ЎзА Ўзбек

06.09.2018 12:08 Чоп этиш версияси

Миробод туманида қандай масалалар эътибордан четда қоляпти?

Миробод туманида қандай масалалар эътибордан четда қоляпти?

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгаши ва халқ депутатлари Миробод туман Кенгашининг қўшма мажлиси бўлиб ўтди.

Унда Олий Мажлис Сенати Раиси Н.Йўлдошев, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Ҳ.Кетмонов, Миробод тумани ҳокими Ш.Пўлатов, мутасадди вазирлик ва идоралар раҳбарлари, жамоат ташкилотлари вакиллари, маҳалла раислари ва фаоллари иштирок этди.

Қўшма мажлисда Президентимиз томонидан белгилаб берилган вазифаларнинг Миробод туманидаги ижроси юзасидан ахборотлар эшитилди. Туманда соғлом овқатланишни ташкил қилиш ва аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш бўйича амалга оширилаётган ишларнинг аҳволи тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.

Тумандаги 4 сектор кесимида Республика ишчи гуруҳи томонидан 39 маҳаллада уйма-уй юриш, ижтимоий ва бошқа соҳа объектларини ўрганиш натижалари асосида аниқланган муаммоларни бартараф этиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Улар янги иш ўринлари яратиш, бандликни таъминлаш, бўш турган бино ва объектлардан самарали фойдаланиш, соғлиқни сақлаш, таълим, уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш, ободонлаштириш ва йўлларни таъмирлаш, кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш, куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш каби соҳаларда кўзга ташланади.

Йиғилишда ҳудуддаги кўп қаватли уй-жойларни куз-қиш мавсумига тайёрлаш бўйича олиб борилаётган ишларга алоҳида эътибор қаратилди. Туманда шу кунгача куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишларининг 63 фоизи бажарилган. Бугунги кунда туманнинг 34 маҳалласидаги 748 кўп қаватли уйларга 319 ширкат, 22 бошқарув сервис компанияси хизмат кўрсатмоқда. Соҳа ходимларининг ўрганишлари давомида бир қатор маҳаллаларда авария ҳолатидаги кўп қаватли уйлар ҳалигача эътибордан четда қолаётгани аниқланди. Ушбу муаммога тезда чора кўриш лозимлиги юзасидан зарур топшириқлар берилди.

Жорий йилда Миробод туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурини амалга ошириш, хусусан, хорижий инвестициялар жалб қилиш доирасида 17 миллион доллар ўзлаштирилган. Натижада 1 минг 496 янги иш ўрни яратилган.

2018 йилда 35,6 миллиард сўмлик 59 лойиҳа ишга туширилиши билан 287 янги иш ўрни яратилди. Бу лойиҳаларнинг 15 таси саноат соҳасига, 44 таси хизмат кўрсатиш соҳасига тегишлидир.

Мажлисда маҳаллалар ролини янада ошириш, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ишлаб чиқилган “Обод маҳалла”, “Ёшлар келажагимиз”, “Ҳар бир оила – тадбиркор”, “Аҳоли бандлигига кўмаклашиш” каби давлат дастурларини татбиқ этишга алоҳида эътибор қаратилди. Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларнинг тартибли ўтказилишини депутатлар ва кенг жамоатчилик томонидан назорат қилиш масаласи муҳокама этилди.

Сўзга чиққанлар Олий Мажлис Сенати Кенгаши томонидан халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашларида бундай тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш масалалари бўйича комиссиялар тузиш, намунали тадбирлар ўтказилишини ташкил этиш, ортиқча сарф-харажатларга, миллий қадриятларга зид маросимларга, номақбул одатларга йўл қўймаслик бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида фикр юритди. Маҳаллаларда намунали тўйларни ўтказиш бўйича топшириқлар берилди. 

Мажлисда кўриб чиқилган масалалар юзасидан Олий Мажлис Сенати Кенгаши ва халқ депутатлари Миробод туман Кенгашининг қўшма қарори қабул қилиниб, туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури ижросини парламент, депутатлар ва жамоатчилик томонидан назорат қилиш белгиланди. 

Нурилло Насриев, ЎзА
3 386