Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

12.06.2018 10:00 Чоп этиш версияси

Мироблик синоати – фаровонлик омили

Мироблик синоати – фаровонлик омили
Биз абадий ҳаёт инъом этувчи сеҳрли дамлама ёки инсонни тирилтирувчи ичимлик ҳақида эртакларда ўқиганмиз. Бу шарбат борлигига ишонгимиз келади. Аслида эса тириклик шарбатини ҳар куни истеъмол қилаётганимизни, баҳра олаётганимизни фаҳмламаймиз.

Инсон нафас олаётган ҳаво дарахтлар сабаб мусаффо. Бизни ўраб турган яшил дунё эса қуёшнинг заррин нури ва тиниқ сувнинг туташуви – фотосинтез жараёни натижасида вужудга келади. Кўз илғамас буғлар, ҳаводаги намлик – сув туфайли. Саҳройи Кабирдаги адоқсиз қум барханлари ҳам турғун. Япроққа илдиздан етиб бораётган сув боис инсоният тоза ҳаводан нафас олмоқда. Бошдан оёғимизгача барча ҳужайрамизни эгаллаган, тирикликни таъминлаб турган ҳам сув.

Бир фоиз сувга 7 миллиард одамнинг ризқи бор!

02.jpg

Қуёш системасида учинчи ўринда турувчи ер сайёрасининг ўндан етти қисмини эгаллаган сув инсон танасининг ўртача 80 фоизини ташкил этади. Бир кеча-кундузда инсон 4 литргача сув истеъмол қилади. Гидросферадаги турғун сув захираларининг фақат 2,5 фоизигина чучук сув бўлиб, шундан 1 фоизини истеъмол қилиш мумкин. Бу бир фоиз сувга бугун 7 миллиарддан кўп бўлган дунё аҳолисининг ризқи қўшилган.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида 29 май куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгиланган долзарб вазифалар эл ризқини таъминлаш, халқ фаровонлигини оширишдек улуғ мақсадни кўзлагани билан барчамизнинг масъулиятимизни янада оширди.

Маълумотларга кўра, юртимиз дарёлари бошланадиган ҳавзаларнинг қор қоплаган майдони 2017 йилга нисбатан сезиларли камайган. 

03.jpg

Кейинги 25 йилда бу каби табиий ҳолатлар тез-тез содир бўлмоқда. 2000 йилгача сув танқислиги ҳар 6-8 йилда бир марта кузатилган бўлса, охирги йилларда бу жараён ҳар 3-4 йилда такрорланмоқда. Жорий йил эса қишлоқ хўжалиги экинларини суғориш мавсумида сув миқдори меъёр бўйича 40 фоиз атрофида бўлиши кутилмоқда. Бу сув танқислиги эҳтимоли юқорилигидан далолат.

Йиғилишда шоли экиладиган майдонларни 162 минг гектардан 94 минг гектарга қисқартириш, сув таъминоти бир қадар яхши бўлган Сирдарё вилоятидаги 7,5 минг гектар ерни Хоразм вилояти фермерларига, Жиззах вилоятидаги 5,5 минг гектар ерни Қорақалпоғистон Республикаси фермерларига такрорий экин сифатида шоли экиш учун бериш зарурлиги қайд этилди.

04.jpg

Сув танқислиги кутилаётган Қорақалпоғистон Республикасида такрорий экин майдонларини 10 минг гектарга, Қашқадарё вилоятида 30 минг гектарга, Самарқанд вилоятида 42 минг гектарга, Бухоро вилоятида 20 минг гектарга, Навоий вилоятида 14 минг гектарга камайтирилиши маълум қилинди. Ушбу ҳудудларда сувни кам талаб этадиган мош, ловия ва бошқа экинлар экиш кераклигига эътибор қаратилди. 

Ўгитларга амал қилаяпмизми?

Сув нафақат истеъмол воситаси, балки даволовчи, покловчи неъмат эканлигини яхши биламиз. Шунинг учун ҳам ота-боболаримиз доим сувни увол қилишдан сақланган ва фарзандларига “сувга туфлама”, “сувга нарса ташлама” дея уқтириб келишади. Аммо бугун биз бу ўгитларга қанчалик амал қилаяпмиз?!

