ЎзА Ўзбек

18.10.2019 Чоп этиш версияси

«Миллий тикланиш» мақолаларни буюртма эвазига ёздиряптими ёхуд айтганидан қайтаётган партиядан нима кутиш мумкин?

«Миллий тикланиш» мақолаларни буюртма эвазига ёздиряптими ёхуд айтганидан қайтаётган партиядан нима кутиш мумкин?


Жорий йил 20 сентябрь куни Марказий сайлов комиссияси томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига бўлиб ўтиши кутилаётган сайловлар 22 декабрь куни бўлиб ўтиши эълон қилинди. Мазкур тадбирда эътиборни тортган энг муҳим жиҳатлардан бири бу йилги сайловлар очиқлик, ошкоралик руҳида бўлиб ўтиши ҳамда бунга эришиш учун барча имкониятлар яратилганлиги ҳақидаги фикрлар бўлди.

Очиғи, менга сайловнинг бу тарзда ўтиши жуда кўтаринки кайфият бағишлади. Бизларга болалигимиздан курашнинг ҳар қандай ҳолатида фақатгина мардлик тамойили асосида курашиш лозимлиги ўргатилган. Аммо бугун айрим рақиб партиялар билан баҳсга киришганимда хусусан, ғирром услублардан фойдаланишлари одамни қадри ҳақида ўйлашга мажбур қилмоқда.

Бугун сайловолди тарғибот жараёнларида республикамиздаги бешта сиёсий партия 33 миллиондан ортиқ аҳолимизнинг келгуси беш йилдаги тақдири учун масъулликка даъвогарлик қилмоқда. Ачинарлиси, бундай даъвогарлар ичида ҳали ўзларининг бугунги йўлини белгилаб ололмаган сиёсий кучнинг ҳам борлигидир. Куни кеча “Миллий тикланиш” ДП сайтида “Сиёсий майдон: ким аслида ким?” сарлавҳаси остида мақола эълон қилинди. Ҳар доимгидек зийрак фуқароларимиз томонидан бу мақола пул эвазига ёзилганлиги ва асоссиз маълумотлар келтирилганлиги танқид остига олингач, партия сайтидан олиб ташланди. Бундай шармандали ҳолатдаги маълумотларни жойлаш ва эътирозлардан кейин уларни ўчириб ташлаш “Миллий тикланиш” ДП учун одатий ҳол. Партия ўз сайтида марказий сайлов штабини очганлиги ҳақидаги мақолага жойлаштирилган, ўзбек халқига хос бўлмаган кийимдаги қизлар расмини ўчириш билан ҳам бундай ҳолатлардан бирига йўл қўйган эди.

Яна бир ажабланарли жиҳати, бундай шошма-шошарлик билан “қовун тушириш” партия раҳбари ва депутатларига ҳам хос ҳолат экканлигидир. Бундан бир неча ой олдин партия депутати Кобул Дусов партия лидери Алишер Қодировнинг ўзи билан бўлган ёзишмаларини ўчириб ташлаганини таъкидлаганди. Шунингдек, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзМТДП фракцияси аъзоси Акмал Умрзоқов фейсбукдаги саҳифасида блогерлар ҳақида фикр билдириб, кейин ўз саҳифасидан ўчириб ташлагани бунга яна бир мисол. Хуллас, бундай ҳолатлар яна бир бор сайловчиларга “Миллий тикланиш” ДПнинг ўз сўзи, шиори ва бугунги кунда халқимиз кутаётган муносиб сайловолди дастури йўқлигини кўрсатмоқда. (Яхшиямки, дастурчилар интернет оламида техник шароитлар яратиб, ўчириш имкониятини берган экан, бу бир қарорга келолмайдиган, фикрини тез ўзгартирувчи ташкилотлар учун айни муддао бўляпти).

