Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

21.09.2017 20:21 Чоп этиш версияси

Миллий матбуот марказида брифинг бўлиб ўтди

Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш маркази билан ҳамкорликда брифинг ташкил этилди.

Унда 2017 йил 5 июль куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги раҳбариятининг хориждаги ватандошларимиз билан тўғридан-тўғри мулоқоти чоғида билдирилган таклиф-мулоҳазаларни ўрганиш асосида олиб борилаётган ишлар, долзарб масалалар ва уларнинг ечими бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида сўз борди.

Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирининг ўринбосари А.Хўжаев, Ички ишлар вазирлиги Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари У.Тошхўжаев ва Давлат персоналлаштириш маркази директори Н.Тўрахўжаев Президентимизнинг 2017 йил 12 сентябрдаги фармойиши асосида ташкил этилган Идоралараро ишчи гуруҳининг мақсад-вазифалари, фуқароларнинг консуллик-ҳуқуқий масалалари бўйича мурожаатларини ўрганиш, уларнинг қонун билан мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва тиклаш борасида амалга оширилаётган ишлар, фуқароликдан чиқишга оид масалалар ҳақида батафсил маълумот берди.

Жорий йил 5 июль куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги раҳбариятининг ватандошларимиз билан тўғридан-тўғри мулоқоти чоғида фуқаролардан 200 дан ортиқ мурожаат келиб тушган, 39 нафар фуқаро мулоқот чоғида саволларига бевосита жавоб олган. Ўтган қисқа вақт мобайнида Ташқи ишлар вазирлиги томонидан 116 та мурожаат тегишли тартибда кўриб чиқилиб, Ўзбекистон Республикасининг хориждаги ваколатхоналарига жўнатилди, 53 ариза эса кўриб чиқиш учун Ички ишлар вазирлиги, Бош прокуратура, Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлигига юборилди.

Анжуманда фуқароликни расмийлаштириш, консуллик хизматлари фаолиятини кенгайтириш, интерактив хизмат кўрсатишни такомиллаштириш борасида ҳамкорликдаги ишлар кўлами тобора кенгайиб бораётгани таъкидланди. Ташқи ишлар вазирлиги ва хориждаги ваколатхоналарда хизмат кўрсатишнинг интерфаол усуллари қўлланмоқда. Бугунги кунда фуқароларга “Интерактив консуллик хизматлари” портали орқали 12 турдаги консуллик хизмати кўрсатилмоқда.

Иш, ўқиш ёхуд бошқа зарурат сабаб фаолиятини хорижда амалга ошираётган фуқароларимиз учун Президентимизнинг жорий йил 16 августдаги “Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хорижга чиқиш тартибини такомиллаштиришга доир муҳим чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони катта имкониятлар ва имтиёзлар эшигини очди. Мазкур ҳужжатга кўра, хорижга чиқиш учун талаб этиладиган стикер бекор қилиниб, 2019 йилнинг 1 январидан хорижга чиқиш учун биометрик паспорт амалиётга киритилади.

Тадбир қатнашчилари ўзларининг қизиқтирган барча саволларга жавоб олди.

Улуғбек Шоназаров, ЎзА
1 659






Все о погоде - Pogoda.uz