гиёҳвандлик ёки психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилишга қарши курашиш борасида олиб борилган тезкор тадбирлар натижасида муқаддам судланган А.Баҳромов 2018 йилда ўзи яшайдиган Янги замон кўчасидаги кўп қаватли уйнинг орқасида наша ўсимлигини экиб, парваришлагани аниқланди. Бундан ташқари, у уйида 1,3 грамм марихуана гиёҳвандлик моддасини қонунга хилоф равишда сақлаган. Ушбу ҳолат юзасидан айбдорга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, қонунда белгиланган тартибда жазо тайинланди.

Тадбирда бу каби салбий ҳолатларга ўз вақтида чора кўриш зарурлиги хусусида фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Абдулазиз Мусаев, ЎзА
2 885