ЎзА Ўзбек

14.09.2018 22:00 Чоп этиш версияси

Миллатлараро ҳамжиҳатликка чорловчи фестиваль

Миллатлараро ҳамжиҳатликка чорловчи фестиваль Пойтахтимиздаги “Lotto сity Hotell Tashkent Palace” меҳмонхонасида “Тасанно – 2018” халқаро миллий таомлар фестивали ташкил этилди.

Унда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси, Маданият вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси, Бадиий академия, дипломатик корпус вакиллари, мамлакатимизга ташриф буюрган меҳмонлар, кенг жамоатчилик иштирок этди.

7 (2).JPG

“Тасанно – 2018” халқаро миллий таомлар фестивали мамлакатимизда аккредитация қилинган қатор дипломатик ваколатхоналар, халқаро ташкилотлар, шунингдек, шаҳримизнинг етакчи ресторанлари ва маданият марказлари ходимлари кўмагида ўтказилмоқда.

Хорижий мамлакатлар билан маданий-маърифий ҳамкорликни ривожлантириш, турли халқлар тарихи, урф-одат ва анъаналари, санъати ва маданияти билан яқиндан танишиш, дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилган фестивалда Германия, Бангладеш, Фаластин, Украина, ХХР, Россия, Латвия, Озарбайжон, Ҳиндистон, Жанубий Корея, Туркманистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Вьетнам каби давлат вакиллари ҳамда мамлакатимизнинг машҳур ошпаз ва ҳунармандлари қатнашди.

13 (1).JPG

– Ўзбек халқининг меҳмондўст, бағрикенг, саховатли халқ эканлигини биламиз ва буни қадрлаймиз, – дейди қозоғистонлик иштирокчи Батир Гулсим. – Шу сабаб юртингизда бўладиган халқаро фестивалларда доимий иштирок этишга ҳаракат қиламиз. Ушбу фестивалда бизда севиб истеъмол қилинадиган миллий таомларимиз ҳамда ҳунармандчилик маҳсулотларимиз билан қатнашяпмиз. 

15 (1).JPG

Бу фестивалда таомлар кўргазмасидан ташқари китоб, ҳунармандчилик, заргарлик ҳамда яна кўплаб санъат намуналари ҳам намойиш этилди. Хусусан, қўғирчоқ устаси Ўринбой Ибрагимов 15 дан ортиқ турдаги миллий урф-одатларимизга хос бўлган қўғирчоқлар билан қатнашди.

– Йигирма беш йилдирки миллий қўғирчоқларимизни ясаш билан шуғулланаман, – дейди Ў.Ибрагимов. – Бу қўғирчоқлар ўзининг сифати, экологик тоза ва миллий менталитетимизга мослиги билан алоҳида аҳамиятга эга. Шу сабаб маҳсулотларимизга нафақат ўзимизнинг маҳаллий аҳоли, юртимизга ташриф буюраётган меҳмонларда ҳам қизиқиш ортмоқда.

18 (1).JPG

Кўп йиллардан буён миллатлараро муносабат, ҳамжиҳатлик, аҳиллик ва бағрикенглик ғояларини мустаҳкамлашга ҳисса қўшиб келаётган фестиваль кўтаринки кайфиятда ўтди. Турли миллат вакиллари ижросидаги рақс ва куй-қўшиқлар йиғилганларга хушкайфият бағишлади.

35.JPG

Гулноза Бобоева, Аъло Абдуллаев (сурат) ЎзА
2 827