ЎзА Ўзбек

04.09.2018 13:15 Чоп этиш версияси

Миразизбек – Осиё ўйинлари ғолиби

Миразизбек – Осиё ўйинлари ғолиби

Фарғоналик Миразизбек Мирзахалилов Индонезиянинг Жакарта ва Палембанг шаҳарларида ўтказилган XVIII Осиё ўйинларида бокс бўйича 56 килограмм вазн тоифасида барча рақибларни енгиб, олтин медални қўлга киритди.

photo5219953456440256800.jpg

Қува тумани Қайрағоч қишлоғида туғилиб ўсган Миразизбек болалигидан спортга меҳр қўйди. Бунинг боиси, оилавий муҳит, яъни Миразизбек спортчилар оиласида улғайди. Оиладаги беш ўғлоннинг барчаси болалигидан бокс билан шуғулланади.

Миразизбек мураббийларнинг ишончини оқлади. У дастлабки турнирлардаёқ муваффақият қозониб, вилоят ва мамлакат биринчиликлари ғолиби бўлди. Бир неча бор мамлакат чемпионлигига эришди. Оиланинг тўртинчи ўғли Миразизбек 6 йилдан буён бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси сифатида халқаро мусобақаларда қатнашиб келмоқда. Бугун ўғиллари қитъа миқёсидаги нуфузли мусобақада олтин медалга сазовор бўлгани отаси Мирзакарим ака ва онаси Шарофат опани беҳад қувонтирди.

– Фарзанди ютуғини кўриш, ундан фахрланиш барча ота-оналарга насиб этишини тилайман, – дейди Шарофат Юнусова. – Бугун жуда ҳам ҳаяжондаман. Таниш-билиш, маҳалла-кўй, қўни-қўшни ҳамма шу ерда, бизни қутлашмоқда. Аслида, бу бутун мамлакатимизнинг ютуғидир. Агар бугунгидек шароиту имкониятлар бўлмаса, ёшларимиз шундай натижаларга эришармиди? Ўғлимнинг Осиё ўйинлари ғолиби бўлганини Президентимиз раҳбарлигида спортга бўлган эътибор самараси, деб биламан.

Осиё ўйинларида ўзбек ёшларининг нималарга қодирлигини намоён этиб, юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилган чемпион йигит хонадони бугун янада гавжум. Маҳалла аҳли, кенг жамоатчилик вакиллари, ёшлар ўзларининг кўз ўнгида улғайган йигит шундай йирик мусобақада чемпион бўлгани билан уни қутламоқда.

– Болалигимдан Осиё ва жаҳон чемпионатлари, Олимпия ўйинларида ғолиб бўлишни орзу қилардим, – дейди Миразизбек Мирзахалилов. – Биринчи орзуим рўёбга чиқди. Энди жаҳон ареналари, Олимпиада мусобақаларида юртимиз байроғини баланд кўтариб, шоҳсупанинг энг баланд чўққисидан жой эгаллаш орзусидаман. Бу орзуимга ҳам етишимга ишонаман. Чунки, мамлакатимизда бунинг учун барча шароит ва имкониятлар яратилган.

Маъсуджон Сулаймонов, Муқимжон Қодиров (сурат), ЎзА
8 308