Биринчидан, сиёсий майдонда сиёсий партияларнинг аслида қандай ўринга эга эканлигини билмасдан, кўнгил розилигини оладиган даражадаги маблағни рад этолмай мақола ёзиб бериш ҳолати ижтимоий тармоқларда салбий фикр уйғотмоқда. Тадқиқотчи Фарзона Ҳамидуллаева мақоласи бошида партияларнинг иссиқ ўрни ҳақида фикр билдирган. Шу ўринда менда ва ижтимоий тармоқнинг бошқа фойдаланувчиларида бир савол туғилмоқда. Тадқиқотчи номига доғ тушириб саёз таҳлилни бўрттириб ёритиб бериш учун таклиф қилинган қанча нарх тадқиқотчини ўз иссиқ ўрнидан қўзғатган экан? Тадқиқотчи мақоласида “Буни англаш учун бир сидра ижтимоий тармоққа назар ташлашнинг ўзи кифоя” дея фикр билдирган. Бугун барча ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларига маълумки, сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқда “Миллий тикланиш” ДП ҳақида ижобий эмас, ўз номига ва халқимизга хос бўлмаган фаолияти танқидий фикрлар билан ифодаланмоқда.

Иккинчидан, Ф.Ҳамидуллаева бугунги кунда сиёсий жараёндаги партиялар фаолиятини кўр-кўрона тарзда “кир ювиш” машинасига ўхшатишини қандай изоҳлаш мумкин? Тадқиқотчи Россия медиа маконида таниқли телебошловчи Андрей Малаховнинг “Пусть говорят” кўрсатуви кир ювиш машинасига қиёсланганини таъкидлаб, мамлакатимиздаги “айрим партиялар эса “кир ювиш” билан овора бўлаётганларини кўриш мумкин”, деб ёзади.

Эҳтимол тадқиқотчимизнинг ўзи “кир ювиш” билан овора бўлиб, бугун айнан “Адолат” СДП томонидан ёш олимларни ва тадқиқотчиларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш борасида амалга ошираётган ишлари, давлат дастурига таклифлар киритиш орқали маълум бир натижаларга эришаётганлигидан бехабар қолгандир.

Учинчидан, агар Фарзона Ҳамидуллаева чиндан тадқиқотчи деган номнинг қадрини билганида фақатгина қўлига тутқазилган “Миллий тикланиш” ДП сайловолди дастурини эмас, қолган сиёсий партияларнинг ҳам сайловолди дастури билан танишган ва барча партиялар дастурининг ташқи фаолият йўналишида миллий манфаатлар энг устувор масала эканлигини, бугун “Миллий тикланиш” ДП халқимизнинг маълум бир қатлами манфаати билан чекланиб қолган пуч сайловолди дастурини тўлдириш учун қолган партияларнинг сайловолди дастурида йиллар давомида кўтарилиб келиниб, маълум бир натижалар амалга оширилган соҳанинг қонунчилик базаси яратилган йўналишлардаги ғояларни ўз дастурига киритганлигини англаган бўлар эди. Жумладан, бугун партия лидери Алишер Қодиров томонидан айтилаётган умумий ўрта таълим, мактабгача таълим тизими ҳақидаги гаплар “Адолат” СДП томонидан бир неча чақириқлардан бери кўтариб келинади. “Адолат” СДП бугун бу йўналишларда бир қатор амалий ишларни олиб бориб, тизимдаги муаммолар ечими юзасидан ҳам ўз таклифларини ишлаб чиққан. Бунга умумий ўрта таълим мактабларида ўқувчилар сони меъёрида бўлишини таъминлаш, ягона мактаб формасини жорий қилиш, мактаб ва мактабгача таълим муассасаларини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, болажонларнинг саломатлигини доимий назорат қилиш учун таълим-тарбия масканларида тиббиёт хоналари ва тиббиёт ходимларининг фаолиятини тўлақонли йўлга қўйиш, МТМ тарбияланувчиларининг ўз вақтида белгиланган меъёрлар асосида овқатланишини назорат қилиш, бу тизимни мактабларда ҳам жорий этиш ташаббусини билдирмоқда. Бугун бу каби ташаббусларнинг айримлари амалиётда ўз исботини топишга ҳам улгурди.

Муаллиф мақоласидаги яна бир кулгили ҳолат — бугун ижтимоий тармоқларда холис фикр билдираётган блогерларнинг “ўгай” дея қораланиши. Бундай аламли ташланиш ҳолати “Миллий тикланиш” ДП ходимлари учун одатий ҳол. Нега энди маълум бир сумма эвазига қалам тебратаётган тадқиқотчи Фарзона Ҳамидуллаева блогер Bayonoff.uz каби ишлашни истамаган холис блогерларга бундай баҳо берилмоқда?