05.jpg

Бугунги суғориш тизими замон талаблари даражасига етмас экан, мушкулимиз ортаверади. Шу боис, ривожланган илм-фандан хабардор, топширилган ишнинг уддасидан чиқа оладиган мутахассисларга талаб кучаймоқда. Инновацион суғориш тармоғини жадал суръатларда ривожлантириш жоиз. Жаҳон андозаларига муносиб тарзда ишлаб чиқилган мавжуд суғориш механизмини пухта ўрганиб, тегишли чора-тадбирларни кўриш лозим. Анъанавий миробчилик мактаби сир-асрорини пухта ўзлаштирган ёш авлод вакилларини саралаб, уларга янгича босқичда иш юритиш учун имконият яратиб бериш зарур.

6953523.jpg

Мутахассислар фикрича, суғоришни навбатма-навбат ташкил этиш яхши самара беради. Натижада каналдаги сув исрофи 10-20 фоизга, дала ўқариқларидаги сув исрофи эса 30-35 фоизгача камайишига эришиш мумкин. Шунингдек, “шарбат” усулида суғориш, экин қаторлари орасига ўз вақтида ишлов бериш, сувни зовурга беҳуда ташлаб қўйиш, кўллатиб ва захлатиб суғоришга йўл қўймаслик ҳам яхши самара беради. Кейинги йилларда юртимизда сув тежовчи технологияларнинг бир қанча турлари қўлланилмоқда. Хусусан, 22,6 минг гектардан ортиқ майдонда томчилатиб суғориш, 118 минг гектар майдонда эгилувчан қувурлар ёрдамида суғориш, 28 минг гектардан ортиқ майдонда эгатларга плёнка тўшаб суғориш усули жорий этилиб, самарали фойдаланиб келинмоқда.

Ташналикдан тежамкорлик асрайди

Ер юзида сўнгги ярим аср мобайнида 500дан ортиқ халқаро можаролар ва 40дан ортиқ келишмовчиликлар келиб чиқишига сабаб бўлган сувнинг ҳаракати турлича. Яъни, дунё бўйлаб сув ресурсларининг тақсимланиши нотекисдир. Жаҳоннинг 40га яқин давлати қурғоқчил ҳудудларда жойлашган.

08.jpg
Улар четдан келадиган 50-60 фоиз сувга қарамдир. Сиз ва биз тоза ичимлик сувига машинамиз ёки уйимиздаги гиламларимизни юваётган бир пайтда Африканинг олис ҳудудларида ёхуд бепоён чўллар қўйнида макон тутган инсонлар лойқа сув ичмоқда, ташналик азоби билан курашмоқда.

Видеоселектор йиғилишида бу ҳақда атрофлича сўз юритилиб, мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилди. Суғоришнинг культивация билан уйғун олиб борилишида катта маъно бор. Ер тобга келганда ўтказилган ишлов бегона ўтларнинг пайи қирқилиши, намнинг узоқроқ сақланиши ҳамда тупроқ-ҳаво тизимининг яхшиланиши омили бўлади. Суғориш “шарбат” усулида амалга оширилса, у ғўзага озуқа бериш баробарида, “мульча” вазифасини ҳам ўтайди. Бу жараён маҳаллий ўғитнинг фойдасидан келиб чиқади. Барчага маълумки, маҳаллий ўғит сувнинг буғланишини камайтириб, тупроқ унумдорлигини оширади, намнинг узоқ сақланишини таъминлайди. Буларнинг барчаси бу йилги иқлим инжиқликларини юмшатишда муҳим омил бўлади.

Янгича ишлаш ва фикрлаш талаби

2030 йилга бориб сайёрамизнинг 47 фоиз аҳолиси ўртасида тоза ичимлик сувига эҳтиёж сезилиши хавфи бор.

rtr1fd9y.jpg

Шунинг учун сахий табиатдан ўрнак олиб, тириклик манбаи бўлган сувни тежаб ишлатмоқ, уни келажак авлодларга ҳам насиб кўрмоқ бизнинг бурчимиз.

Йиғилишда давлатимиз раҳбари томонидан июнь ойи “Ғўзада кафолатли ҳосил яратиш зарбдор ойлиги”, деб эълон қилинди. Бунда барча масъул соҳа олимлари, мутахассислар билан биргаликда депутатлар ҳам фаол иштирок этади.

Cув муаммоси ижтимоий характер касб этади. Муаммо кўлами жиҳатдан ғоят кенг ва долзарбдир. Инсон ҳаёт йўли чорраҳаларида сув масаласи билан боғлиқ хавотирлар ётади. Бехавотир яшамоқнинг ягона йўли – борини тежаб, миробликда тенгсиз бўлган аждодларимизга муносиб издош бўлмоқдир. 

Ғайрат Ширинов, ЎзА
6 558