Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

08.02.2018 09:46 Чоп этиш версияси

Металлфуруш қўлга олинди

Мамлакатимизнинг амалдаги қонунчилик ҳужжатларига кўра, рангли металл парчалари ва чиқиндиларининг экспорти Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки ҳукуматининг қарори асосида амалга оширилади.

Бироқ, таркибида рангли металлар бўлган механизм ва агрегатларни, рангли металл парчаларини яширинча тайёрлаш ва уни талон-тарож қилиш, мамлакат ташқарисига ноқонуний олиб чиқиб кетиш ҳолатлари ҳамон учрамоқда.

Навоий вилояти божхона бошқармаси контрабандага қарши курашиш бўлими ходимлари бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан ҳамкорликда ўтказган тадбирда вилоятнинг қўшни Қозоғистон Республикаси билан чегарадош Учқудуқ тумани ҳудудида “Учқудуқ-Узунқудуқ” йўналишида ҳаркатланаётган иккита “Камаз” русумли автотранспорт воситаси тўхтатилиб кўздан кечирилганда, биринчи автомашина юкхонасида оғирлиги 6 минг 270, иккинчисида 8 минг 580 килограмм қора рангли металлсимон қувурлар борлиги аниқланди.

Олиб борилган суриштирув давомида ушбу металлар фуқаро Ж.Ш.га тегишли экани маълум бўлди. Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 2-қисми “б” ва “в” бандлари билан жиноят иши қўзғатилди.

Таъкидлаш жоизки, 2017 йилда Навоий вилояти божхона ходимлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда аниқланган 12 қонунбузарлик ҳолатида қиймати 47 миллион сўмлик 22 тоннага яқин қора ва рангли металл парчалари ва чиқиндилари ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйилган.

Нуриддин Раҳимов, ЎзА
15 242