ЎзА Ўзбек

07.02.2018 16:00 Чоп этиш версияси

Миллий хавфсизлигимиз кафолати

Парламент қуйи палатасининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси томонидан «Ўзбекистон Республикаси Мудофаа доктринаси – мамлакатнинг ҳарбий соҳада миллий хавфсизлигини таъминлашга оид ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш пойдевори» мавзуида давра суҳбати ўтказилди.

2018 йил январь ойида ташқи сиёсатимизнинг мослашувчанлик ва очиқлик принциплари, энг асосийси, қўшни давлатлар билан дўстона ва амалий муносабатларни ривожлантириш, мамлакатимиз суверенитети ва мустақиллигини мустаҳкамлашнинг устувор бўлган тамойилларига таянган ҳолда Мудофаа доктринаси сифат жиҳатидан янгиланди.

Ушбу доктринанинг маъно-мазмуни биринчи маротаба очиқлик хусусиятига эга бўлди. Бу эса Ўзбекистоннинг мудофаа соҳасидаги сиёсати бўйича принципиал ёндашувлар, уларни қўллаш асослари, Қуролли Кучлар олдида турган вазифалар, шунингдек, миллий армиямиз қурилиши ва ривожланишини давом эттириш бўйича истиқболли йўналишларни белгилаб берди.

Янгиланган Мудофаа доктринасининг қабул қилиниши мазкур қўмита, Мудофаа вазирлиги ва бошқа тегишли тузилмаларга қатор вазифаларни юклайди, жумладан, ҳарбий хизматчилар, жамоатчилик ва чет эллик ҳамкорлар ўртасида мудофаа сиёсатининг асосий принципларини тушунтириш бўйича кенг кўламли ишларни ташкил этиш белгиланган. Шунингдек, малакатимизнинг ҳарбий хавфсизлик соҳасидаги очиқ сиёсати негизида хавфсизлик ва мудофаа соҳасида бошқа хорижий мамлакатлар билан амалий муносабатлар ривожлантирилади.

Амалдаги қонунчиликка Мудофаа доктринаси асосида тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилади. Мудофаа доктринаси асосида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларини стратегик қўллаш бўйича тегишли ҳужжатларни қайта ишлаб чиқилишини таъминлашни талаб этади.

Тадбирда янги таҳрирдаги Мудофаа доктринасидан келиб чиқадиган шу каби қатор долзарб вазифалар тўғрисида маълумот берилди. Хусусан, мудофаа тизимининг ташкилий тузилмаси, унинг ҳарбий-жанговар ҳолати, аскар ва офицерларнинг маънавий ва руҳий тайёргарлик даражасини янада юксалтириш бўйича аниқ таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.

Минтақада вужудга келаётган ҳарбий-сиёсий ҳолатни ҳисобга олган ҳолда, Қуролли Кучлар бирлашмаларининг вазифа ва тузилмалари қайта кўриб чиқилиши, Миллий гвардиянинг ташкил этилиши, Мудофаа саноати бўйича давлат қўмитаси тузилиши, тизимни замонавий ҳарбий техника билан таъминлаш бўйича белгиланган комплекс чора-тадбирлар, шунингдек, ҳарбий кадрлар тайёрлаш соҳасидаги тизимли ўзгаришларнинг дастлабки натижалари эътироф этилди.

Миллий армиямиз салоҳиятини ҳар томонлама мустаҳкамлашда бошланган ишларни давом эттириш, ҳуқуқий асосларни янада такомиллаштириш мамлакатимизнинг хавфсизлиги ва барқарорлигини таъминлашнинг энг муҳим шарти ва кафолатидир.

Шундан келиб чиқиб, янгиланган Ўзбекистон Республикаси Мудофаа доктринасини рўёбга чиқариш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқишда ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш бўйича мунтазам равишда фикрлар алмашиш майдони яратишга келишиб олинди.

Нурилло Насриев, ЎзА
13 976