Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

09.08.2017 15:07 Чоп этиш версияси

Миграция ва фуқаролик: қандай қулайликлар яратилмоқда?

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 11 июлдаги "Ички ишлар органларининг миграция жараёнлари ва фуқароликни расмийлаштириш соҳасидаги фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори соҳада сифат жиҳатидан янги тартибни ўрнатишга қаратилган.

Пойтахтимизда мазкур қарор моҳияти ва ижроси билан боғлиқ масалаларга бағишланган семинар ташкил этилди. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси томонидан ташкил этилган тадбирда соҳада фаолият юритаётган масъул ходимлар иштирок этди.

Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари У.Тошхўжаев миграция ва фуқароликни расмийлаштириш республика, ўрта ва қуйи бўлинмалари фаолиятини ташкил этишнинг сифат жиҳатидан янги тартиби ўрнатилаётганини қайд этди. Бунда уларнинг асосий вазифалари ва функциялари аниқ белгиланиши ва тақсимланиши, раҳбарлар ва ходимларнинг зиммасига юкланган мажбуриятларни мукаммал даражада бажариши учун шахсий жавобгарлиги кучайтирилди.

Аҳолини паспортлаштириш, Ўзбекистон Республикасидан чиқиш, унга кириш ва унда бўлиш, фуқароликни қабул қилиш, йўқотиш ва фуқароликдан чиқиш, сиёсий бошпана бериш жараёнларини таҳлил қилиш, баҳолаш ва прогноз қилишнинг таъсирчан, соҳа фаолиятини самарали режалаштириш ва ташкил этишни таъминловчи механизмлари жорий этилаётир.

Паспорт тизими қоидаларини бузиш, ноқонуний миграция фактларига имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни комплекс ўрганиш асосида уларнинг олдини олиш, аниқлаш ва уларга барҳам бериш тизими такомиллаштирилмоқда. Паспорт тизими қоидаларига риоя этилишини таъминлаш, миграция жараёнлари ва фуқароликни расмийлаштириш, мазкур соҳада ҳамкорлик тўғрисидаги халқаро келишувларни амалга ошириш масалаларида вазирлик ва идоралар билан узвий ҳамкорлик йўлга қўйилаётир.

Давлат хизматларини кўрсатишнинг очиқлигини таъминлаш ва тартиб-таомилларини соддалаштиришга қаратилган замонавий ахборот-коммуникация технологияларини ўз фаолиятида кенг қўллаш, миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмалари моддий-техник базаси мустаҳкамланмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмалари фаолиятига давлат хизматларини кўрсатишнинг ҳамда паспорт тизими масалалари бўйича фуқаролар қабулини тартибга солишнинг бевосита алоқа қилинмайдиган мулоқот шаклини таъминловчи электрон тизими жорий қилинади. Давлат хизматлари, жумладан, биометрик ҳужжатларни бериш, хорижга чиқиш учун ҳужжатларни кўриб чиқиш ва расмийлаштириш, доимий ва вақтинчалик прописка олиш, турган жойи бўйича ҳисобга олиш, шунингдек, манзил-маълумот ахборотларини тақдим этиш бўйича хизматлар кўрсатишнинг соддалаштирилган тартиб-таомилларини таъминловчи электрон тизим ишлаб чиқилади ва 2018 йил 1 майдан эътиборан амалга киритилади.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси таркибида умумий белгиланган штатлар сони доирасида Электрон ахборот тизимлари бошқармаси ташкил этилди.

Семинарда миграция ва фуқароликни расмийлаштириш соҳасида жойларда фаолият юритаётган ходимларга қарор талабларидан келиб чиқадиган вазифалар, унинг ижросини самарали таъминлашга оид кўрсатмалар берилди.

Норгул Абдураимова, ЎзА
3 359






Все о погоде - Pogoda.uz