Бешинчидан, муаллиф “айрим блогерларнинг “Миллий тикланиш” байроғини кўтариб, суратга тушган қизларни чуқур ўйламасдан муҳокама қилаётганларини тушуниш қийин”лигини қайд этади. Ажабо, рўпарасига келган, халқимизга хос бўлмаган кийимдаги қизларнинг қўлига байроқларини тутқазгани ва буни кўз-кўз қилиб ўз расмий сайти ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларига жойлагани учун ўша тадбирга йиғилган партия раҳбарияти хижолат тортмасдан, шу юрт тақдирига бефарқ бўлмаган блогерлар бу иши учун уялиши лозимми? Яна бир кулгили жиҳати, бу блогерлар “Адолат” СДП буюртмасини бажараяпти, дея қилинган иддао. Менингча, “Миллий тикланиш” ДП ва унинг бир қатор ҳимоячилари ҳамон уйқуда. Сўнгги йилларда жамиятимиздаги очиқлик ҳамда шаффофликни таъминлашда ўзларининг холис ва ҳаққоний фаолиятлари орқали муносиб ҳисса қўшиб келаётган ОАВ ходимлари ва блогерлар фаолияти билан ҳамон яқиндан танишиб улгуришмаган кўринади.

Олтинчидан, Алишер Қодировнинг митинглардаги чиқишини “байроқ” қилгани ҳам тўлақонли мисоллар билан асослантирилмагани учун бир-икки мисолларни айтиб ўтишни жоиз топдик. Кўпчиликка маълум, Алишер Қодиров митингларда партия 20 йилдан бери кўтариб келаётган, аммо амалда ҳеч бир натижага эришилмаган ўзбек тилининг бузилиш ҳолатлари, болалар тарбияси ҳамда бошқа партияларнинг халқимиз орасида муносиб ишонч қозонган ғояларини таъкидламоқда. Аммо бугун халқимизга, Жалолиддин Румий таъбири билан айтганда, “маслаҳат берадиган эмас, ўрнак бўладиган” партия керак. “Миллий тикланиш” ДП эса бугун ҳудудларда тарғибот тадбирларини ўтказиб бўлгач, тадбирда фойдаланилган тарғибот материалларини аҳолининг табини хира қиладиган ҳолатда қолдириб кетиш билан “ўрнак” бўлаяптими? Жумладан, 13 сентябрь куни Тошкент шаҳрининг “Сайлгоҳ” кўчасида ўтказилган тадбирдан кейин қолдириб кетилган партия тарғибот баннерлари. Барчамизга маълумки, Тошкент шаҳрига ташриф буюрувчи хорижлик меҳмонларнинг асосий манзилларидан бири — бу “Сайлгоҳ” кўчаси. Бундай ҳолат шаҳримиз меҳмонларида салбий таассурот уйғонишига олиб келмоқда. Бу эса туризмни ривожлантириш “Миллий тикланиш”нинг вазифаси демасдан, халқимиз фаровонлигини ўйлаб жон куйдираётган, юртимизга ташриф буюраётган сайёҳлар оқимини ошириш учун ҳаракат қилаётган партиялар ҳамда “Миллий тикланиш” учун “ўгай” бўлган блогерларнинг табини хира қилмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, тадқиқотчиликка даъвоим бўлмаса ҳам сўнгги вақтдаги кузатишларим ва таҳлилларим шуни кўрсатаяптики, “Миллий тикланиш”нинг анъанасини давом эттириб, мазкур партия жамиятда устувор ғоялар орқали курашаётган яна қайсидир бир партияга қўшилган тақдирда ҳам бу “Миллий тикланиш” ДП фаолияти учун ижобий натижа бермайди чоғи. Чунки партиянинг пойдеворида ўз вақтида учта мақсад ва ғояларни илгари сурган партия ғоялари умумлашган. Шунингдек, бугунги кунда “Миллий тикланиш” ДП бошқарув органидаги аксарият ходимлар йиллар давомида бошқа бир партия ғоялари остида фаолият олиб бориб тажриба орттирган раҳбар ходимлардан иборат. Бу ҳолат ҳам ўзининг салбий таъсирини кўрсатмасдан қолмайди.

Фаррух АБДУҲАМИДОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Матбуот хизмати масъул ходими


3 928
ЎзА