ЎзА Ўзбек

31.12.2018 10:41 Чоп этиш версияси

Миллий гвардиячилар беморлар ҳолидан хабар олди

Миллий гвардиячилар беморлар ҳолидан хабар олди

Ўзбекистон Миллий гвардияси Сурхондарё вилояти бўлинмаси Термиз шаҳридаги шифохоналарда даволанаётган кекса авлод вакиллари, ижтимоий ҳимояга муҳтож беморлар ҳамда эҳтиёжманд оилалар фарзандлари холидан хабар олиб, уларни Янги йил байрами билан табриклади.

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 27 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан эълон қилинган Ватанпарварлик ойлиги доирасида ўтказилган тадбир иштирокчилари меҳнат фахрийлари ва эҳтиёжманд беморларга дори-дармон улашди. Янги йил совғаларини олган бемор болажонлар қалби олам-олам қувончга тўлди.

12.jpg

Вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази кейинги йилларда тубдан янгиланиб, замонавий қиёфада бўй кўрсатди. Янги бўлимлар барпо этилиб, моддий-техника базаси мустаҳкамланди. Ўтаётган йилда марказда 40 ўринли урология ва ўн беморга мўлжалланган гемодиализ бўлимлари ишга туширилгани ҳам бунга яққол далилдир. 

Бинода буйрак хасталикларини самарали даволаш ва жарроҳлик амалиётларини бажариш учун барча замонавий қулайлик яратилган. Ўнта гемодиализ, ТУР, литотроптил, рентген, УЗИ каби аппаратлар билан жиҳозланди. Яратилган бу қулайликлар воҳада буйрак касалликларига чалинган беморларнинг даволаниши учун узоқ йўл босиб, пойтахтга боришига чек қўйди.

Осойишталигимиз посбонлари мазкур бўлимда бўлиб, бу ерда даволанаётган беморлардан хол-аҳвол сўради. Уларни байрам билан муборакбод этиб, эҳтиёжманд касалларга зарур дори-дармонларни етказиб берди. Тезроқ шифо топиб кетишига эзгу тилаклар билдирди.

– Байрамлар арафасида эҳтиёжманд оилалар, беморлар ва ёши улуғ инсонлар ҳолидан хабар олиб, уларни қўллаб-қувватлаш халқимизга хос юксак фазилат, – дейди вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази бош шифокори ўринбосари Турдиали Абдураҳмонов. – Бундай эзгу ишлар беморларнинг тезроқ оёққа туриб кетишига далда бўлади. Мана, ҳарбийларнинг Янги йил олдидан шифохонамизга келгани ҳам кекса авлод вакиллари ва эҳтиёжманд беморларнинг руҳини кўтарди. Уларга ўзгача қувонч бағишлади. Буларнинг барчаси юртимиздаги тинчлик, тўкинлик ва аҳилликнинг амалдаги ифодасидир.

Жарқўрғон туманидаги Ўрикзор маҳалласида яшайдиган Ҳилола Мамадиева бир фарзанднинг онаси. У ўткир буйрак етишмовчилиги касаллигидан азият чекмоқда. Турмуш ўртоғи ҳам, ўзи ҳам вақтинча ишламайди. Томорқада зироат етиштириб, оиласини тебратади.

– Совуқ кунлар бошланиши билан оғриқ кучаяди, – дейди Ҳ.Мамадиева. – Шу пайтда тегишли муолажани олишим керак. Лекин, баъзан даволаниш учун қўлимиз калталик қилиб қолади. Байрам арафасида мендан ҳарбий акаларимизнинг, осуда ҳаётимиз посбонларининг ҳол-аҳвол сўраб келганидан бошим осмонга етгудек бўлди. Зарур дори-дармонларни олиб беришди. Ўзимни тетик ҳис эта бошладим. Бундан жуда миннатдорман. Оиламни, беш яшар қизимни соғинган эдим. Энди тезда оёққа туриб, уйга қайтаман.

Янги йил болажонларга қувонч улашадиган севимли байрам. Шу куни Миллий гвардия ходимларининг кутилмаганда Сурхондарё вилоятИ болалар кўп тармоқли тиббиёт марказига келгани бу ерда даволанаётган ўғил-қизлар учун ўзгача кайфият улашди. Ҳарбийлар қўлидан совға-саломни олган бемор болалар юзида беғубор табассум пайдо бўлди. Ўзларини гўёки соғайиб кетгандек ҳис этди. Бундай меҳру саховатдан шифокорлар ҳам, бемор болаларнинг оналари ҳам хурсанд бўлди.

– Қизим Фарангизни туғма юрак нуқсони касали билан олиб келганмиз, – дейди Шеробод туманидаги Хўжақия маҳалласида яшовчи Махзуна Тошиева. – Шифокорлар меҳр билан қарамоқда. Қўллари дард кўрмасин. Барча дори-дармон етарли. Ҳозир анча соғайиб қолди. Насибаси бутун экан, кутилмаганда ҳарбий акалари бир қучоқ совға туҳфа қилди. Фарангизнинг бу меҳрдан суюнаётганини кўриб, мен ҳам шундай осуда, тўкин юртда яшаётганимиздан қувониб кетдим. Ватанимиз ҳамиша тинч, обод бўлсин. Фарзандларимиз ҳам мана шундай юксак қадриятларимиз билан бир умр фахрланиб юрсин.

Янги йил совғаларини олган ўғил-қизларнинг Она Ватан, саховатли Қорбобо, тинчлик ва фаровон ҳаётни мадҳ этувчи шеърлари тадбир иштирокчиларига бир олам қувонч, ўзгача руҳ бағишлади.

Холмўмин Маматрайимов, Жонибек Қўзимуродов (сурат), ЎзА
3 641