Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

17.03.2017 17:10 Чоп этиш версияси

Миллий қадриятларимиз кўзгуси

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2017 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорида байрамнинг тарихи, уни нишонлаш билан боғлиқ урф-одат, анъана ва қадриятларимизнинг моҳияти, аҳамиятини кенг ёритиш, Наврўзнинг руҳи ва фалсафасида ўз аксини топган меҳр-мурувват, аҳиллик ва тотувлик, ёши улуғ инсонлар, табаррук отахон ва онахонларни ҳар томонлама эъзозлаш, кўмакка муҳтож кишиларга беғараз ёрдам бериш билан боғлиқ тадбирлар ўтказиш ва хайрия ишларини амалга ошириш лозимлиги қайд этилган.

Шу муносабат билан мамлакатимизнинг барча таълим муассасаларида, идора ва ташкилотларда байрам тадбирлари ташкил этилмоқда.

“Ўзтемирйўлйўловчи” очиқ акциядорлик жамиятида ҳам Республика Маънавият тарғибот маркази томонидан санъаткорлар, кенг жамоатчилик вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирокида “Наврўз – миллий қадриятларимиз кўзгуси” мавзуида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.

Яратувчилик, яшариш, янгиланиш сингари эзгу ва ҳаётбахш ғояларни ўзида мужассамлаштирган Наврўз жуда қадимий ва барҳаёт қадрият саналади. Асрлар давомида халқимиз дилига яхшилик, эзгулик, меҳр-мурувват ғояларини сингдириб келаётган бу фусункор байрам руҳий покланиш тантанаси ҳамдир.

Мазкур айёмнинг халқимиз, айниқса, ёш авлодни миллий анъаналаримизга садоқат ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида камол топтиришдаги ўрни ва роли тобора ортиб бораётир.

– Наврўзи олам ўлкамизга қадам қўйиши билан ҳар биримиз ён-атрофимиздаги мавжудотнинг уйғониши, куртаклар ва гул-чечаклар очилиши, еру кўк бағрида юз бераётган ўзгаришлардан, баҳор нафасидан баҳраманд бўламиз, она табиатнинг бир қисми эканимизни чуқур ҳис қиламиз, – дейди Республика Маънавият тарғибот маркази бош мутахассиси Суннатилла Сабоҳиддинов. – Айни шу паллада табиат билан уйғун ва муштарак бўлиб, бу осуда ҳаётнинг ҳар бир дақиқасини қадрлаймиз. Бундай ажойиб лаҳзаларда миллати, тили, динидан қатъи назар, юртимизда яшаётган ҳар қайси инсон, ҳар қайси оила шоду хуррамликда баҳорга, кўкламга пешвоз чиқади.

Моҳигул Қосимова, ЎзА
2 223






Все о погоде - Pogoda.uz